Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.03.2018 21:27 Чоп этиш версияси

Кўчат экиш эмас, уни ўстириш муҳим

Кўчат экиш эмас, уни ўстириш муҳим Ўсимлик олами, айниқса, дарахтлар инсон саломатлигини мустаҳкамлайдиган, кишига маънавий завқ берадиган, атроф-муҳит мусаффолигини, экологик барқарорликни таъминлайдиган табиат инъомларидан бири.

Халқимизда азалдан кўчат экиб, боғ яратган инсонлар улуғланган. Баҳор кириб келаётган шу кунлардда ҳар бир киши нимадир экишга иштиёқ сезади. Айниқса, Наврўз байрами арафасидаги умумхалқ ҳашарларида турли дарахт ва гул кўчатларини ўтқазиш яхши анъанага айланган.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди маълумотларига кўра, 2013 йилда юртимизнинг шаҳар, қишлоқ ва маҳаллалари ҳудуди, аҳоли пунктлари, кўп қаватли уйлар атрофига 25 миллион тупдан зиёд манзарали, мевали дарахт кўчатлари экилган. 2014 йилда 15 мартда ўтказилган хайрия ҳашарида эса қарийб ўн олти миллион кўчат ўтқазилган. 2015 йилда 18, 2016 йилда 22, 2017 йилда 24 миллион туп кўчати ўтқазилди.

Ҳисоблаб кўрилса, сўнгги беш йилда юз миллиондан зиёд кўчат экилган. Бу беш йилги кўрсаткич, холос. 27 йилга чақилса, жуда катта сон келиб чиқади. Шунча кўчат ростдан ҳам экилган бўлганида Ўзбекистон ўрмонзор бўлиб кетиши керак эди. Мевали дарахтлар униб-ўсган бўлса, дастурхонимизга сиғмай кетарди.

– Ҳаммамизга маълумки, ҳар бир кўчатга парвариш керак, – дейди Ўрмон хўжалигини ривожлантириш, қайта тиклаш ва мелиорация бошқармаси бош мутахассиси Зафар Эшқулов. – Ҳар йили ободонлаштириш ойлигида бошқармага тегишли хўжаликларда етиштирилган кўчатлар республикамизнинг барча ҳудудларига етказиб берилади. Кўчатларнинг инсон ва табиат учун фойдали бўлиши билан бирга, юртимизнинг иқлим шароити, табиатига мослиги, униб кетиши каби жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилади. Аммо шуни тан олиб айтиш керакки, аксарият ҳолларда кўчатлар экилади ва шу ҳолича қолиб кетади. Парваришлаш борасида оқсоқликка йўл қўйилади. Шуни айтиш керакки, хонадонлар учун сотиб олинган кўчатларнинг деярли ҳаммаси унади. Аммо марказий кўчалар, ташкилотлар, маҳаллалар ҳудудида экилган кўчатларнинг кўпчилиги нобуд бўлади.

Гўзал Сатторова, ЎзА
12 316