ЎзА Ўзбек

07.08.2018 16:36 Чоп этиш версияси

Ижодкор масъулияти

Ижодкор масъулияти

Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!

Мамлакатимиз Президентининг ижодкор зиёлилар билан ўтган йили 3 августда ўтказган учрашуви кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари ўтишдаги яна бир муҳим тарихий қадам бўлди.

Учрашувда Президентимиз томонидан "Мамлакатимизда олиб борилаётган бугунги кенг кўламли ислоҳотлар, янгиланиш ва ўзгаришлар жараёнида ижодкор зиёлиларимизнинг ўрни ва ҳиссаси қандай бўлмоқда?", деган кўндаланг савол ўртага ташланган эди.

Алишер Навоий номидаги Миллий боғда Адиблар хиёбонининг бунёд этилиши, адабиётимизнинг буюк намояндаларига бағишлаб ёдгорлик мажмуаларининг ўрнатилиши, узоқ йиллар мобайнида муқим бир жойда фаолият олиб бормаган Ёзувчилар уюшмаси учун махсус бино қурилиб, фойдаланишга топширилганлиги адабиёт аҳлига кўрсатилган катта эътибор бўлди. Бугунги кунда ушбу даргоҳда ўтказилаётган ҳар бир тадбир, ижодий учрашувлар, дилбар мушоиралар адабиётимизга ёш, навқирон истеъдодларнинг кириб келишида катта аҳамият касб этмоқда. Вилоятлардан келиб, хиёбонда улуғлар ҳайкали олдида қалдирғочлардек тизилиб шеър ўқиётган ёшларни кўриб, беихтиёр Шавкат Раҳмоннинг “Ўзбекнинг қоракўз болаларига, битта дунё қолсин ҳайратлик” деган сатрлари ёдга тушади.

Халқимизнинг бой маданий меросини тиклаш ва ўрганиш мақсадида пойтахтимизда Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази барпо этилиши, Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази, Ўзбекистоннинг янги тарихи маркази фаолияти йўлга қўйилиши ўзбек халқининг беқиёс тафаккурини дунёга кўрсатиш, инсон ботинида қандай қудратли куч, салоҳият борлигини юзага чиқариш йўлидаги беқиёс қадамлардир. Китобхонлик, мутолаа маданиятидан халқнинг узоқлашиб қолгани барчанинг кўнглида жароҳатга айланаёзган бир пайтда яна китобхонликка қайтиш кўнгил кўзларининг ярқираб очилишига қиёски, ижтимоий тармоқлардаги инсон қалбига йўналтирилган қабоҳат, жаҳолат илдизларини фақат маърифатгина бартараф қилишга, қирқиб ташлашга қодир.

Наманган вилоятида улкан маърифатпарвар Ибрат домла, Жиззах шаҳрида атоқли ижодкорлар Ҳамид Олимжон, Зулфия ва Шароф Рашидов, Хоразм вилоятида оташнафас ҳофиз Комилжон Отаниёзов, Нукус шаҳрида Ўзбекистон Қаҳрамони, шоир Ибройим Юсупов, Фарғона, Қашқадарё ва Андижон вилоятларида Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва Муҳаммад Юсуф номи билан аталадиган ижодий мактаб ва марказлар ташкил қилинди.

Зомин ва Паркентда қурилаётган ижод уйлари, уюшма аъзолари учун имтиёзли ипотека кредити асосида қурилаётган кўп қаватли уйларни айтинг...

Бундан йигирма йил аввал Президент ташаббуси билан ташкил этилган ёш ижодкорлар Зомин семинарининг қайта тикланиши, Ўриклисойда бўлиб ўтган илк анжуманлар ҳозиргидай кўз ўнгимда. Улуғ устозлар Абдулла Орипов, Турсуной Содиқова, Муҳаммад Юсуф ва бошқа азизлар бугун орамизда йўқ, бироқ уларнинг асарлари халқ мулкига айланган.

Давлатимиз раҳбари ижодкор зиёлилар билан учрашувида маданиятимиз ва санъатимизнинг ривожланиш жараёнларидаги ижобий тенденциялар билан бирга, айрим салбий ҳолатлар, хусусан, тўй-ҳашамлар, эстрада қўшиқчилиги, саёз китоблар, уларнинг жамият ҳаётига таъсири ҳақида атрофлича фикр юритиб, халқимизнинг маънавий камолотида ижодкорларнинг хизмати беқиёс эканини алоҳида таъкидлаган эди.

Бугунги замонамиз қаҳрамони ким? Унинг бадиий асардаги ифодаси қандай? Ўзбек адабиётининг дурдоналарини дунёга олиб чиқиш учун таржимонларимизнинг ижодий имкониятлари етарлими?

Ўтиб бораётган вақт ҳар бир ижодкордан янада фаоллик, янги-янги ижодий ғоя ва ташаббуслар билан яшаш, изланиш руҳини талаб этмоқда.

Шунингдек, Президентимиз таъкидлаганидек: “Ўзбекистонда адабиёт ва санъат, маданият, оммавий ахборот воситалари, маънавият ва маърифат бизнесга айланмаслиги шарт ва биз бунга ҳеч қачон йўл қўймаймиз”.

Чунки ижодкорнинг улуғ сўз олдидаги масъулияти ушбуни тақозо этади.

Шарифа Салимова,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
маданият ходими, шоира

ЎзА
10 397