Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.02.2018 18:40 Чоп этиш версияси

Ижтимоий сўров натижалари: Соғлиқни сақлаш – коррупция энг кўп кириб борган соҳа

Ижтимоий сўров натижалари: Соғлиқни сақлаш – коррупция энг кўп кириб борган соҳа
– Нафақат республикамиз, балки ер юзидаги барча мамлакатлар тараққиётига салбий таъсир этаётган, ҳаммани бирдек ташвишга солаётган муаммолардан бири коррупциядир, – дейди «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори ўринбосари Марат Ҳожимуҳамедов. – Марказимиз мутахассислари 2017-2018 йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури ижроси доирасида фуқароларнинг ушбу муаммога нисбатан муносабатини ўрганди.

Респондентларнинг ярмидан кўпи, яъни 56,8 фоиз жамиятимизда коррупция бор, деб ҳисоблайди. Буни Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятлари аҳолиси кўпроқ қайд этган. Сўров шуни кўрсатдики, жамиятда коррупция мавжудлигини шаҳар аҳолиси қишлоқ одамларига қараганда кўпроқ таъкидлаган.

Тадқиқотда қатнашганларнинг 76,3 фоизи фикрича, мазкур иллат ҳамма жойда эмас, балки жамиятнинг айрим соҳаларида бор. Масалан, респондентларнинг 37,6 фоизи томонидан соғлиқни сақлаш, яъни тиббиёт коррупция энг кўп кириб борган соҳа сифатида кўрсатиб ўтилган. Ундан кейин таълим соҳаси (31,4 фоиз) турибди. 

Сўровда иштирок этганларнинг ҳар тўртинчиси ҳуқуқ-тартибот органлари коррупциялашган деган фикрни билдирган. Бандлик, ижтимоий таъминот, коммунал хизмат, банк, солиқ ва божхона идоралари, ҳокимликлар ҳамда бошқалар фаолиятида ҳам коррупция учраши билдирилган.

Сўров давомида коррупциянинг сабаблари ҳақида сўралганда респондентларнинг 64,4 фоизи уни ҳуқуқий, 51 фоизи иқтисодий, 46,3 фоизи ижтимоий, 45,8 фоизи ахлоқий муаммо сифатида кўрсатган.

Сўралганлар фикрича, фуқаролик жамияти кенг миқёсда ривожланмагани, жамоатчилик назорати яхши йўлга қўйилмагани, ҳуқуқий маданиятнинг етарли даражада эмаслиги каби муаммолар коррупциянинг турли идоралар фаолиятида кенг тарқалишига сабаб бўлаяпти.

Гўзал Саттарова, ЎзА
11 055