Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

27.07.2018 16:20 Чоп этиш версияси

Қизилтепалик ёшларни қандай муаммолар қийнаётганди?

Қизилтепалик ёшларни қандай муаммолар қийнаётганди?
Навоий вилояти ҳокими Қобил Турсунов Қизилтепа туманида ёшларнинг муаммоларини ўрганди.

“Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури ижроси доирасида ташкил этилган учрашувда вилоят прокурори Х.Самадов, Қизилтепа тумани ҳокими Ш.Набиев, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Ж.Хўжаев ҳам иштирок этди. 300 дан ортиқ қизилтепалик ёшлар қатнашган тадбирда ҳар бир мурожаат ва муаммони ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди. 

Учрашув доирасида ўтказилган бўш иш ўринлари ярмаркасида 140 нафар ёш мутахассис таълим, тиббиёт ва ишлаб чиқариш соҳаларида фаолият кўрсатиш учун йўлланма олди. 

20 дан зиёд йигит-қиз чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ҳамда тикувчиликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш мақсадида кредит олишда амалий ёрдам сўради. Улар орасида Фирдавс Тоҳировнинг ташаббуси кўпчиликнинг эътиборини тортди. 

– Мева-сабзавот сақлайдиган совутгич қуриш учун 250 миллион сўм маблағ зарур эди, – дейди Фирдавс. – Учрашувда мурожаатим ижобий ҳал этилди. Энди тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш имкониятига эга бўлганимдан хурсандман. Кўрсатилган ишончни оқлайман, маҳсулотларни хорижга экспорт ҳам қиламан. 

Тумандаги 38-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Аббос Акромов паррандачилик билан шуғулланиш таклифи билан вилоят ҳокимига мурожаат қилди. 

– Ёзги таътилда бўш юрмаслик учун отам билан маслаҳатлашиб, бройлер жўжалар парваришлашни режа қилдик, – дейди Аббос. – Аммо товуқхонани реконструкция қилиш учун қўлимиз бироз калталик қилди. Учрашувда оилавий тадбиркорликни бошлашимга 17 миллион сўм кредит маблағи ажратиладиган бўлди. Менинг таклифим ҳоким томонидан тўла қўллаб-қувватланиши баробарида келгуси йил фаолиятимни ривожлантириб, экспортни йўлга қўйсам, автомобиль совға қилишини ваъда берди. Фаолиятимни кенгайтириб, албатта экспорт қиламан. 

Учрашув давомида 50 нафар қизга тикув машинаси топширилди, 10 нафар ёш тадбиркорга 10 бошдан чорва, яна 10 нафарига 15 бошдан парранда кредит асосида тарқатилди. 

Иштирокчилар томонидан Ёшлар марказларида тўгараклар сонини кўпайтириш, туну кун ишлайдиган жамоат ва ёшлар кутубхоналарини очиш, ёз мавсумида ички туризмни ривожлантириш каби саволлар ҳам кўтарилди. Барча масалалар юзасидан аниқ келишувларга эришилди.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
3 172