ЎзА Ўзбек

17.07.2018 20:36 Чоп этиш версияси

Ижодий имтиҳон: у қандай ўтди?

Ижодий имтиҳон: у қандай ўтди?
Сира ёдимдан чиқмайди. Университетнинг 4-босқичида ўқиб юрган кезимиз таниқли публицист, қалами ўткир устозимиз ҳафтанинг ҳар душанба ва сешанба кунлари дарсга кирарди. Мазмунли дарсларнинг бирида устоз "бугун нега айнан журналистика факулътетига кирганингиз ва шу соҳани танлаганингиз, келгуси режалар ҳақида ижодий иш ёзасиз, фақат ҳақиқатни яширмай рўй-рост ёзинг", деб вазифа берди.

Ҳамма устозни ҳурмат қилгани учунми ёки эрта-индин битираман, энди ортиқча жимжимадор фикрларнинг кераги йўқ, дедими ҳар тугул пафосларга берилмай қоғоз қоралашга киришди. Келгуси дарс ижодий ишларни ўқиб келган устознинг қадди янаям букилгандек, кўзлари, нигоҳларига ғам оралагандек туюлди менга.

7 (1).jpg

Боиси ижодий ишларнинг ярмидан ошиғи телевизорда фалон журналистнинг чиройли гапиришига ҳавас қилганим, мактабда тадбирларда жуда яхши шеърлар ўқиганим, бошқа «баландроқ» университетга кира олмаганим, дипломли бўлиш учун каби фикрлар билан тўлиб тошган, келгуси режалар ҳақида эса мавҳумий фикрлар битилган эди. Тўғри, ишлар орасида бир-иккита талабаларнинг тиниқ фикрлари, келгусидаги аниқ ҳаётий, касбий режалари туширилган ижод намуналари ҳам бор, бироқ эрта-индин диплом олиш арафасида турган журналистлар учун бу миқдор жуда-жуда камчиликни ташкил этарди.

Журналистика бироз «пастроқ» бўлгани учун танлаганлар

Устознинг матбуот муаммоларига бағишланган дарсида фан олдида турган асосий муаммо нима, деган саволига талабалардан бирининг "мен матбуотнинг келажаги йўқ, деб ўйлайман ва газетани яқин келажакда бутунлай воз кечиладиган нарса, деб биламан", деган гапидан қаттиқ жаҳли чиққан эди. Ўкинч билан "матбуот келажагига ишонмас экансан, нега журналист бўлишга қарор қилдинг?! Демак, мен сенга эртага керак бўлмайдиган илмни ўргатаётган эканман-да", дея айтган сўзлари ёдимда. Бу зарбни ҳали ҳазм қилиб улгурмаган устозга қараб яна бир талаба "мен «юридический»га киролмаганим учун, журналистика бироз «пастроқ» бўлгани учун ўқишга кирганман, келажакда барибир журналист бўлмайман, ички ишлар ходими бўламан" деган гапидан сўнг кекса устознинг қадди янада букилиб, юзларида чуқур изтироб излари кўринган эди. Ахир, шу каби фикрлайдиган талабаларга дарс беришдан қийинроғи, азоби борми. Бири эртасига ишонмаган касбни танлаган бўлса, яна бири фақат диплом учунгина юрибди, яна бири журналистикада ўқиш осонроқ, деб ўйласа, баъзи қизлар келаётган совчиларнинг «ўқиган қиз экан» деган баҳоси учунгина келиб-кетади.

16.jpg

Ҳа, факультетда ана шундай адашиб кириб қолганлар, мақсадсизлик касали билан оғриган талабалар кўпчилик эди. Афсус...

Бугун-чи?

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ўз гарданига катта мақсадлар, кескин ислоҳотларни амалга ошириш вазифасини олди. Иккита факультетда жами 8 йўналишни ўз ичига олган университетнинг дастлабки оғзаки тарздаги ижодий имтиҳони ташкил этилди. Университетга қарийб 700 га яқин абитуриент ҳужжат топширган бўлса, уларнинг 100 нафаригина талабаликка қабул қилинади. Демак, уларни саралашда хатоликка, янглиш қадам ташлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Шерзодхон ҚУДРАТХЎЖАЕВ, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори:

– Бугун университетимиз учун тарихий кун, боиси биринчи ижодий имтиҳонларни бошладик. Авваллари оғзаки имтиҳон деярли ўтказилмаган, унинг афзаллик томони – суҳбат чоғида сиз талабанинг кўзидаги учқун, касбга бўлган лаёқатни илғашингиз мумкин. Биз бугунги ижодий имтиҳонга абитуриентлар фикрини билиш, ижодий потенциалини аниқлаш учун профессор-ўқитувчиларни эмас, балки тажрибали амалиётчиларни таклиф этдик. Таниқли журналистлар, бош муҳаррирлар, юртимиз журналистикаси ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган 35 га яқин амалиётчилар абитуриентлар билан суҳбатлашмоқда. Оғзаки имтиҳон учун 0 дан 26 баллгача бўлган тизимда баҳоланади. Бундан ташқари, абитуриентлар ёзма ижодий имтиҳонда 0 дан 37 гача, жами максимал 63 балл тўплаши мумкин. Тест блоклари орасидан асосий эътибор она тили ва адабиёти ва чет тилига қаратилди ҳамда тарих фани блоклар орасидан чиқарилди. Тарихни билиш зарурлигини инкор этмаган ҳолда айтиш мумкинки, журналист, аввало, ўз она тили, адабиёти ва хорижий тилларни яхши билиши керак. Ўқишга қабул қилинган ёшлар университет эшигидан кирганиданоқ инглиз тилида ҳам ўзаро мулоқот қилиши зарур. Мақсад ёшларимизни ҳозирги кунда замон талабига айланган хорижий тилларни билишга ундаш.

...Оғзаки имтиҳонни топширган ёшларни зимдан кузатаман. Уларга ҳам осон эмас, қаршисида ўз тажриба мактабини яратган таниқли устоз журналистлар турибди, улар ёнида ҳаяжонга тушмай бўладими?!

Бу йигитча спорт журналисти бўлиш истагида ҳужжат топширган эди, бугун ундан оғзаки имтиҳонни кечагина телевизиорда жаҳон чемпионати ўйинларини шарҳлаган, ўзи ҳавас қилган севимли шарҳловчиси олди, уни 10 дақиқа тинглади, у билан баҳслашди.

17.jpg

Босма ОАВ йўналишига киришни мақсад қилган қиз эса фақат китоблари, публицистик мақолаларини ўқиб ғойибона таниган машҳур публицист билан илк бор учрашди. Соҳа ҳақидаги фикрларини баралла айтди. Устоз публицистнинг китобларида келтирилган фикларини етказишга ҳам улгурди.

Яна кимларнингдир қиёфасида бироз қўрқув, ташвиш ифодаси, кимларнингдир қўли ижод намуналари солинган файллар билан тўлиб-тошган. Оғзаки имтиҳондан чиқаётган абитуриентларнинг баъзилари билан суҳбатлашдик.

Чўлпоной АҲМЕДОВА:

– Имтиҳон олаётган устозлар "журналистика сен учун нима", деб сўрашганида, мен иккиланмай "сўз сиёсати", деб жавоб бердим. "Кўз олдинга келтир – давлат, халқ ва ўртада журналист, у қайси бири манфаати учун ҳаракат қилиши, талабини бажариши керак", деб сўрашганда эса "халқ манфаати ҳар доим биринчи ўринда туриши лозим, журналист халқ ва давлат ўртасидаги кўприкдир", дедим. Улар кўпроқ фикр, унинг мазмуни билан қизиқишаяпти. Мен бу йил еттинчи бор ҳужжат топширишим. Ижодий ишларим «Оқдарё овози», «Зарафшон», «Ёшлик», «Тошкент оқшоми», «Тонг юлдузи» нашрларида эълон қилинган. Кўпроқ эссе, очерклар ёзаман, ҳозир фельетон ёзишни машқ қилаяпман. Тест синовларига ҳам тайёрланганман, бу йил талаба бўлишдан умидворман.

Ситора ЖЎРАБОЕВА:

– Дастлаб устозлар салобатидан бироз ҳаяжонландим, суҳбат жуда самимий бўлди. Журналист касбини мураккаб касблардан бири, деб биламан. Мен телерадио журналистика йўналишига ҳужжат топширдим. Ёшлигимдан шу соҳага қизиқаман, мақола, шеър, ҳикоялар ёзаман. Бундан ташқари, Қашқадарё вилоятидаги «Олтин воҳа» радиосида бир неча дастурлар бошловчисиман. Кўпчилик тенгдошларим қатори талабалик бахти насиб этишига умид қиламан.

Ўн дақиқалик қум соатлардаги сўнгги қум зарралари тугагунча абитуриент билан суҳбат қуриб, унинг соҳага бўлган лаёқатини кузатиш, улар орасидан қобилиятлисини саралаш осон вазифа эмас. Ана шундай масъулиятли вазифани ўз гарданига олган амалиётчи устозларнинг оғзаки имтиҳон борасидаги фикрлари билан қизиқдик.

Фахриддин КАРИМОВ, «Ёшлар овози» ва «Молодёж Узбекистана» газеталари бош муҳаррири:

– Янги университет ижодий имтиҳонида бир қанча ўзига хосликлар бор. Бунда абитуриентнинг руҳий-психологик, тафаккур нуқтаи назаридан дунёқараши синовдан ўтказилади. Биз ижодий имтиҳон деймиз, бу аслида сиёсий имтиҳон. Бугунги замон талабидан келиб чиқсак, журналистика сиёсий соҳага айланиб бормоқда. Ижодий имтиҳонда амалиётчиларнинг иштироки, индивидуал суҳбат ва шу вақтнинг ўзида баҳоланётгани имтиҳон топширувчи учун аҳамиятли. Абитуриентлар тафаккур даражасига тўхталадиган бўлсам, жуда оддий, элементар саволларга ҳам жавоб топа олмаётганларини ҳам, ўзининг мустақил фикри, позициясига эга бўлганлари ҳам бор. Умумий кузатишлардан эса шу нарса аён бўлаяптики, аксарият ёшлар ўйлаш, орзу қилиш босқичидан қарор қилиш, амалий ишга киришишга ўта олмаяпти. Афсуски, билимдан, мутолаадан анчайин узоқлашган ёшларни кўп учратдик, ҳамма айб уларда эмас, албатта. Имтиҳондан кейин ҳам устозларимиз ўз сўзларини, фикрларини мақолалар тарзида кенг жамоатчиликка етказиш тадоригини кўришар. Чунки бугун биз амалиётчилар ҳам ўзимиз учун камчиликлар, қилиниши керак бўлган ишларимизни янада аниқроқ билиб олдик. Биз учун ҳам қайсидир маънода имтиҳон бугун.

Гулнора НИШОНОВА, филология фанлари номзоди, доцент:

– Бугун биз ахборот хизматлари йўналиши бўйича ҳужжат топширган абитуриентлар билан суҳбатлашаяпмиз. Лекин бераётган саволларимиз, асосан, ахборот хизматлари бўйича эмас, балки умумий журналистикага дахлдор. Чунки ахборот хизматида журналист кадрлар ишлаши лозим. Абитуриентлар орасида катта сумка кўтариб, ўзининг ижодий ишлари, фахрий ёрлиқлари, турли тавсияномалар билан келганлари ҳам бор. Биз улар орасидан журналистика соҳасига қобилиятлиларини саралашга интилаяпмиз. Абитуриентлар орасида шундайлари ҳам борки, ҳали амалда журналистика соҳасида қалам тебрата бошламаган бўлса-да, лекин фикр доираси, илми жуда кенг. Улардан келгусида яхши журналистлар чиқади. Суҳбат давомида улардан журналист дуч келиши мумкин бўлган турли вазиятлардан қандай чиқиб кетиши ҳақида сўрадик, биласизми, улар вазиятдан тўғри чиқиб кетиш йўлларини айта олаяпти. Биз мана шундай ёшларга, амалий фаолиятни ҳали бошлаб улгурмаган бўлса-да, юқори баҳо қўйдик. Биз учун фикр, жасорат, ҳақпарварлик бирламчи мезон.

Кун давомида оғзаки ижодий имтиҳонларни кузатиб кўнглимиз анча таскин топди. Имтиҳон ташкил этилган Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети биносидан чиқар эканмиз янги университет фаолиятига муваффақият тилай туриб, устозлар мақола аввалида келтирган кекса устоз аҳволига тушмаслигига, «адашиб кирганлар»га дарс беришга маҳкум бўлмаслигига чин дилдан умид қиламиз.

Инобат Аҳатова, Фарҳод Абдурасулов (сурат) ЎзА
17 846