ЎзА Ўзбек

27.08.2018 17:53 Чоп этиш версияси

Ижтимоий сўров

Ижтимоий сўров
Ватанимиз мустақиллиги байрами арафасида “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази юртдошларимизнинг мамлакатимиз сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий соҳаларда эришган ютуқларига, жамиятдаги маънавий-ахлоқий ва ижтимоий ўзгаришларга муносабатини аниқлаш мақсадида “Ўзбекистон: давлат мустақиллигига 27 йил” мавзуида тадқиқот ўтказди. 

Ижтимоий сўров мамлакатимизнинг барча вилоят ва туманларини қамраб олди, унда қишлоқ ва шаҳарларда истиқомат қилаётган турли миллат ва ижтимоий қатлам вакиллари ҳамда ишлаб чиқаришнинг турли соҳа ва тармоқларида меҳнат қилаётган 18 ва ундан юқори ёшдаги фуқаролар иштирок этди.

Мустақиллик куни мамлакатимиз фуқаролари учун улуғ ва ёрқин байрам бўлиб, аксарият ҳамюртларимиз, яъни аҳолининг 94,6 фоизи ушбу айёмни кўтаринки кайфиятда кутиб олишга тайёр. Ўзбекистон фуқаролари 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида демократлаштириш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, иқтисодиётни модернизация қилиш ва либераллаштириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни тўла қўллаб-қувватлайди.

Сўровда 97,3 фоиз фуқаролар мамлакатимизда мустаҳкам тинчлик ва хавфсизлик сақланаётгани, ижтимоий-сиёсий, миллатлараро, динлараро ва ҳарбий низоларнинг йўқлигини Ўзбекистоннинг энг асосий ютуқлари сифатида қайд этган. Ҳамюртларимиз турли тил, маданият, анъана ва динлар уйғунлиги, тинчлик ва ҳамжиҳатлик ахлоқий меъёр бўлган ўзига хос жамиятни шакллантирганидан чинакам фахрланади. Миллатлараро ва диний бағрикенглик истиқлол йилларида янада мустаҳкамланди ва Ўзбекистоннинг стратегик ресурси ва устунлигига айланди. Сўров иштирокчиларининг фикрича, фуқаролар ўртасидаги тинч-тотувлик жамиятни ҳар томонлама ривожлантирадиган асосий омил ҳисобланади.

Тадқиқот натижалари шуни кўратдики, мустақиллик ва суверенитет Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятга интеграциялашуви, барча давлатлар билан тенг ва ўзаро манфаатли асосда муносабатларни йўлга қўйишига имкон берди.

Сўров иштирокчиларининг 90 фоиздан ортиғи давлатимиз томонидан фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш борасида эришилган натижалардан ва бу борадаги ишларнинг бугунги аҳволидан қониқмоқда. Қатнашчиларнинг 94 фоизи фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш соҳасида эришилган натижалар энг асосий ютуқдир, деган фикрда. Буни Ўзбекистонни дунёдаги энг хавфсиз мамлакатлардан бири, деб тан олган нуфузли “Gallup” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ҳам тасдиқлайди.

Сўров натижалари шуни кўрсатдики, тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган институционал ва таркибий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Сўров иштирокчилари бу борада инновацион ва технологик юксалиш содир бўлаётганини қайд этган. Етакчи халқаро молиявий ташкилотлар ва рейтинг агентликлари берган ижобий баҳолар ҳам кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигидан яққол далолат беради. Сўровда қатнашган якка тартибдаги меҳнат фаолияти, хусусий тадбиркорлик ва фермерлик билан шуғулланаётган фуқароларнинг кўпи давлатимиз томонидан мазкур соҳада яратилган шароитлардан қониқади.

Сўралганларнинг 93,6 фоизи мамлакатимиз саноатини диверсификация ва модернизация қилиш, айниқса, автомобилсозлик, нефть ва газни қайта ишлаш, фармацевтика, маиший техника, халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқариш каби тармоқларни барқарор ривожлантириш бу борадаги муваффақиятларнинг муҳим омили, деб ҳисоблайди. Сўров жараёнида иштирокчилар юртимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатининг сезиларли даражада ошгани, бозорлар маҳаллий маҳсулотлар билан таъминлангани ва уларнинг рақобатбардошлиги ортганини қайд этган.

Фуқароларнинг 86,1 фоизи уй-жой қуриш ишларининг фаоллашганини Ўзбекистоннинг энг муҳим муваффақиятларидан бири, деб ҳисоблайди. Мамлакатимизда аҳоли учун барча қулайликларга эга ва арзон нархларда кўп қаватли уйлар барпо этилмоқда. Вилоят ва туманлар марказларини ободонлаштириш бўйича ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда, қишлоқ аҳолиси, айниқса, эҳтиёжманд қатлам вакилларининг турмуш шароитини босқичма-босқич яхшилашга йўналтирилган “Обод қишлоқ” дастури амалга оширилмоқда.

Сўров иштирокчиларининг 83,2 фоизи қайд этганидек, турли соҳаларда чуқур билимга эга, интеллектуал салоҳияти юқори, баркамол ёш авлодни тарбиялаш борасидаги натижалар таълим тизимини ислоҳ қилиш ва модернизациялаш, мактабгача таълим тизимига бўлган бутунлай янгича ёндашув, мактаб таълими тизимини тубдан ўзгартириш, вилоятларда янги олий таълим даргоҳлари, кадрлар тайёрлаш бўйича замонавий таълим йўналишлари ва мутахассисликлар ҳамда сиртқи ва кечки бўлимларнинг очилиши самарасида қўлга киритилмоқда.

Қатнашчиларнинг 79,1 фоизи мамлакатимизнинг маданият, илм-фан ва санъат соҳаларидаги ютуқларини эътироф қилган. Бунда илм-фандаги ўзгаришлар ва Ўзбекистон Фанлар академиясининг илмий мактаблари тикланиши масалалари алоҳида қайд этилган.

Аксарият фуқаролар (89,7 фоиз) ҳамюртларимизнинг қонунга бўлган ҳурматининг ошганини алоҳида қайд этди.

Ўзбекистон фуқароларининг кўпчилиги давлатимиз раҳбарининг давлат қурилиши ва суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш, иқтисодиётни янада ривожлантириш ва модернизация қилиш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, жамиятда миллатлараро ва динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш бўйича юритаётган сиёсатини маъқуллайди ва қўллаб-қувватлайди.

Сўров натижалари шуни кўрсатдики, мамлакатимиз фуқаролари давлатимизнинг эртанги куни ва истиқболига қатъий ишонади, одамларда ўз ҳаётини янада яхшилашга интилиш, мамлакат тараққиёти ва фаровонлигига дахлдорлик туйғуси кучайган. Тадқиқот моддий аҳволи ва турмуш шароити яхшиланганини қайд этган фуқаролар сони ортганини кўрсатди. Мамлакатимиз фуқароларининг ҳар учинчиси ўзи ва оиласининг моддий аҳволини яхшилашга эришганини билдирган.

Юртдошларимизнинг 99,4 фоизи мамлакатимиз халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётгани ва дунёда муносиб ўрин эгаллаган мустақил суверен республика эканлигидан ғурурланади.

Фуқароларнинг аксарияти (97,3 фоизи) иқтисодиёт, молия, саноат, хусусий тадбиркорлик ва фермерлик, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинлари, ижтимоий ҳимоя, қурилиш, таълим, фан ва маданият, қишлоқ хўжалиги, табиатни муҳофаза қилиш соҳаларида эришилган ютуқлардан фахрланади.

Мамлакатимиз олдида турган муаммоларни муваффақиятли ҳал этишига ишонаётган фуқаролар сони ошгани кузатилмоқда: фуқароларнинг келажакда давлатимизнинг гуллаб-яшнашига ишонч даражаси ортган ва 81,6 фоизга етган. Ушбу кўрсаткич йил сайин ўсмоқда.

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 27 йиллиги арафасида ўтказилган сўров халқимиз ички ва ташқи сиёсатдаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаётганини тўлиқ тасдиқлади. Ҳамюртларимиз давлатимиз раҳбарининг Ҳаракатлар стратегияси доирасида қабул қилаётган қарорларини қўллаб-қувватлайди, мамлакатимизнинг бугунги ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ижобий баҳолайди.

Фуқароларнинг 95,6 фоизи Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқ орасида юксак обрў ва ишончга сазоворлигини билдирган. Уларнинг фикрича, Шавкат Мирзиёевнинг давлат раҳбари сифатидаги фаолияти самарасида юртимизда тинчлик ва ҳамжиҳатлик, барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш таъминланмоқда, аҳоли турмуш даражаси юксалаётир, одамлар ўзгаришларнинг гувоҳи бўлиб, уларни ўз ҳаётида ҳис этмоқда, Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги нуфузи ортиб бормоқда. 

“Ижтимоий фикр” маркази
материаллари асосида
О.Харченко тайёрлади

ЎзА
5 337