Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

12.09.2018 20:08 Чоп этиш версияси

Истиқболли лойиҳалар асосида 9 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади

Истиқболли лойиҳалар асосида 9 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади Наманган вилоятида 2018-2019 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан 503 лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Шундан 306 лойиҳа жорий йилда ҳаётга татбиқ этилади. Бу 9 минг 740 янги иш ўрни яратилади, дегани.

Йилнинг ўтган даврида саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш йўналишларида умумий қиймати 190 миллион долларга тенг 166 лойиҳа амалга оширилган. Бу 4 мингга яқин иш ўрни яратиш имконини берди.

Наманган шаҳридаги “Мирай Сокс” қўшма корхонасида трикотаж маҳсулотлари, “Сўғдиёна файз текстиль” МЧЖда тикувчилик маҳсулотлари, “Ўз Часис” қўшма корхонасида автомобиль фаралари, “Нам Точ сервис” хорижий корхонасида томёпқич ашёлари, “Косонсой серҳосил интенсив боғлари” МЧЖда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, Поп туманидаги “Чодак асл бизнес” МЧЖда ун ва ун маҳсулотлари, Уйчи туманидаги “Уйчи парранда” МЧЖда парранда гўшти ишлаб чиқариш каби йирик лойиҳалар ишга туширилган.

16.jpg

Наманган вилояти ҳокимлиги ва прокуратураси ҳамкорлигида ўтказилган бизнес-форумда шулар ҳақида маълумот берилди.

Тадбирда вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, иқтисодий тармоқ бошқарма ва ташкилотлари, банк муассасалари масъул ходимлари, ишлаб чиқариш корхоналари, Наманган, Фарғона, Андижон вилоятлари тадбиркор ва ишбилармонлари, АҚШ, Голландия каби давлатлардан ҳамкор бизнес вакиллари иштирок этди.

– Наманган вилояти ўзига хос қулай географик минтақада жойлашган, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари У.Юнусов. – Табиий ва меҳнат ресурсларига бойлиги ва бошқа кўплаб жиҳатлар вилоятда йирик инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш имконини беради. Мазкур форумдан кўзда тутилган мақсад ана шу имконият ва ресурслардан янада самарали фойдаланишга эришишдир. Бунда маҳаллий ва хорижий сармояларни кенг жалб қилиш ҳал қилувчи роль ўйнайди.

Форумда иштирокчиларга вилоятнинг инвестиция салоҳияти ва уни рўёбга чиқариш борасида эришилаётган натижалар, мавжуд имкониятлар ва истиқболдаги режалар ҳақида маълумот берилди.

Қулай инвестиция муҳитини яратишда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барпо этилаётган эркин иқтисодий зоналар, кичик саноат зоналари муҳим аҳамият касб этмоқда. Намангандаги “Косонсой-фарм” эркин иқтисодий зонасида дори-дармон ва тиббиёт воситалари ишлаб чиқаришга қаратилган умумий қиймати 13,2 миллион доллар бўлган 10 лойиҳа амалга оширилади. 100 турдаги дори-дармон ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши режалаштирилган ушбу зонада жорий йил охиригача учта, 2019 йилда олтита корхона ишга туширилади. 2020 йилда саноат ҳудуди тўла қувват билан ишлай бошлайди.

6.jpg

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, саноат ишлаб чиқариши йўналишидаги худди шундай эркин иқтисодий зона Чуст туманида ҳам ташкил этилади. У ерда умумий қиймати 157,3 миллиард сўмлик 12 лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган.

Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллик байрами арафасида Наманган шаҳрида ишга туширилган “Орзу” кичик саноат зонаси ҳам маҳаллий ишбилармонлар сармоясини йўналтиришда муҳим аҳамият касб этди. Бу ерда кўзда тутилган 142,3 миллиард сўмлик лойиҳадан енгил, озиқ-овқат, кимё саноати йўналишида 74 миллиард сўмлик 10 лойиҳа ишга туширилди.

Форумда, шунингдек, бўш турган объектлардан самарали фойдаланиш, солиқ имтиёзлари ва преференциялар, банк кредитлари ажратиш, импорт ва экспорт, туризмни ривожлантириш, тадбиркорлик фаолиятига тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Тадбир доирасида вилоятда фаолият кўрсатаётган илғор ишлаб чиқариш корхоналари маҳсулотлари кўргазмаси, давлат хизматлари маркази, адлия тизими томонидан кўрсатилаётган ҳуқуқий-ахборот хизматлари кўргазмаси намойиш этилди.

Форум иштирокчилари “Орзу” кичик саноат зонаси, Наманган шаҳрида барпо этилаётган “Афсона” маданият ва истироҳат боғи, “Наманган момиқ сочиқлари” корхонаси ва бошқа бир қатор ишлаб чиқариш субъектларида бўлиб, қулай инвестиция муҳити самаралари билан таништирилди.

Акромжон Сатторов, ЎзА