Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.11.2017 12:07 Чоп этиш версияси

«Иттифоқ» ва «Камалак» сардорлари учун ўқув-семинар ташкил этилди

Тошкентдаги Инҳа университетида мамлакатимиздаги намунавий умумтаълим муассасалари бошланғич ташкилотлари «Иттифоқ» ва «Камалак» сардорлари учун ўқув-семинар ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати келажагимиз эгаларининг эзгу орзу-интилишларини рўёбга чиқариш, ғоя ва ташаббусларини ҳаётга татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Ўқув-семинар етакчиларнинг лидерлик, тренерлик, нотиқлик қобилиятини ривожлантириш, қолаверса, «Иттифоқ» ва «Камалак» сардорларининг ўзаро тажриба алмашиши учун қулай имконият яратади. Семинар «Жамоани шакллантириш ва жамоа билан ишлаш», «Лойиҳани тузиш ва бошқариш» ҳамда «Ижодий тафаккурни ривожлантириш» каби машғулотлар билан бошланди.

Машғулотлар малакали мутахассислар томонидан олиб борилаётир. Унда жамоа ва ўқувчи-ёшлар билан ишлаш психологияси, танқидий тафаккурни ривожлантириш, ўзига бўлган ишончни орттириш, ёшларга ташкилот фаолияти ва унинг вазифалари, ҳудудларда ёшлар билан қандай ишлаш зарурлиги борасида батафсил маълумот берилмоқда.

Ўқув-семинар доирасида очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Унда ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётган қатор омиллар, айниқса, имконияти чекланган болалар билан олиб борилаётган ишлар қониқарли эмаслиги, амалга оширилаётган лойиҳалар асосан фаол ёшлар иштироки билан чегараланиб қолаётгани танқид қилинди. Келгусида бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтириш учун ҳамкор вазирлик ва жамоат ташкилотлари билан самарали иш олиб бориш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Тадбир иштирокчилари умумтаълим муассасаларида сардорлар кенгаши фаолиятини намунавий ташкил этиш бўйича пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги 324-умумтаълим мактабида амалга оширилаётган ишлар билан танишади. Шунингдек, маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш, пойтахтимиздаги сайилгоҳ, театр, музей ва бошқа маданий масканларда бўлиш режалаштирилган.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА
3 619






Все о погоде - Pogoda.uz