ЎзА Ўзбек

12.07.2018 16:37 Чоп этиш версияси

Кўк булоқ ёрдамга муҳтож!

Кўк булоқ ёрдамга муҳтож!
Ўзбекистон мўъжизалар ўлкаси. Ҳар қадамда бирор бир зиёратгоҳ, шифобахш булоқ, тарихий масканларга дуч келасиз.

Тошкент вилоятидаги “Кўк булоқ ота” зиёратгоҳи ҳам мўъжиза туфайли пайдо бўлган булоқлардан бири десак, янгилишмаймиз.

Йўл четида далаларга туташиб кетган бу макон аслида у қадар ҳам кўзга ташланмайди. Бироқ, уни биладиганлар ва фойдасини сезганлар сони ҳам кўп экан. Йўқса, булоқ атрофидаги кафтдек супа ва каровотлар оилавий келганлар билан лиқ тўла бўлмасди. Ачинарлиси, бу ерга келувчилар учун сув бўйидаги дарахтлар соясида қурилган супалар ва ўчоқлардан бошқа ҳеч қандай шароит йўқ. Ҳа-я, ўтган йилнинг кузида қурилиши бошланган икки хонали бинони ҳисобга олмаганда.

– Ҳар йили бир неча марта бу булоқа оиламиз билан келамиз, – дейди Шокир Абдуллаев. – Атроф қанча иссиқ бўлса ҳам, сув муздек. Бу ерда кечаю кундуз майин шабада эсиб туради.

Бу зиёратгоҳнинг пайдо бўлиши 8–9-асрга бориб тақалишини бобомдан эшитганман, – дейди Норбиби момо. – Бу ерларда Ҳазрати Али жанг қилган деб айтишади. Биз ҳам ихлос билан ҳар йили бир-икки марта маҳалламиз аёллари билан йиғилиб, келиб кетамиз.

Бу жойнинг пайдо бўлиш тарихи билан қизиқиб берган саволларимизга булоқ атрофини тозалаб, келиб-кетаётганларни дуо қилиб ўтирган Жавлон Комилжонов шундай жавоб берди:

– Бу булоққа қараб турганларнинг 9-авлодиман. Энг биринчи Бобоколоним Фозил авлиё бўлганлар. Бизга ўтиб келаётган шажарага ишонадиган бўлсак, бобом Али авлодларидан ҳисобланади. Келинг, сизларга мана шу Кўк булоқ ва Тўйтепа ҳақидаги воқеани айтиб берай.

Ўз даврида мана шу ҳудудда, яъни Кўк булоқ атрофида Ҳазрати Али жанг олиб борган эканлар. Ёвнинг қўли баланд келиб, улар қамалда қолганида қарши тарафнинг шохи Алининг боши учун ярим давлатини ва қизини таклиф қилади. Шунда ўзини Али деб таништирган Адҳам исмли саҳобани улар ўлдиришади. Бу хабардан ғазабланган Али катта қўшин тўплаб, жангга киради ва ёв устидан ғалаба қозонади. Шунда ҳозирги Тўйтепанинг ўрнида қирқ кеча кундуз тўй беради. Шу тариқа Тўйтепа номи пайдо бўлган. Кўк булоқ эса ҳазрати Алининг оти жангга киришдан олдин депсинган жой бўлиб, ердан қайнаб чиқаётган кичик булоқ йиллар ўтиши билан йириклашиб, ҳозирда 20 сотих ерни эгаллаб турибди. 

Булоқ суви бир неча марта текширилганда таркибида кумуш, олтин борлиги аниқланган. Бу сув чанқоқни қондириш билан бирга, турли касалликларга ҳам даво бўлади. Мисол учун, йўтал, тери касалликлари, ошқозон, уйқусизлик, қабзият, астма кабиларни даволайди.

Ёзнинг ҳозиргидек, иссиқ кунларида 20-30 нафар одам келаётган бу булоқнинг атрофида ҳеч қандай қулайлик йўқлиги ачинарли. Жуда кўп пул сарфлаб, хориждаги дам олиш масканларига боргандан кўра, юртимиз тадбиркорлари табиатнинг инъоми бўлган мана шундай булоқлар атрофини обод қилишда ҳомийлик қилишса, шундай жойларда туризмни ривожлантирсак, қандай яхши иш бўларди. Бундан ҳам халқ, ҳам давлат наф кўрган бўларди. Ваҳоланки, булоқ атрофи ободонлаштирилса, унинг тарихи билан қизиққан хорижлик сайёҳлар сони янада ортиши шубҳасиз.

ЎзА
9 601