ЎзА Ўзбек

13.08.2018 20:35 Чоп этиш версияси

Ижодий юксалиш сари рағбат

Ижодий юксалиш сари рағбат Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллигига бағишлаб “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий кўрик-танловининг Жиззах вилояти босқичи бўлиб ўтди.

Унда адабиёт, санъат, журналистика соҳаларида тақдим этилган ижодий ишлар бадиий савияси, мақсад ва ёндашувлари билан ўтган йилгидан анча юксалгани танлов ҳайъати ва мутахассислар томонидан эътироф этилди.

– Давлатимиз раҳбарининг ўтган йили ижодкорлар билан учрашувда адабиёт, журналистика, маданият ва санъатнинг жамият тараққиётидаги ўрни ва аҳамиятини ошириш бўйича белгилаб берган вазифалари ҳаммамизни сергаклантириб, Ватан, халқ олдидаги бурчимизни чуқур ҳис этишга ундади, – дейди ёзувчи Абдулла Аҳмад. – Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда ҳеч бир ижодкорни бефарқ қолдирмайдиган тарихий ислоҳотлар амалга оширилаётир. Шаҳар-қишлоқларимизни обод, халқимиз турмушини янада фаровон қилиш, давлатимизнинг халқаро обрў-эътиборини юксалтириш йўлида амалга оширилаётган ишларни, тараққиётимизга тўсиқ бўлаётган иллатларни рўй-рост ёритиш биз ижод аҳлининг зиммасига катта масъулият юклаётир.

Кўрик-танловда адабиёт йўналишида ёзувчи Абдулла Аҳмад “Ўлимга тик боққанлар” романи, “Жиззах ҳақиқати” – “Джизакская правда” газеталари бўлим муҳаррири Васил Илёсов суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар мавзусидаги мақолалари, вилоят телерадиокомпаниясининг бўлим муҳаррири Ўткир Холбеков “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари ижросига бағишланган туркум кўрсатувлари, мусаввир Андрей Холов рангтасвир асарлари учун биринчи ўринни эгаллади.

Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
5 923