ЎзА Ўзбек

25.08.2018 15:04 Чоп этиш версияси

Биз қандай рекламаларга муҳтожмиз?

Биз қандай рекламаларга муҳтожмиз?
Кенг ва равон пойтахт йўлларини кеза туриб, ҳеч эътибор қилганмисиз, хаёлингизни кўчаларга осиб қўйилган қайси мавзудаги реклама баннерлари кўпроқ банд этади? Масалан, озиқ-овқат, техника маҳсулотлари, қурилиш моллари, тўй-томоша хизматлари, бирор санъаткорнинг концерт дастури, ҳаммасидан ҳам кўпроқ эса турли ичимликлар рекламаси.

Гаров боғлашим мумкин, юқорида таклиф этиладиган маҳсулот ва хизматлар рекламасини истаган вақтингизда, керак бўлса, истаган кўчадан топишингиз мумкин. Бу каби рекламаларнинг телеканаллардаги намойишларини-ку гапирмай қўя қолайлик.

Ҳақиқатни айтганда, фақат уйқуга кетганимиздагина бирор рекламадан холи бўла оламиз, холос. Унда ҳам қулоқларимизни тамбалаб ухласак, албатта. Акс ҳолда, радио рекламалар ҳам ўзининг борлигини эслатиб туради.

Биз шунчалик рекламага муҳтожмизми ўзи? Бир кунда уч маҳал овқат тановул этсак, санаб кўринг-чи миямиз неча маҳал рекламаларни “истеъмол” қиляпти?

Бу ҳам майли, аммо юқорида саналган рекламалардан келиб чиқиб, биз фақат моддиятга муҳтож одамлардек кўриниб қолмаяпмизми? Чунки ҳеч учратдингизми бирор кўча ёки бекатдаги баннерда “Фалон ёзувчи ёки шоирнинг фалон номли китоби чоп этилди. Марҳамат!” ёки эслай оласизми “Фалон куни пойтахтимиздаги фалон театр жамоасининг ажойиб спектаклини томоша қилинг”, деб миллий спектаклларимиздан суратлар билан тайёрланган рекламани?

Албатта инкор этмаймиз, спектакллар рекламалари бор, фақат айнан ўша театр биноси атрофидагина. Биз эса телекўрсатувлар орқали бонг уриб, маънавиятни улуғлайверамиз-улуғлайверамиз, аммо маънавиятга хизмат қилувчи омилларнинг илдизи моддиятга бориб тақалса, фидойиликни четлаб ўтамиз.

ДИҚҚАТ ҚИЛИНГ, “ТЕАТР ВАҚТИ”!

Энди қуйидаги жумлаларга эътибор қилинг: “Томоша қилинг, миллий сериал! Ўтказиб юборманг, жаҳон киноси!” Ҳа, бу шунчаки фильмлар анонси, дейишингиз мумкин. Фильмнинг узундан-узоқ парчалари намойиш этадиган анонснинг ўзидан ҳам фильмни томоша қилиб тугатгандек бўлиб қоласиз. Аммо яна ўша – маънавиятга хизмат қиладиган миллий спектаклларнинг эса номини ҳам телерекламаларда эшитмайсиз. Албатта, аввал иқтисод. Реклама эса ўз-ўзидан иқтисодга бориб тақалади. Реклама тақдим этадиган ҳар бир буюртмачи унинг ҳақини қуртдек санаб қўя олмаса, маҳсулотини қоғозчаларда тарқатиб юргани маъқул.

Балки театрлар бюджити ўз спектаклларининг рекламасини кенг тарғиб этишга маблағ жиҳатдан қурби етмас?! Шу ўринда бизнинг ва келажак авлоднинг камолотига хизмат қиладиган спектакллар тарғиботига кўмаклашувчи имтиёзлар зарур эмасми?

Чин маънода тарихий ва замонавий ҳаётни акс эттиргувчи ажойиб спектаклларимиз бор. Нега телеканалларимизда “Театр вақти” рукни билан улардан парчалар келтириб, халқимизни маънавиятга ва театрга жалб этмаймиз? Айтишингиз мумкин, спектаклларни “Кинотеатр” ва бошқа телеканалларда учратиб қоламиз деб. Аммо бу сизни қониқтирадими? Хўш, маънавият тарғиботи учун шунинг ўзи кифоя қиладими? Йўқ, албатта!

ТИЛДАН ЭМАС, ДИЛДАН ЧИҚАРИБ АЙТАЙЛИК

Келинг, энди бошқа томондан олсак, балки театр раҳбарияти соғлом рақобатнинг янгича мезонларини таклиф этиб, томошабинни жалб этишнинг турли рағбатли усулларидан фойдаланиши лозимдир.

Дейлик, бир ой ичида иккита спектаклига ташриф буюрган томошабинга яна бирор истаган спектаклига текин кириш имконияти тақдим этилса. Бугун бу каби ёндашувларни ҳамма йўналишда кўриш мумкин.

Турли маҳсулотларга акциялар ёки чегирмалар эълон қилинса, бир зумда унга эга бўлиш ҳақида бош қотира бошлаймиз. Шиддатли замон ҳар қандай имкониятдан иккиланмай фойдаланадиганлар учун омадли кечмоқда.

Баъзан спектакллар рекламаси борасида маркетинг суст йўлга қўйилгандек туюлади. “Излаган имкон топар”, дейишади-ку! Технологиялар асри деб аталаётган бир даврда тарғибот учун ҳеч йўқса, faсеbook, telegram ёки бошқа ижтимоий сайтлардан фойдаланиш имконияти йўқ дейсизми? Реклама баннелари орқали кўчаларни тўлдириб, тарғиб этишни-ку, гапирмай қўя қолайлик.

Театрларга бу каби томошабинни жалб этувчи лойиҳаларни тарғиб этиш оддий ва самарали усул бизнингча. Фарқи эса қорин ёки устимизни бутловчи маҳсулотларга эмас, маънавиятимизга озуқа бўлувчи спектаклларга интиламиз.

Йўқ, десангиз, яна ўша — энг осони — турли телешоулар, кўрсатувлар орқали “Театр – ибратхонадур” жумласини қайта-қайта такрорлайвериш. Муҳими, бу сўзларни тилдан эмас, дилдан чиқариб айта олишда.

“2018-2022 йилларда давлат театрларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида“ги Вазирлар Маҳкамаси қарори тақдим этилди. Унда 2018-2022 йилларда давлат театрлари фаолиятини янада такомиллаштириш, янги театрлар биноларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш, театрларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, давлат театрларининг ишлаб чиқиладиган янги концепциялари ташриф буюрувчилар, хусусан, имконияти чекланган шахслар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, сайёҳларга хизмат кўрсатишни ривожлантириш, архитектура-режалаштириш, дизайн ва ландшафт ечимларига эътибор қаратган ҳолда ҳар бир театр биноси эскиз-лойиҳасини театр йўналиши ва мазмун-моҳиятидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилиши чора-тадбирлари ҳақида сўз боради.

Дарҳақиқат, бундай эътиборга лаббай, деб маънавият тарғиботини турли йўллар билан амалга оширишга киришишимиз лозим. Ҳа деганда, турли куй-қўшиққа ва маҳсулотларга ихлос қўявериш маънавиятлилик белгиси бўлмаган ва бўлмайди. Аммо театр санъати ҳамон онгу шуурга хизмат қилишга асослангани билан улуғлик касб этиб турибди. Демак, биз айнан шуни қадрласак, кам бўлмаймиз.

Абдулазиз Рустамов, ЎзА
4 621