ЎзА Ўзбек

20.08.2018 14:51 Чоп этиш версияси

Истироҳат боғларини ташкил қилишга оид талаблар белгиланди

Истироҳат боғларини ташкил қилишга оид талаблар белгиланди
Истироҳат боғлари ва яшил зоналарни ташкил этиш методологияси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақида Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар қилмоқда.

Тасдиқланган низомга мувофиқ истироҳат боғлари аҳоли пунктларининг бош режалари ва батафсил режалаштириш лойиҳалари асосида ташкил этилади.

Истироҳат боғларига қуйидаги талаблар қўйилади:

• юқори технологик, замонавий асбоб ускуналар, технологиялар ва аттракционлар билан жиҳозланганлик;

• замонавий ландшафт дизайнининг кўлланилганлиги;

• фаввораларни қуриш;

• велосипед йўлакчалари, болалар аттракционлари ва оилавий дам олиш объектларини ободонлаштириш;

• маданий-дам олиш хизматларидан фойдаланиш тизимининг мавжудлиги.

Истироҳат боғлари ҳудудларида оилавий дам олиш объектлари, ёзги театрлар, лекторийлар, ўқиш заллари ва кутубхоналар, аттракционлар, рақс заллари, тирлар ва бошқалар фаолият юритиши лозим.

Шаҳар ўрмонлари, хиёбонлар, истироҳат боғлари, шаҳар боғлари, пиёда юриш учун мўлжалланган хиёбонлар яшил зоналар таркибига киради.

Истироҳат боғини ташкил этишда иштирок этишни истаган хусусий шерик ўзи ҳақидаги маълумотлар, лойиҳани амалга ошириш мақсадлари, тахмин қилинаётган объект ёки ер участкаси тўғрисидаги маълумотлар илова қилинган аризани давлат шеригига тақдим этади.

Ариза 10 кун мобайнида кўриб чиқилади.

Давлат шериги ҳудуд аҳолиси эҳтиёжларидан, шунингдек жисмоний ва юридик шахслардан тушган таклифларни ўрганиш натижалари асосида танлов эълон қилади. Танлов бошланишидан аввал 30 календарь кун мобайнида танлов савдоларини ўтказиш тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинади.

Танлов комиссияси томонидан ижобий тавсифланган хусусий шерик ўн иш куни мобайнида ижара шартномаси ёки консессия битими тузади. 

ЎзА
5 650