ЎзА Ўзбек

23.07.2018 12:09 Чоп этиш версияси

Истиқболли ҳамкорлик самаралари

Истиқболли ҳамкорлик самаралари
Термизда Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Баҳодир Пўлатов Афғонистон Ислом Республикаси “Afghon-German” қўшма корхонаси таъсисчилари Самиуллоҳ Самканий ва Абдулваҳоб Каимий билан учрашди.

Учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик алоқалари, айниқса, кейинги йилларда янада мустаҳкамланаётгани таъкидланди.

Афғон фуқаролари учун ихчамлаштирилган виза тартиби жорий этилгани бу борадаги ишлар кўламини кенгайтирди. Шунга мувофиқ, мамлакатимиз тадбиркорлари билан афғон ишбилармонлари доирасининг тенг шерикликка асосланган алоқалари ривожланиб бораётгани бунинг ёрқин тасдиғидир.

3.jpg

Ўзбекистон қўшни давлатда йирик лойиҳаларни амалга ошириб, темир йўл, сув таъминоти тармоғи, кўприклар барпо этган. Электр энергияси етказиб бермоқда. Термизда афғон фуқароларига таълим бериш маркази фаолият юритаётир. Кобул шаҳрида Ўзбекистоннинг савдо уйи ташкил этилган. Жорий йилда Термиз шаҳрида “Очиқ Жануб” деб номланган Сурхондарё вилоятининг инвестицион, экспорт ва туризм салоҳиятини ёритишга бағишланган халқаро бизнес-форумда иштирок этган 70 дан ортиқ афғон тадбиркорлари икки томонлама шартномалар имзолагани ҳам мамлакатларимиз ўртасида шаклланган мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларининг амалдаги самарасидир.

Учрашувда қўшни давлат тадбиркорларига вилоятдаги қулай ишбилармонлик муҳити ва хорижлик сармоядорлар учун яратилган имтиёз ва преференциялар, воҳада юз бераётган улкан ўзгариш ва янгиланишлар, амалга оширилаётган йирик қурилиш-бунёдкорлик ишлари хусусида атрофлича маълумот берилди.

Мулоқотда қурилиш соҳасида бой тажрибага эга “Afghon-German” қўшма корхонаси вилоятга 10 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестиция киритиши, Термиз шаҳрида замонавий турар жой комплекслари ва меҳмонхона қуриш юзасидан ўзаро келишувга эришилди.

Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат) ЎзА
5 140