Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.09.2018 14:31 Чоп этиш версияси

Истиқлол учун жон фидо қилган ўғлонлар хотирланиб, фахрийлар эъзозланмоқда


Энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллигимизнинг 27 йиллиги муносабати билан Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий қисмлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва бошқа давлат, жамоат ташкилотлари вакиллари истиқлол йиллари Ватанимиз осойишталиги, халқимиз фаровонлиги йўлида жасорат кўрсатиб, жон фидо қилган мард йигитлар хонадонларида бўлиб, оила аъзолари ҳолидан хабар олаётир.

Уларнинг порлоқ хотираси ёдга олиниб, совғалар топширилмоқда. Шунингдек, узоқ йиллар самарали меҳнат қилган фахрийлардан ҳол-аҳвол сўраб, уларга совға-саломлар улашаётир.

Термиз шаҳридаги Ишчилар маҳалласида яшаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, ички ишлар фахрийси, истеъфодаги катта лейтенант Хуррам бобо Муртазоев хонадонида ўтказилган учрашув ҳам таассуротларга бой бўлди.

Жорий йилда 98 ёшни қарши олган отахон ҳаётининг энг кучга тўлган 29 йилини Ватан осойишталиги учун бағишлади. 22 ёшида Иккинчи жаҳон урушига кетди. Урушдан сўнг вилоят ички ишлар идораларида турли вазифаларда хизмат қилди. 47 йилдан буён қарилик гаштини сурмоқда.

Суҳбат чоғида истеъфодаги катта лейтенант ўтган асрдаги оғир, машаққатли йилларни, хизмат даврида дуч келган қалтис вазиятларни ёдга олди. Мустақиллик йиллари ички ишлар идоралари ходимларига қаратилаётган эътибор, яратилаётган шароитлар ва тинч, фаровон турмушнинг қадрига етиш кераклигини алоҳида таъкидлади. Ёшу кексага бирдек ғамхўрлик кўрсатаётиб, обод турмушимизни таъминлаётган Президентимизга миннатдорлик билдирди.

Тадбирда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Ш.Сотволдиев Хуррам бобо Муртазоевга байрам совғаларини топширди.

– Вилоят ички ишлар ходимлари бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси томонидан ташкил этилган ана шундай тадбирлар воҳа туманларида ҳам бўлиб ўтди, – дейди вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати раҳбари, капитан Ф.Тошбоев. – Тадбир доирасида истиқлол йиллари Ватанимиз осойишталиги, халқимиз фаровонлиги йўлида жасорат кўрсатиб, жон фидо қилган мард ўғлонлар хонадонларида бўлиб, оила аъзолари ҳолидан хабар олдик. Порлоқ хотирасини ёдга олиб, озиқ-овқат маҳсулотлари ва совғалар улашдик. Муаммо ва камчиликларини ўрганиб, уларнинг ечимини топиш йўлларини белгилаб олдик.

Вилоятда халқимизнинг инсонпарварлик, меҳр-оқибатлилик каби юксак фазилатлари кенг намоён этилаётган байрам тадбирлари давом этмоқда.

Х.Маматрайимов, ЎзА
4 169