ЎзА Ўзбек

31.08.2018 19:56 Чоп этиш версияси

Қизилтепада янги завод иш бошлади

Қизилтепада янги завод иш бошлади Мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллиги арафасида Қизилтепа туманида цемент заводи фойдаланишга топширилгани воҳа саноати юксалишида муҳим воқеа бўлди.

“Оқ олтин капитал сервис” МЧЖ томонидан 33 миллиард сўм маблағ эвазига бунёд этилиб, замонавий ускуналар билан жиҳозланган ушбу заводнинг очилиши муносабати билан тадбир ташкил этилди. 

12.jpg

– Заводда энг сўнгги русумдаги замонавий ускуналар ўрнатилиб, 3 та – майдалаш, маҳсулот тайёрлаш ва қадоқлаш цехлари ташкил этилди, – дейди завод иш бошқарувчиси Н.Ҳабибов. – Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 2 мартда вилоятимизга ташрифи чоғида корхонани хомашё, табиий ресурслар билан таъминлаш каби баъзи масалаларни ҳал этиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилган эди. Шундан сўнг ишимиз юришиб, заводни қисқа фурсатда ишга туширишга замин яратилди.

Айни вақтда 120 нафар ишчи меҳнат қилаётган корхонада бир кеча-кундузда 300 тоннагача тайёр қурилиш материали ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Яқин келажакда йиллик тайёрланадиган товар ҳажми 1 миллион тоннага етказилиши режалаштирилган. Ишлаб чиқариладиган маҳсулот нафақат ички, балки ташқи бозорга ҳам йўналтирилади.

Нуриддин Раҳимов, Сирож Аслонов (сурат) ЎзА
3 740