ЎзА Ўзбек

08.08.2018 18:36 Чоп этиш версияси

Ижобий ўзгаришлар даври

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ижодкор зиёлилар билан учрашганига ҳам бир йил бўлди. Тарихий нуқтаи назардан бу вақт унчалик катта эмас. Бироқ Президентимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар тизимидан таралаётган "нур"нинг ўзига хос жиҳатлари улар ҳаётга жорий этилаётган илк кунданоқ ижобий самарасини бермоқда. 

Шу ўринда мамлакатимиз Президентининг ижодкор зиёлилар билан учрашуви нечоғлик унумли ва сермаҳсул бўлгани, унда қанчадан-қанча муҳим масалалар хусусида сўз боргани, уларнинг аксарияти ушбу жонли мулоқотнинг ўзидаёқ ўз ечимини топганини эслаш жоиз. 

Кўз очиб юмгунча бир йил ҳам шиддат билан ўтиб кетди. Бир йил...уни қандай қилиб бир ёқлама сарҳисоб қилиш мумкин?! Атиги бир йил унчалик катта давр бўлмаса-да, ундаги ўзгаришлар занжири аниқ ва яққолдир. 

Учрашувнинг асосий мақсадларидан бири – Президентимизнинг ўзбек санъати ҳеч қачон бизнесга айланмаслиги ҳақидаги тезиси кўплаб ишларда ёрқин ифодасини топди. Театрлар ва бошқа санъат муассасаларининг моддий-техник базаси сезиларли даражада мустаҳкамланди, театр санъатини қўллаб-қувватлашга хизмат қилувчи ишончли ҳомийлар белгилаб олинди. Чунки ушбу муассасаларни тўлақонли ривожлантирмасдан туриб, замонавий ва юксак даражадаги спектакллар саҳналаштириш ҳамда бошқа лойиҳаларни амалга оширишнинг иложи йўқ. Кўплаб санъат арбоблари бахтига Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театри, шунингдек, мамлакатимизнинг бошқа театр ва ижодий олий ўқув юртлари жамоасига муносиб иш ҳақи белгилаш масаласи ҳал этилди. Юксак фахрий унвонларга сазовор бўлган тажрибали санъат усталарига ғамхўрлик кўрсатилди – улар давлатимиз тараққиёти йўлида меҳнат қилиш билан бирга, ҳозирги кунда иш ҳақи билан бир қаторда тўлиқ миқдорда пенсия ҳам олмоқда. Ижодий олий ўқув юртлари ва уларда фаолият юритувчи педагогларнинг моддий шароитини яхшилаш Президентимиз иродаси ва бевосита раҳбарлиги остида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг диққат марказидадир. 

Дарҳақиқат, Президентимиз фармонига мувофиқ янги шаклда концерт-филармония фаолияти тиклангани таҳсинга лойиқ. Ушбу соҳада кенг жамоатчилик ўртасида бой миллий анъаналарни тарғиб қилиш баробарида дунё мумтоз мероси, маърифий ишларни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Билим ва дунё маданиятини англаш манбаи сифатида китобга эътибор ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Ижодий таълим даражасини ошириш тизими такомиллаштирилмоқда, мураббийлар томонидан ёшларнинг таълим-тарбиясига эътибор кучайтирилмоқда. Ўзбекистонлик ёшларнинг кўплаб нуфузли халқаро танловлардаги муваффақияти ёш иқтидор эгаларининг камолоти, хорижда мамлакатимиз маданияти ва санъати нуфузини оширишга хизмат қилмоқда. 

Энг улуғ, энг азиз байрам – Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллиги арафасида биз жадал ўзгаришлар муҳитида яшаётганимиз янада яққол намоён бўлмоқда. Деярли ҳар куни эзгу ва хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Узоқни кўра билиш қобилиятига эга Президентимиз раҳбарлигида ҳар бир тизим, ҳар бир соҳада муҳим ва салмоқли ўзгаришлар рўй бермоқда. Давлатимиз раҳбарининг кўп миллатли халқимиз ҳаётидаги ўзгаришлар эртага ва ҳатто яқин келажакда ҳам эмас, балки айни пайтда содир бўлиши керак деган даъвати муҳим ва салмоқлидир. Деярли ҳар он ички ҳиссиёт ва куч билан Ўзбекистонннинг кўп қиррали, кенг миқёсли ҳаётида жиддий ўзгаришлар жорий этилаётганини ҳис қиласан киши. Табиийки, бу йўлда юзага келаётган қийинчиликлар, онги одатий меъёрлардан чиқиб кета олмаётган айрим раҳбарларнинг фикрлаш қобилияти сустлигини енгиб ўтиш ва, албатта, янги кадрларни излаш заруратини ҳам тўлиқ англаб етмоқдамиз. Ўз касбининг моҳир усталари авлоди ҳамда турли соҳаларга кириб келган ва яқин келажакда кириб келажак янги кадрлар ўртасидаги алоқа ҳам ўта муҳим ва чамбарчас боғлиқдир. 

Амалга оширилган ислоҳотларнинг аҳамиятини янада юксакроқ, ишонч билан баҳолаш учун Алишер Навоий номидаги ДАКТнинг ўтган йил давомидаги ютуқларига назар солиш кифоя. Ўтган мавсум бошида театрнинг тарихий биноси олдидаги майдонда театр тарихида илк маротаба OPEN AIR гала-концерти муваффақиятли ўтказилди. Бизни унинг юксак техник имкониятлари, гўзал мусиқа кечаси муҳити ва тароватидан Тошкентнинг мусаффо осмони остида баҳраманд бўлган кенг томошабинлар аудоторияси қизиқиш билдиргани ҳам қувонтирди. Бугун, янги мавсум олдидан навбатдаги OPEN AIRнинг мутлақо янги лойиҳаси устида фаол иш олиб боряпмиз. Режага кўра, у 14-15 сентябрь кунлари театримизнинг янги, 89-мавсумини очиб беради. Лойиҳани яна истеъдодли дирижёр Бобомурод Худойқулов билан ҳамкорликда амалга ошираётганимдан хурсандман. Худди олдинги сафаргидек, уни ўз куч ва имкониятларини аямаётган театримиз дўстларининг фаол ҳомийлик ёрдамисиз амалга оширишнинг иложи йўқ.

Ўтган мавсум премьераларга бой бўлди – театр саҳнасида қўйилмаётган А.Рубинштейн "Иблис" операсининг янги талқини, "Камелияли хоним" (Ж. Верди ва П. Масканья мусиқаси асосида), А.Меликовнинг «Икки қалб достони»ни ўз ичига олувчи қатор балет премьералари саҳна юзини кўрди. Кўплаб лойиҳалар меҳмонлар томонидан амалга оширилгани эътиборга лойиқ – «Иблис» операси хизмат кўрсатган санъат арбоби Иркин Габитов (Санкт-Петербург) томонидан саҳналаштирилди, "Икки қалб достони" тарихий премьерасини саҳналаштиришда атоқли хореограф ва педагог Азарий Плисецкий , "Камелияли хоним" балетида машҳур турк хореографи Мехмет Балкан фаол иштирок этди. Номлари зикр этилган хорижий санъат усталари қаторини давом эттириш мумкин. Жакомо Пуччинининг «Флория Тоска» операсининг янги талқини шулар жумласидандир. К.Хачатурян мусиқасига саҳналаштирилган "Оппоғой ва етти гном" балети премьерасида ёш хореограф Равшан Чориевнинг иқтидори тўлиқ ва яққол намоён бўлгани қувонарли. У учун бу спектакль балетмейстерлик йўналишидаги муваффақиятли диплом иши бўлди. 

Янги мавсум бошида С.Юдаковнинг «Майсаранинг иши" операсининг мутлақо янги талқини премьераси намойиш этилади. Уни бош дирижёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Фазлиддин Ёқубжонов ва саҳналаштирувчи режиссёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ҳайдарали Қосимовлар саҳналаштирган. Томошабинлар эътиборига, шунингдек, М.Бафоевнинг "Хамса" операсининг янгиланган талқини ҳавола этилади, унда саҳналаштирувчи сифатида мен Алишер Навоий бош ролига янги умидли ижрочи Абдуғани Рўзиевни тавсия қилмоқчиман. Ишонаманки, янги мавсум пойтахтлик санъат ихлосмандларини янги таассуротлар ва кутилмаган янгиликлар билан сийлайди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ҳаётимизга деярли ҳар куни кириб келаётган неъматларнинг хайрли эканини англаган ҳолда бор куч ва имкониятимизни мамлакатимиз ва умуман олганда, халқимиз, шунингдек, унинг турли маданиятлари соҳаси янада гўзал, уйғун бўлишига сафарбар этиш, бу эзгу ишга ҳисса қўшиш иштиёқи кучаймоқда. Зеро, атрофимиздаги олам дунё ҳамжамиятида тобора муносиб ўрин эгаллаб бораётган мамлакатимиз санъати ва маданиятининг ўзига хослигини англаб етсин! 

Андрей СЛОНИМ, 
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, 
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон 
Давлат академик катта театри саҳналаштирувчи режиссёри.

ЎзА
5 498