ЎзА Ўзбек

31.07.2018 10:32 Чоп этиш версияси

Италия делегацияси Сирдарёдаги корхоналар фаолияти билан танишди

Италия делегацияси Сирдарёдаги корхоналар фаолияти билан танишди

Италия Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Андреа Бертоцци бошчилигидаги делегация Сирдарё вилоятига ташриф буюрди.

Дастлаб вилоят ҳокимлигида меҳмонлар билан учрашув ташкил этилиб, “Сирдарё вилоятининг инвестицион салоҳияти” мавзусида тақдимот ўтказилди.

Учрашувдан сўнг Италия делегацияси аъзолари Гулистон шаҳридаги “Бест фашион” корхонасида бўлиб, унинг фаолияти, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлари тури, сифати ва ишчи-хизматчиларга яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

Андреа Бертоцци вилоятнинг Мирзаобод туманига ҳам ташриф буюриб, “Red Paсk” масъулияти чекланган жамиятида барпо этилаётган музлатгичли сақлаш омборхонаси билан танишди.

Шунингдек, меҳмонлар, тумандаги “Деҳқонобод асл анори” ишлаб чиқариш корхонасида ҳамда насли айнан Италиядан олиб келиниб парваришланаётган “Сирдарё момиқ қуёнлари” фермасида ҳам бўлди.

“Деҳқонобод асл анори” ишлаб чиқариш корхонаси 2017 йилнинг октябрь ойида ташкил этилган бўлиб, жорий йилнинг 1 апрелида ишга туширилди. 10 нафар мирзаободликлар янги иш ўринларига эга бўлди.

Ушбу ишлаб чиқариш корхонаси анор мевасини сотиш, ундан шарбат ишлаб чиқариш, келгуси йил дастурига кўра анор данагидан мой олиш ва унинг пўстидан фармацевтика ҳамда қурилиш учун қиммат баҳо хом ашё тайёрлаш ўрин олган.

Корхона анор кўчатлари экиш ва анорчиликка ихтисослаштирилган фермерлар, деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа боғбонларига сифатли кўчатлар етказиб беришни режалаштирган.

– Бу вазифани туманимизда самарали бажариш учун барча қулайлик, шароит ва афзалликлар мавжуд, – деди Мирзаобод тумани ҳокими Ҳамидулла Абдуллаев. – Аввало, мамлакатимизда тадбиркорликка кенг йўл очилгани келгусида анор кўчатлари ва меваларини кўпайтириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш учун етарлича имконият, ер майдони ва муҳими шу соҳада катта тажрибага эга боғбонларимизнинг борлигидир.

Бу корхонада йилига 175 минг литр анор шарбати ишлаб чиқариш қувватига эга ускуналар ўрнатилган. Қайта ишланган маҳсулотнинг 75 минг литри ички бозорга, 100 минг литри Жанубий Корея, Россия, Қозоғистон, Таиланд ва Янги Зеландия давлатларига экспорт қилишни режалаштирилган.

Куннинг иккинчи ярмида меҳмонлар Гулистон шаҳрига қайтиб, вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев билан учрашди. Учрашувда ҳар икки томон учун ҳам манфаатли ва фойдали музокаралар олиб борилди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
2 755