ЎзА Ўзбек

01.04.2018 22:33 Чоп этиш версияси

Кўчат экиш мавсумида кўчат ўғрилари қўлга тушди

Кўчат экиш мавсумида кўчат ўғрилари қўлга тушди

Мол-мулкингизни қўриқлаш баҳонасида сиздан яхшигина ҳақ олаётган шахс кутилмаганда ишончингизни суиистеьмол қилсаю, қўли эгри бўлиб чиқса бунга нима дейсиз?

Сурхондарё вилоятидаги “Ангор Голден Фрутис” агрофирмаси билан ана шундай воқеа юз беради. Фирманинг Ангор туманидаги Каттақум маҳалласи ҳудудида жойлашган боғдорчилик даласига экилган ўрик, олхўри, бодом дарахти кўчатлари раҳбарлар назарида камайиб кетаётгандек бўлиб туюлади. Қоровулдан сўраб-суриштирса у пинагини ҳам бузмай, эгнини қисиб, раҳбарлар кўзига тик қараб тураверади.

Шундан сўнг санаб кўришса, ўн кун деганда даладан 23 миллион 250 минг сўмлик 930 дона кўчат ўмариб кетилгани маълум бўлади. Кўчат ўғрисини топиш илинжида ички ишлар идорасига мурожаат этган агрофирма мутасаддилари беихтиёр ёқа ушлаб қолди. Чунки, ўғриликни фирманинг дала қоровули 32 ёшдаги Эгрибой Қобилов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ва муқаддам фирибгарлик жинояти учун судланган 44 ёшдаги фермер Шолли Жўллиев содир этгани аниқланиб, ашёвий далил олинди. Яхши ният билан экилган кўчатларни ўмарган ҳамтавоқларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноий иш қўзғатилди.



Х.МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА
11 556