Италиянинг ПИЗА университети билан ҳамкорликда очиқ математика олимпиадаси ўтказилди
Бухоро давлат университетида Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан Италиянинг ПИЗА университети билан ҳамкорликда республика умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида очиқ математика олимпиадаси бўлиб ўтди.
Бухоро давлат университетида Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан Италиянинг ПИЗА университети билан ҳамкорликда республика умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида очиқ математика олимпиадаси бўлиб ўтди.
Икки ёш тоифасидаги, яъни, 7-8-синфлар ва 9-11-синфлар, академик лицей ҳамда коллеж ўқувчилари учун тайёрланган топшириқлар мураккаблигига кўра, халқаро олимпиада топшириқлари доирасида тузилганлиги тадбирнинг нуфузи юқорилигини белгиловчи жиҳатдир. Низомга асосан, ўқувчиларга 5 та математик масала берилди ва уни ечиш учун 4 соат вақт белгиланди.
Иштирокчиларнинг ишлари нуфузли ҳайъат аъзолари томонидан баҳоланди.
Олимпиада якунларига кўра, биринчи ёш тоифаси бўйича 7-8 синфларда таҳсил олаётган болалар ўртасида Олмазор туманидаги 185-умумтаълим мактаби ўқувчиси Самандар Комилов биринчи ўринни эгаллади. Қоракўл туманидаги халқаро математика мактаби ўқувчилари –Лазизбек Ражабов ва Гулнисо Туробова иккинчи, шу мактаб вакили Анварбек Раҳматов, Бухоро шаҳридаги 17-умумтаълим мактаби ўқувчиси Амир Каримов ва Гурлан туманидаги 40-умумтаълим мактаби ўқувчиси Бекзодбек Давлатбоев учинчи ўринга сазовор бўлди.
Иккинчи ёш тоифаси – 9-11 синфлар (жумладан, академик лицей ва коллежлар вакиллари) ўқувчилари ўртасида Термиз шаҳридаги 14-умумтаълим мактаби ўқувчиси Абдулла Исматов энг юқори балл олиб, пешқадам бўлди. Иккинчи ўрин Тошкент шаҳридаги С.Сирожиддинов номидаги академик лицей вакили Фаррух Маҳмудов ва Қоракўл туманидаги халқаро математика мактаби ўқувчиси Севара Остонова, учинчи ўрин мезбонлар – Ғиждувон туманидаги 5-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўқувчиси Диёрбек Толибов, Қоракўл туманидаги халқаро математика мактаби ўқувчиси Исмоил Пўлатов ҳамда Пешку туманидаги 18-умумтаълим мактаби ўқувчиси Жаҳонгир Норбоевга насиб этди.

Ғолиблар тегишли даражадаги медаль ва дипломлар, эсдалик совғалари билан тақдирланди.
– Очиқ математика олимпиадаси билимдон ёшлар кўригига айланди, – дейди олимпиада совриндорларидан бири Қоракўл халқаро математика мактаби вакили Лазизбек Ражабов. – Баҳсларда кучлилар сифатида эътироф этилиб, Тошкент шаҳрида ташкил қилинадиган ўқувчиларни Халқаро олимпиадаларга тайёрлаш курсида бепул шуғулланиш ҳуқуқини қўлга киритган 12 нафар ўқувчининг беш нафари мактабимиз ўқувчиси эканлиги шарафлидир.
Очиқ математика олимпиадаси доирасида ўқувчиларнинг математик билимларини ривожлантириш, мураккаб масалаларни ечиш бўйича малакаларини шакллантириш мақсадида иштирокчилар учун маҳорат дарслари ҳам ташкил этилди.