ЎзА Ўзбек

26.06.2020 Чоп этиш версияси

ИЖОДГА БАХШИДА УМР

ИЖОДГА БАХШИДА УМР

27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни

1974 йилнинг охирлари эди. “Гулистон” журнали таҳририятига Тинч океани ҳарбий флотидан бир конверт келди. Мазкур алоқа воситаси орқали ҳарбий флот аскари Алишер Ибодинов ўзининг “Гул сафсар ҳиди” номли ҳикоясини юборган эди. Буни қарангки, оддий бир аскарнинг айни ижод маҳсули таҳририят жамоасини, айниқса бош муҳаррир, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Асқад Мухторни ҳайратга солди. Шу боис Асқад ака ёш қаламкашга жавоб мактуби йўллади: “Ассалому алайкум, Алишер! Соғлиғингиз яхшими? Юборган ҳикоянгизни олдик, бизга жуда маъқул бўлди. Уни журналимизнинг келгуси, янги йилдаги илк сонларидан бирида чоп этишни режалаштирдик. Ижоддан асло тўхтаманг. Биласиз, май ойида (1975 йил май назарда тутилган-муаллиф) Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 30 йиллиги нишонланади. Бинобарин, бизга ҳарбий флотда хизмат қилаётган ўзбек аскарлари ҳақида ҳам ёзиб жўнатсангиз!”.

Шундан кейин юқоридаги ҳикоя “Гулистон” журналининг 1975 йил февралдаги 2-сонида эълон қилинди. Энг муҳими, “Гул сафсар ҳиди” анчагина шов-шув ҳамда муштарийлар эътирофига сазовор бўлди.

Албатта, бу воқеа фарғоналик устоз журналист, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Алишер Ибодиновнинг ижодий фаолияти, таъбир жоиз бўлса, ҳаёт йўлининг дебочаси бўлиб қолди.

– Ўша йили ҳарбий хизматдан қайтаётиб Тошкентга тушганимда “Гулистон” таҳририятига, Асқад Мухторнинг олдига кирдим, - дея эсга олади Алишер ака. – У киши мен билан самимий ва дўстона тарзда узоқ суҳбатлашди. Сўнг Асқад аканинг далдаси ҳамда ёрдами билан Тошкент давлат университетининг Журналистика факультетига ўқишга кирдим. Аслида биринчи маротаба Ватан ҳақида ёзган шеърим 1967 йилда – 8-синфда ўқиётганимда туманимизнинг “Пахта учун” (ҳозирги “Давр овози”) газетасида чиққан.

Дарҳақиқат, эътироф ва рағбат ҳар қандай ижодкорни, журналистни янги асар, шеър ёки янги мақола ёзишга илҳомлантириши шубҳасиз. Шу маънода айтганда, Алишер Ибодиновнинг бири биридан теран, сермазмун “Денгизчи”, “Кўл бўйида” ва “Бир томчи ёш” ҳикоялари, ҳатто илк китоби – “Гул сафсар ҳиди” (ҳикоялар тўплами) ҳам айнан талабалик йилларида (1977 йил) чоп этилган. Унинг “Қуёш ҳам олов” деб номланган иккинчи китоби эса олийгоҳни тамомлаётган 1980 йили нашр юзини кўрган.

Буни қарангки, Алишер ака бир умрлик бахти, рафиқасини ҳам айнан ўша кезларда топган. Аниқроғи, ҳарбий хизмат давридаёқ ўз ўқувчиларини топган, талабаликнинг олтин дамларида ҳикоялари қўлма-қўл бўлиб ўқилаётган йигит Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳридан бўлган курсдоши Холида Жабборованинг кўнглини ром этганди.

photo_2020-06-26_13-03-35.jpg

Мана, шундан буён қирқ йилдан зиёд вақт ўтди. Ортда қолган йиллар мобайнида Алишер Ибодинов собиқ “Коммуна” (ҳозирги “Фарғона ҳақиқати”) газетаси мухбири, бўлим мудири, вилоят ижроия қўмитаси масъул ходими, собиқ “Совет Ўзбекистони”, кейинчалик “Ўзбекистон овози” газеталарининг Фарғона вилояти бўйича махсус мухбири, вилоят прокуратураси муассислигидаги “Адолат йўли” ҳуқуқий газетаси ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлигининг “Фарғона ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири вазифаларида меҳнат қилди. Мен айниқса, устознинг мамлакатимиздаги дастлабки ҳуқуқий нашр саналмиш “Адолат йўли” ҳуқуқий газетаси бош муҳаррири бўлиб ишлаган даврини алоҳида, мамнуният билан эътироф этишни истардим. Яъни, 1993 йилнинг 1 сентябрида Фарғона вилояти прокуратураси томонидан таъсис этилган ушбу газета 1994-2008 йилларда Алишер Ибодинов бош муҳаррирлигида чоп этилган. Ўшанда “Адолат йўли” нафақат прокуратура органларининг, балки вилоятдаги бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг ҳуқуқий тарғибот минбарига айлангани, муштарийлар у орқали эл таниган ёзувчи ва шоирлардан тортиб, ёш қаламкашларнинг ҳам ижод намуналаридан баҳраманд бўлганликларини фарғоналик юртдошларимиз яхши эслашади. Хусусан, бош муҳаррир Алишер Ибодиновнинг давомли қисса ва детектив ҳикоялари эълон қилинганда газетхонлар нашрнинг ҳар бир сонини интиқлик билан кутишгани рост. Ёки “Адолат йўли” аралашуви билан бузилган ҳуқуқ ва эркинликлари тикланган фуқароларнинг саноғи йўқ. Шунинг учун бўлса керак, газета адади 37.000 нусхагача кўтарилган. Ана шу каби жиҳатлари билан “Адолат йўли”да республикамизнинг бошқа ҳуқуқий нашрлари ибрат олса арзигулик мактаб яратилган. Ёки Алишер аканинг “Фарғона ҳақиқати” газетасига бош муҳаррирлик қилган даврини эсга олайлик. Ўзининг айтишича, 1935-37 йилларда отаси Умарали Ибодинов “Коммуна” газетаси (“Фарғона ҳақиқати” узоқ йиллар “Коммуна” номи билан чиққан)да бўлим муҳаррири вазифасида ишлаган. Ўша кезларда Умарали ота салкам етмиш беш йилдан сўнг ўғли газетага бош муҳаррир этиб тайинланишини хаёлига ҳам келтирмагандир.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, қалам аҳлининг нафақат дастлабки ўқувчиси, балки доимий мададкори ва суянчи унинг оиласи – умр йўлдоши саналади. Шундай экан, Холида опа ўзи журналист бўлгани учун ҳам бу борада Алишер акага чинакам мухлис, маслаҳатгўй, ўрни келганда мунаққидлик қила олган. Бугун Фарғона вилоят мактабгача таълим бошқармаси муассислигида нашр этилаётган “Улуғ Эл” газетаси эса Алишер Ибодиновнинг машаққатли меҳнатлари, изланишлари, қолаверса Холида Жабборованинг қимматли тавсиялари, ижодий кўмаги самарасидир.

Дарвоқе, оиладаги адабий муҳит қаҳрамонимизнинг катта ўғли Улуғбек Ибодиновнинг ота касбини танлашига бош омил бўлган, десак янглишмаймиз. Ҳаттоки, Улуғбек ўз тақдирини сурхондарёлик курсдоши Саидахон билан боғлагани ҳам “От ўрнини той босар” деган пурҳикмат нақлни эслатган бўлса ажаб эмас. Айни пайтда Улуғбек Ибодинов “Маҳалла” газетасида, турмуш ўртоғи Саидахон эса “Гулхан” журналида фаолият юритмоқда.

Алишер Ибодиновнинг “Оқ, оппоқ булутлар” (1982 йил), “Қўрбоши Мадаминбек” (1992 йил), “Олтиариқ тарихидан лавҳалар” (1995 йил), “Латофат дўконидаги қатл” (2000 йил), “Соҳил яқин, яқин...” (2010 йил), “Шафқатсиз тоғлар”(2012 йил) китоблари миллий адабиётимиз хазинасини нақадар бойитганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Айни пайтда эса адибнинг “Худоёрхоннинг сўнгги кунлари” асари “Шарқ” нашриёт матбаа акциядорлик компаниясида чоп этилмоқда.

– Бугунги кунда айрим юртдошларимиз босма нашрлар йўқолиб, уларнинг ўрнини интернет сайтлари эгаллашини бот-бот таъкидлашмоқда. Сизнинг бу борадаги фикрингиз қандай?, - сўраймиз устоздан.

– Бу мутлақо нотўғри фикр, – дейди Алишер Ибодинов ўйлаб ҳам ўтирмай. – Мана, дунёнинг ривожланган давлатлари АҚШ, Япония, Россия, Жанубий Корея, Хитой ва бошқа мамлакатларида интернет нашрлари биздагига нисбатан ўн карра, юз карра тараққий этган. Аммо шундай давлатларда ҳам матбуот яшаяптику. Аксинча, уларда газета ва журналлар миллионлаб нусхада чоп этилмоқда. Негаки газета ва журнални юз йилдан кейин ҳам қўлга олиб ўқиш мумкин. Бироқ ижтимоий тармоқда эълон қилинган хабар ёки мақолани шунча даврдан кейин тополмайсиз.

Чиндан ҳам айни фикрлар исбот талаб қилмас ҳақиқатдир. Негаки матбуот ҳамиша жамият кўзгуси бўлиб келган, шундай бўлиб қолади ҳам. Бинобарин, биз фурсатдан фойдаланиб, барча ҳамкасбларимизни, Алишер Ибодинов сингари қалб қўрини, умру жонини ижодга бахшида этган устозларни эртанги табаррук сана – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан муборакбод этамиз!


3 180
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА