ЎзА Ўзбек

26.08.2018 12:18 Чоп этиш версияси

Ижод замирида яширинган ижод...

Ижод замирида яширинган ижод...
Ўзбекистон Давлат санъат музейи экспозиясидан мебеллар коллекцияси ҳам алоҳида ўрин эгаллаган. Негаки, бу нодир асарлар Россия, Ғарбий Европа ва хорижий Шарқ мамлакатлари мебелсозлиги тарихини ўзида намоён этгани билан аҳамиятлидир.

Айниқса, улар орасида Италия, Германия, Испания, Хитой ва Япония мебелсозлиги намуналари ўзининг тарихийлиги билан ажралиб туради. Масалан, Шимолий Германия мебелсозлигига оид жавонни ўзига хос санъат асари дейиш мумкин. XVIII асрга мансуб ушбу асар дуб дарахтидан ясалган бўлиб, унда ёғоч ўймакорлигининг бетакрор жиҳатларига шоҳид бўласиз. Жавонда ўйилган ижодий лавҳаларда инсонлар қиёфаси ва уларнинг касби корлари тасвир этилган. Бу қиёфалар қўлларида мусиқа асбоблари, ёки китоблар ушлаган ҳолатда ифода этилгани билан кишини ҳайратлантиради. Чунки улардаги ижод замирида ижод яширинганини англагандай бўласиз... 

2.jpg

XVII-XVIII асрларга оид Россия мебеллари ҳам Ғарб мебелларидан сира қолишмайди. Шу асрларга мансуб йиғма стол ёғочдан ишланган бўлиб, у садаф билан безак берилган. Шимолий Хитой анъаналарини ўзида акс эттирган ётоқ мебели ҳам бетакрор ва жозибадор санъат асаридир. Ушбу мебель XIX асрда Хитой мебелсозлигининг тараққий этганидан далолат беради. Ёғочдан ясалган бу санъат асарида безак учун рангли дарахт ва суякдан фойдаланилган.

5.jpg

Музей директори Васила Файзиеванинг таъкидлашича, “Россия ва Ғарбий Европа давлатлари санъати” ва “Хорижий Шарқ мамлакатлари санъати” бўлимларидан жой олган нафақат мебеллар, балки тасвирий ва амалий санъат асарлари, ҳайкалтарошлик, бронза, селадон, фарфор ва фил суягидан – нэцке ясалган ноёб буюмлар, мусиқа асбоблари, ёғоч ўймакорлиги намуналари ёш авлодни XVII-XX асрлар Россия, Германия, Италия, Хитой, Япония, Ҳиндистон, Эрон каби давлатлар маданияти ва санъатини синчиклаб ўрганишга ундайди.

12 (2).jpg

Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ёшлар қалбида тарихий ва маънавий меросимизга нисбатан ҳурмат туйғусини уйғотишда музейларнинг ўрни беқиёс. Бинобарин, бугунги кунда музейлар нафақат халқимиз тарихидан хабардор қилувчи осори-атиқаларни сақлайдиган, намойиш қиладиган муқаддас маскан, балки таълим тизими ривожида, навқирон авлод тарбиясида муҳим аҳамиятга эга бўлган маънавият даргоҳи ҳамдир.

7.jpg

Насиба Зиёдуллаева, Фарҳод Абдурасулов (сурат) ЎзА
5 426