ЎзА Ўзбек

04.07.2020 Чоп этиш версияси

Кўчада қолган тиббиёт: Қалқамада чақалоқлар кўчада туғилмоқда

Кўчада қолган тиббиёт: Қалқамада чақалоқлар кўчада туғилмоқда

Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 25 ўринга мўлжалланган Қалқама шифохонасининг қайта таъмирланишини эшитиб ҳудуд аҳолиси жуда қувонган эди.

Тўғрида, эски колхоз идораси ўрнида мустақиллик йилларининг бошида ташкил қилинган шифохона кейинги йилларда жуда хароб аҳволга келиб қолганди. Мазкур шифохона Қалқама маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли 16 та қишлоқнинг 30 минг нафардан зиёд аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиб келган. Боиси Қалқама маҳалла фуқаролар йиғини тоғли ҳудудда жойлашган бўлиб, энг яқин қишлоқ туман марказидан 35-40 километр, энг олисдагиси 60-65 километр узоқликда жойлашган.

Аммо аҳолининг қувончи узоққа чўзилмади. 150 нафарга яқин тиббиёт ходими меҳнат қилиб турган шифохона, поликлиника ва шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимлари бутун бошли кўч-кўрони билан кўчада қолди. Хўш, нега бундай бўлди? Муаммонинг ечимини излаб ўша қишлоққа ташриф буюрдик.

Қишлоққа бориб кўрган манзара бизни ниҳоятда ҳайратга солди. Аҳолидан шифохона ходимларини сўрасак қишлоқ марказидаги гўзаллик салонини кўрсатишди. 45 нафар ходим меҳнат қиладиган шифохона икки хонали гўзаллик салонида фаолият юритмоқда. Айтайлик тўлғоғи тутиб қолган бемор дард билан келиб қолди. Ҳеч бир талабга жавоб бермайдиган шифохонада унга қандай ёрдам кўрсатиш мумкин?

photo_2020-07-04_16-44-30.jpg

– Очиғини айтсам ўтган бир йил давомида жуда қийналдик биз ҳам, беморлар ҳам, – дейди шифохона дояси Гулчеҳра Холиқова. – Айниқса қиш ойиларида вазият жуда оғирлашди. Ҳудудимизда 8 минг нафарга яқин туғруқ ёшидаги, 416 та ҳомиладор хотин бор. Кунига 4-5 нафар ҳомиладор аёл кўрикка келади. Дард билан келиб қолган аёлларга имкон қадар ёрдам кўрсатишга ҳаракат қиляпмиз. Бирга қўшилиб туман марказига олиб бораяпмиз. Ҳатто ҳовлимизга келиб туғиб қўйганлар бўлди. Кўчада туғиб қўйганлар ҳам қанча. Шифохона таъмирга тушгандан сўнг қишлоқ амбулаториясига кўчган эдик. Шароит бўлмаса ҳам жойлашдик. Аммо боғча қурамиз деб у ердан ҳам чиқариб юборишди.

– Кеча чаён чақиб оғир аҳволда бу ерга келдим, – дейди Ойимҳол Суярова. – Бу аҳволимда туман марказига етиб боришим қийин эди. Шифокорлар шу ерда керакли ёрдамни кўрсатишди барака топишсин. Аммо кўриб турганингиздек шароит йўқ. Даволаниш учун имконият йўқ. Уйимиздан кўрпа ёстиқ олиб келиб даволанаяпмиз. Қани энди касалхона тезроқ очилсаю биз одамлардек даволансак. Тоғ шароитида марказга қатнашга ҳамманинг ҳам имкони етмайди-да.

Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш мақсадида тегишли қарорларга асосан 2019 йилда инвестиция дастурига киритилиб, ўша йилнинг апрел ойида барча талабларга мос, замонавий шифохона қурилиши бўйича амалий саъй-ҳаракатлар бошланди. Дастур бўйича мазкур шифохона жорий йилнинг январ ойида фойдаланишга топширилиши керак эди, лекин...

Буниси ҳам етмаганидек, қўшимчасига шифохона ва тез тиббий ёрдам ходимлари вақтинча жойлаштирилган қишлоқ поликлиникаси ҳам туман ҳокимлиги мутасаддилари қарорига кўра боғча қуриши учун тадбиркорга бериб юборилган. Натижада 60 нафардан ортиқ тиббиёт ходими меҳнат қилиб турган қишлоқ поликлиникаси ҳам кўчама кўча сарсон. Излаб-излаб уларни қишлоқдаги тўйхонанинг қўшимча биноларидан топдик.

photo_2020-07-04_16-44-33.jpg

– Икки ойдан буён аҳволимиз шу, – дейди поликлиниканинг ўсмирлар бўйича ҳамшираси Гулзибо Ҳамроева. – Биномиз боғчага берилиб кетди. Энди бизга бино йўқ. Мутасаддилар шифохона ишга тушса, шу ерга жойласизлар, деб айтишмоқда. Олдинига қишлоқ мактабига бориб жойлашдик. Кейин у ердан ҳам чиқаришди. Ҳеч иложини топа олмагач тўйхонанинг қўшимча биноларига келиб жойлашдик. Ҳа, демай тўйлар бошланса, бу ердан ҳам чиқишга тўғри келади. Хуллас кўчада қолдик ука. Бу масала бўйича ҳамма жойга мурожаат қилганмиз. Касалхона ишга тушмаган. Қурувчига етарлича маблағ берилмагани учун қурилиш якунламаётган экан. Беморлар эса сарсон. Нима қилайлик, на илож. Бир амаллаб турибмиз.

Кейинги манзилимиз қишлоқда фаолияти йўлга қўйилган шошилинч тез тиббий ёрдам бўлими бўлди. Ушбу бўлимни компьютер хизматлари маркази биносидан топдик. Биттагина хонага омонатгина жойлашган тез тиббий ёрдам бўлими ходимларининг ҳам аҳволи шу, оворагарчилик, сарсончилик...

– Қишлоғимиздаги аҳволни кўрдингиз, ниҳоятда аянчли, – дейди шу қишлоқлик кекса онахон Сора Бозорова. – Боғча қураман деб, поликлиникадан ҳам чиқариб юборишди шифокорларни. Янги касалхона эса сира очилай демайди. Икки йилдан буён аҳволимиз шу. 4 та келиним, невараларим бор. Иссиқ жонни иситмаси бўлади-да. Даволатишга шароит йўқ. Машаққат билан туман марказига олиб боришга мажбур бўламиз. Қиш кунларида аҳволимиз бунданда оғирлашади.

Ёшлигимда иккинчи жаҳон урушига бағишланган фильмларни кўп томоша қилардим. Урушда яраланганларга тезкор тиббий хизмат кўрсатиш учун тиббий пунктлар ташкил этилган. Уларда шароит етарли бўлмаган. Қалқама қишлоғидаги ҳолат менга ўша уруш даври манзараларини эслатди. Яхшиямки қалқамалик тадбиркорларнинг ташаббуси билан тўйхона, гўзаллик салони, компьютер марказлари каби субъектлар ташкил қилинган экан. Йўқса, аҳвол бундан ҳам баттар бўлиши мумкин эди.

photo_2020-07-04_16-44-34.jpg

Хўш, аҳвол нега бундай? Нима учун замонавий шифохона қурилиши чўзилиб кетди? Нима учун қишлоқ аҳолиси икки йилдан буён сифатли тиббий хизмат ололмайди. Қурувчи бинони нега ҳалигача топширмаган? Туман тиббиёт бирлашмаси, туман ҳокими нега аҳолининг ўта жиддий бўлган мазкур муаммосига эътибор қаратмаяпти? Ушбу саволларга жавоб излаб туман тиббиёт бирлашмасига бордик ва мутасаддилардан ушбу вазиятга изоҳ сўрадик.

– Чироқчи туман тиббиёт бирлашмасига қарашли Қалқама бўлинмамиз 2019 йил замонавий қурилиш ва халққа сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун инвестиция дастурига киритилган, – дейди Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўринбосари Одилжон Шайманов. – Лойиҳа қиймати 1 миллиард 600 миллион сўмдан зиёд. Ҳозирги кунга келиб қурилиш ишлари якунланмасдан тўхтаб тургани сабабини қурувчидан сўраганимизда маблағ етмаётганини, унга лойиҳада кўрсатилган сумма тўлиқ ажратилмаётганини билдирган. Биз бу бўйича тегишли мутасадди идораларга мурожаатлар қилганмиз ва насиб бўлса тез кунларда қурилиш ишлари якунланиб, 25 ўринли замонавий шифохона ишга тушади.

Дарҳақиқат, қурилиш ишлари тумандаги “Маржона муҳандис” хусусий фирмасига юксатилган. Ушбу масалага қурувчи нима деркан. Шу мақсадда қурувчини излаб топдик.

– Чироқчидаги Қалқама шифохонаси 25 ўринли бўлиб, туман тиббиёт бирлашмаси филиали ҳисобланади. Ушбу объектнинг қурилиши 2019 йилда 1 миллиард 603 миллион сўмга баҳоланган, – дейди “Маржона муҳандис” хусусий фирмаси муҳандиси Жумақул Бекжонов. – Шундан қўшимча келишувларга асосан 692 миллион сўм режага киритилган. Ўша 2019 йилда жамиятимиз томонидан 692 миллион сўм олиб ишлатилган. Ушбу маблағ умумий сумманинг 42 фоизини ташкил қилади. Лекин биз 85 фоиз қурилиш таъмирлаш ишларини бажарганмиз. Жумладан, бинонинг ташқи пардозлаш ишлари якунланган бўлиб, бинонинг ички қисмида пол, канализация, иссиқ сув, совуқ сув тизими, иситиш тизими ўрнатилмаган ҳали. Бино ичидаги эшик ва ромлар ҳам мавжуд эмас. Қурилишни якунланиши учун маблағимиз етарли бўлмай қолгани сабабли ҳозирча иш тўхтаб турибди. Агар маблағ бўлса биз халқимизга шифохонани тез кунларда фойдаланишга топширишга сўз берамиз. Бундан ташқари, 2020 йилда қурилишни давом эттиришимиз учун бизда қўшимча шартномалар ҳам мавжуд эмас. Хуллас асосий масала маблағга бориб тақалмоқда.

photo_2020-07-04_16-44-46.jpg

Ҳақли савол туғилади, маблағни ким бериши керак? Бу савол бизни Қашқадарё вилояти ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси сари бошлади. Олинган маълумотларга кўра, бино қурилиши учун буюртмачи худди мана шу ташкилот бўлган.

– Компаниямизнинг буюртмачилигида вилоят бўйича 15 та соғлиқни сақлаш иншоотларида қурилиш таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда, – дейди “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси раҳбарининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Баҳром Нуриллаев. – Бугунги кунда ушбу объектларнинг умумий лойиҳа қиймати 23 миллиард сўмни ташкил қилиб, шундан 10 миллиард сўм маблағлар молиялаштириб берилган. Иншоотларда пудратчи ташкилотлар томонидан қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган. 2020 йилдаги дастурга кирган иншоотларимиздан иқтисод қилинган маблағларимиз бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритганмиз. Ушбу маблағлар ечилиши биланоқ соғлиқни сақлаш иншоотлари учун молиялаштириб берилади ва чала қолган қурилиш монтаж ишлари тўлиқ якунига етказилади. Шулар қаторида Чироқчи туманидаги Қалқама шифохонаси ҳам.

Бир муаммо кетидан кун бўйи юриб, шу ергача етиб келганимизда калавани учини йўқотдик, афсус...

Эскидан бир мақол бор янгисини қурмасдан эскисини бузма, деган. Маблағ йўқ экан, унинг манбалари аниқ бўлмай туриб, вилоят мутасаддилари нимага ишониб, объектни инвестиция дастурига киритган. Тўғри, замонавий шифонанинг қурилгани нур устига аъло нур, лекин янгисини қурмасдан эскисини вайрон қилиб, бутун бошли шифохонани кўчада қолдирилганини нима билан изоҳлаш мумкин? Аслида қош қўяман деб кўзни чиқариш мутасаддиларимиз учун одат тусига кириб қолди. Тахмин қилиб айтишим мумкинки, ушбу мақоладан сўнг ҳам улар муаммони ечимини яъни етмаган мағлағни излашмайди. Балки қишлоқда қийин бўлсада, фаолият юритиб, халққа хизмат қилиб турган тиббиёт ходимлари фаолиятига нуқта қўйишади. “Мослаштирилган” биночалардаги шифо масканларини антисанитария деб ёпишади. Тамом шу билан бори ҳам йўқ бўлади. Жабрини эса яна халқ тортади.

Мутасаддилар Президентимиз таъкидлаганидек, халқни рози қилинг. Чин кўнгилдан изланса маблағ ҳам топилади. Муаммо янада газак олиб кетмаслиги учун аҳвол бунданда баттар бўлмаслиги учун халқни дардини тингланг, муаммосига қулоқ тутинг.

Умид қиламизки, кейинги гал Қалқамага шифохонанинг тантанали очилиш маросимига борамиз. Ушбу масаланинг ечимини мутасаддиларнинг виждонига ҳавола қиламиз.

9 055
Ў.БАРОТОВ, ЎзА