ЎзА Ўзбек

08.09.2018 19:03 Чоп этиш версияси

Кўкаламзорлаштириш бўйича Туркиядаги тажриба алмашув

Кўкаламзорлаштириш бўйича Туркиядаги тажриба алмашув Яқинда Ўзбекистонлик бир гуруҳ кўкаламзорлаштириш бўйича мутахассислар Туркия Республикасида бўлиб, соҳа бўйича ушбу мамлакатда йўлга қўйилган тажриба билан бевосита танишди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бу ҳақдаги келишув, яъни Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси таркибидаги “Ўзйўлкўкаламзорлаштириш“ унитар корхонаси ва Туркиянинг “Арифийе Фиданчилик“ компанияси ўртасидаги англашув меморандуми – Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг жорий йил май ойида Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи доирасида имзоланган эди. Мазкур ҳужжат икки томонлама амалий ҳамкорликнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилди. 

5b939735d498a.jpeg

Маълумот ўрнида: бош идораси Туркиянинг шимолий-ғарбий қисмидаги Сакаря вилоятида жойлашган “Арифийе Фиданчилик“ компанияси 1989 йилда ташкил топган бўлиб, бугунги кунда 2,7 миллион квадрат метр майдонга манзарали дарахт ва кўчатлар экиш билан шуғулланади. Йилига жаҳоннинг 20 га яқин давлатларига ўзининг 2 миллион туп кўчатларини экспорт қилади.

Ўзбекистонлик мутахассислар Туркиянинг Сакаря вилоятидаги сафар давомида у ердаги ҳамкасблари билан кўкаламзорлаштириш, йўл бўйларига декоратив ва манзарали кўчатлар ўтқазиш ва уларни етиштириш борасида тажриба алмашди. Шунингдек, экинларни суғориш тизими ва шароитлари, кўчатларга ишлов ва шакл бериш, ўсимликларни парвариш қилишда амалиётда қўлланадиган техникалар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.

Автомобиль йўллари давлат қўмитаси
матбуот хизмати

6 084