ЎзА Ўзбек

12.06.2018 17:56 Чоп этиш версияси

Ижтимоий соҳадаги халқаро ҳамкорлик

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ)нинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамкорлигида “Ўзбекистонда ижтимоий иш соҳасидаги таълим ва амалиётни мукаммаллаштириш” деб номланган илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Болага эътибор унинг келажагига эътибордир. Мамлакат истиқболи учун қайғуриш болага ғамхўрликдан бошланади. Мурғак фарзанднинг беғубор орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш, унинг ҳар томонлама комил инсон бўлиб вояга етишига кўмаклашиш ҳар қандай жамиятда асосий вазифалардан бири бўлиб қолаверади. Мамлакатимизда ҳам бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон билан ЮНИСЕФ ўртасида ижтимоий муҳофаза соҳасидаги ҳамкорлик натижасида “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни кучга кирди. Бола ҳуқуқлари ҳимоясини изчил давом эттириш бўйича ҳамкорлик дастурлари ишлаб чиқилиб, мунтазам амалга оширилмоқда.

ЮНИСЕФ Ўзбекистондаги фаолияти давомида бутун мамлакат бўйлаб болалар учун энг мақбул яшаш шароитларини яратиш, жумладан, юқори сифатли таълим олиш, соғлиқни сақлаш хизматларидан баҳраманд бўлиш имкониятларини кенгайтириш, ижтимоий муҳофазани янада кучайтириш ҳамда ёш авлод ўз оиласида улғайиши ва камол топишига кўмаклашиш каби хайрли ишлар билан шуғулланиб келмоқда.

Конференцияда ижтимоий заиф оилаларга кўмак бериш ва ҳар бир боланинг яшаш ҳуқуқи ҳамда уларга нисбатан зўравонлик, камситиш ва бепарволикка қарши курашиш чораларини кучайтириш, янги дастур бўйича тегишли вазирликларнинг фаолиятини баҳолаш, ижтимоий соҳада стандарт операцион тартиб-қоидаларни ишлаб чиқиш, ижтимоий иш соҳаси бўйича малакали кадрлар тайёрлаш юзасидан фикр алмашилди.

– Ўзбекистонда ижтимоий соҳага алоҳида эътибор қаратиб келинади. Бу борада яхши қонунчилик базаси шаклланган, – дейди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн. – Бизнинг ҳамкорлигимиз Ўзбекистондаги ижтимоий соҳа сифатини ошириш ва уларни амалиётга жорий этишга хизмат қилади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева сўзга чиқди.

Файёз Ачилов, ЎзА
4 142