Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.02.2018 12:02 Чоп этиш версияси

Қизириқнинг қиёфаси ўзгармоқда

Қизириқ – Сурхондарё вилоятининг йирик аграр туманларидан бири. Туман деҳқонлари, айниқса, пахта ва ғалла парваришлашда бой тажрибага эга.

Туманда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва одамларнинг муносиб турмуш кечириши учун зарур шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунга мувофиқ, туман маркази ва унинг Бандихон шаҳарчаси қиёфасини тубдан ўзгартириб, турли замонавий иншоотлар барпо этиш мўлжалланаётир. Хусусан, тижорат банкларининг ҳомийлик маблағлари ҳисобидан туман марказида истироҳат боғи ва канал бўйлаб сайлгоҳ, Бандихон шаҳарчасида ҳам истироҳат боғи қурилиб, аҳолининг маданий дам олиши учун барча қулайлик яратилади. Маиший хизмат кўрсатиш маркази, меҳмонхона ва савдо-кўнгилочар мажмуалари қад ростлайди. Қизириқ ва Бандихон шаҳарчаларида иккита замонавий бозор қурилиб, ишга туширилади.

Аграр туманда қиймати 197 миллиард сўмлик мева-сабзавот етиштириш, паррандачилик ва чорвачиликни ривожлантириш, маҳсулотларни қайта ишлаш ҳамда хизмат кўрсатишга мўлжалланган 60 га яқин янги лойиҳанинг ишга туширилиши 1000 дан ортиқ янги иш ўрни яратиш имконини беради.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
5 395