ЎзА Ўзбек

10.07.2018 18:05 Чоп этиш версияси

Ижодий имтиҳонда ўзгариш: иккинчи блокдан тарих фани олиб ташланди

Ижодий имтиҳонда ўзгариш: иккинчи блокдан тарих фани олиб ташланди

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетига ўқишга кириш учун ижодий имтиҳонлар яқинлашгани сайин абитуриентларни қизиқтираётган саволлар ҳам ортиб бормоқда.

“Ижодий имтиҳоннинг оғзаки босқичида қандай саволлар бўлиши мумкин? Абитуриентнинг ОАВда эълон қилинган ижодий ишлари талаб қилинмайдиган бўлибдими?” дея қизиқаётган ота-оналар, абитуриентлар кўплаб топилади.

Шу ва бошқа саволларга жавоб топиш учун Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида ўтадиган ижодий имтиҳон қоидалари билан қизиқдик.

Камола Юсупова,
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар
университети матбуот котиби:


– Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 24 майдаги қарори билан ташкил этилган Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси бўлиш истагидаги ёшлар кўпчиликни ташкил қилмоқда. Мазкур олий ўқув юрти васийлик кенгашининг биринчи мажлисида маълум қилинганидек, ижодий имтиҳонлар икки босқичда – биринчи босқичида соҳа мутахассислари иштирокида оғзаки суҳбат ўтказилса, кейинги босқичда эса абитуриентлар берилган топшириқ бўйича ижодий иш ёзишлари талаб қилинади.

Ижодий имтиҳонларда журналистика соҳасини танлаган абитуриентнинг нутқи равонлиги, фикрининг аниқ ва лўнда билдира олиши муҳим омиллардан бири сифатида қаралади. 

Энг катта янгилик бу — иккинчи блокдаги тарих фани олиб ташланиб, ўрнига ижодий имтиҳон қўйилганидир. 

 Ижодий имтиҳоннинг умумий бали 63 балл (2.1х30). Имтиҳоннинг оғзаки синовига энг юқори – 26 балл қўйилиши белгиланган бўлса, ёзма имтиҳон учун 37 баллгача баҳоланади. Ёзма имтиҳонда абитуриентнинг муайян бир мавзуни қанчалик моҳирона ёритиб бера олиш салоҳияти синовдан ўтказилади.

Бу йилги ижодий имтиҳонлар икки кун – 17-19 июль кунлари ўтказилади. Биринчи куни оғзаки имтиҳон бўлади.

Хабарингиз бор, университетимизда 8 йўналиш бўлиб, оғзаки имтиҳонни қабул қилишда ана шу йўналишлар бўйича таниқли ва тажрибали журналистлар, ўз касбининг усталари таклиф этилган. Улар соҳага доир саволлари билан абитуриентларни синовдан ўтказишади.

Абитуриентлар ОАВда эълон қилинган ижодий ишларини тақдим этишлари бўйича Низомда талаб қўйилмаган. Аммо, чоп этилган мақолаларни имтиҳон куни олиб келишлари мумкин. Бироқ бунинг учун қўшимча балл қўйилмайди. Иккинчи куни иншо ёзилади, унинг мавзулари ўша куни маълум қилинади. 15 июль санасида абитуриентлар учун маълумотлар берилади.
Таълим муассасаси Васийлик кенгашининг биринчи йиғилишида университет ректори бу йилдан бошлаб, Туркия, Жанубий Корея, Россия ва бошқа илғор мамлакатларнинг шу соҳадаги обрўли университетлари билан ҳамкорлик қилиш режалаштирилаётганини ҳам айтиб ўтган эди. Қолаверса, университет талабалари биринчи курсданоқ бевосита амалиёт ўтай бошлайди.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, янги ўқув йилида университетнинг бакалавр йўналишига 100 нафар, магистратурага 30 нафар, сиртқи бўлимга эса 30 нафар талаба қабул қилиниши кўзда тутилган. 

photo5325570786762795219.jpg

photo5325570786762795220.jpg

Васила Ҳабибуллаева, ЎзА
10 316