Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.08.2018 22:31 Чоп этиш версияси

Ижтимоий акция

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ёшлар, ёш кадрлар ва барча ходимлар учун эълон қилади!

Ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини янада кенгроқ тарғиб қилиш, уларнинг дунёқараши ҳамда ижтимоий-сиёсий онгини юксалтириш, шунингдек, ижодий ва креатив фикрлаш қобилиятларини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи "Бир ҳафтада – бир китоб" акциясини эълон қилади.

Акция ёшлар, ёш кадрлар, тизимнинг Марказий, ҳудудий ва маҳаллий Кенгашлари масъул ходимлари ва фаоллари ўртасида ташкил этилади.

"Бир ҳафтада – бир китоб" акцияси Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг расмий саҳифасида ўтказилади.

Ҳар ҳафта ўнта ўзбек ва жаҳон адабиётига оид асарлар рўйхати тақдим этилади. Китоблар рўйхати овозга қўйилади. Энг кўп овоз олган китоб оммавий ўқиш учун тавсия этилади.

Китоблар рўйхати Марказий Кенгаш Маънавий-маърифий ва миллатлараро тотувлик масалалари бўлими томонидан таклиф этилади. Қолаверса, саҳифа кузатувчилари томонидан тавсия этилган китоблар ҳам инобатга олинади.

Танлаб олинган асар ҳафта давомида ёшлар, тизим ходимлари томонидан мутолаа қилинади, ҳар ҳафтанинг шанба куни саҳифада муҳокама қилинади.

Қолаверса, жонли китоб муҳокамаларини ташкил этиш мақсадида ҳар ойнинг охирги шанба кунида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши аппарати, ҳудудий ва маҳаллий Кенгашлар масъул ходимлари ва фаол ёшлар ўртасида китобхонлик кечалари ташкил этилади ва ой давомида мутолаа қилинган асарлар бўйича баҳс-мунозаралар ташкил этилади.

Акция доирасида фаол иштирок этган ёшлар, ёш раҳбар кадрлар, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи масъул ходимлари аниқланиб, уларни рағбатлантириб бориш кўзда тутилган.

Бугун ташкилот акцияга старт берди. 10 та бадиий китоб овозга қўйилди. Ҳафта сўнггида энг кўп овоз тўплаган асар оммавий ўқишга тавсия этилади.

1. «Алпомиш», халқ достони
2. «Зарбулмасал», Гулханий
3. «Болалик хотираларим», Ойбек
4. «Дунёнинг ишлари», Ўткир Ҳошимов
5. «Алвидо, болалик», Тоҳир Малик
6. «Оқ кема», Чингиз Айтматов
7. «Қобуснома», Кайковус
8. «Кеча ва кундуз», Чўлпон
9. «Чол ва денгиз», Эрнест Хемингуэй
10. «Алкимёгар», Паоло Коэло

Шу билан бирга ёшлар келгуси ҳафта учун қайси китобни ўқишни хоҳлашини ҳам маълум қилиши мумкин. Мутасаддилар ушбу акция ёшларнинг дунёқарашини ўзгартириши ва креатив фикрлашига замин яратишига ишонч билдирмоқда.

Гулчеҳра Ашурова 

ЎзА
8 701