ЎзА Ўзбек

29.08.2018 17:56 Чоп этиш версияси

Ижодкорларга гувоҳномалар топширилди

Ижодкорларга гувоҳномалар топширилди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида таниқли шоир ва ёзувчилар, ёш ижодкорлар иштирокида адабий тадбир ташкил этилди.

Мамлакатимизда барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, аввало, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, тинчлигимизни асраш, халқимизнинг фаровонлигини таъминлаш, ёшларимизнинг маънавиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

24.JPG

Бу жиҳатлар ҳар бир кун, ҳар бир лаҳзада ўз ифодасини топмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда адабиёт, санъат ва маданият ривожига эътибор қаратилаётгани, Президентимизнинг юртимиздаги етакчи ижодий ташкилотларнинг “Дўстлар клублари”ни ташкил этиш, уларга йирик корхона, банк ва компанияларни ҳомий сифатида бириктириш, шартнома асосида уларнинг доимий ҳамкорлигини йўлга қўйиш ташаббуси бугун ўз самарасини бераётир.

Президентимизнинг жорий йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори миллий адабиётимиз ривожини янги босқичга кўтариш бўйича улкан ислоҳотларни бошлаб берди. Тадбирда мамлакатимизда ижод аҳли учун яратилаётган кенг имкониятлардан оқилона фойдаланиш, истеъдод ва салоҳиятини Ватан равнақи йўлида сафарбар этиш ҳар бир ижодкорнинг бурчи экани алоҳида таъкидланди.

Ана шу бурчини сидқидилдан адо этиб келаётган бир гуруҳ фахрий ижодкорлар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан рағбатлантирилди. Шу куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг янги аъзоларига аъзолик гувоҳномаси топширилди.

28.JPG

Улар орасида ёш ёзувчи Байрам Айтмуродов ҳам бор.

– Бугун мен учун қувончли кун, – дейди Б.Айтмуродов. – Энг улуғ, энг азиз айёми арафасида Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинганим мени янада руҳлантирди. Ўйлайманки, бу ҳар бир ёш ижодкорнинг орзуси. Президентимиз томонидан ижод аҳлига кўрсатилаётган ғамхўрлик, яратилаётган шарт-шароитлар бизни янги марраларга етаклайди. Илҳомланиб, жўшиб ижод қилишга ундайди.

Моҳигул Қосимова, Темур Мамадаминов (сурат) ЎзА
3 699