ЎзА Ўзбек

26.07.2018 18:46 Чоп этиш версияси

Қизилтепада йирик насос станцияси янгиланди

Қизилтепада йирик насос станцияси янгиланди Аму-Бухоро магистраль каналининг Шофиркон шохобчаси каналидан сув олиб Қизилтепа ва Кармана туманларидаги суғориладиган ер майдонларини сув билан таъминлаб келган “Навоий” насос станциясининг 6 та агрегати реконструкциядан сўнг фойдаланишга топширилди.

Франция ҳукумати иштирокида насос станциясини қайта тиклаш лойиҳасининг амалга оширилиши асосан Маликчўл ҳудудининг 18 минг 100 гектар суғориладиган майдонлари ирригация тизимини яхшилаш имконини беради. Мазкур бунёдкорлик ишларининг биринчи босқичи муваффақиятли иш бошлади. Жорий йил якунига қадар яна 6 та замонавий агрегат ишга туширилиши белгиланган.

Мазкур насос станцияси 1979 йилда ишга туширилган. Эски лойиҳа бўйича 24 НДС маркали 12 та насос қурилмаси ўрнатилган бўлиб, умумий сув чиқариш қуввати сониясига 18 метр куб, умумий қуввати 21 минг 600 кВт. эди. Станция узоқ йиллар давомида фойдаланилиши натижасида ҳам жисмонан, ҳам маънан эскиргани туфайли уни реконструкция қилиш эҳтиёжи пайдо бўлди. Шунинг учун ушбу объектни қайта тиклаш бўйича йирик лойиҳа амалга оширилди. Бунинг самарасида ерларнинг унумдорлигини ошириш, ижтимоий-иқтисодий ва экологик салбий таъсирларнинг олдини олиш ҳамда деҳқончиликни ривожлантириш бўйича узоқ муддатли барқарор шароит яратилади.

Тан олиш керак, насос станциясидаги 12 та насос агрегатининг ҳар бирининг сув чиқариш қуввати сониясига 1,5 метр куб бўлса-да, эскиргани боис амалда сониясига 1,1 метр куб миқдорида сув чиқарар ва бунинг учун 2 минг кВт/соат электр энергияси сарфланар эди. Реконструкциядан кейин ўрнатилган янги насос агрегатининг сув чиқариш қуввати сониясига 1,9 метр куб бўлиб, бу миқдордаги сувни чиқариш учун 1 минг 800 кВт/соат электр энергияси сарфланади. Бу анчагина электр энергиясини тежаб қолиш имконини беради. Асосийси, умумий ҳосилдорлик гектарига ўртача 4-5 центнерга ошиб, қишлоқ хўжалиги инфратузилмаси яхшиланиши, фермер хўжаликларининг ривожланиши ва янги иш ўринлари яратилишида муҳим омил бўлади.

– Ҳудудда пахта, бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари кўп етиштирилгани боис бу ерда барқарор сув таъминотига эҳтиёж ўз-ўзидан асосий ўринга чиқади, – дейди Франциянинг “Feljaz Masson” компанияси менеджери Адреан Куприе. – Ирригация тизими учун муҳим аҳамиятга эга мазкур лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётганимиздан хурсандмиз. Чунки, серқуёш Ўзбекистоннинг серҳосил ерларидан янада унумли фойдаланиши учун деҳқонларга кўмак беришни мақсад қилганмиз.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
4 505