Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.07.2018 20:25 Чоп этиш версияси

Истиқболли ҳамкорлик давом этади

Истиқболли ҳамкорлик давом этади
Ўзбекистон-Швейцария бизнес форуми доирасида юртимизга ташриф буюрган Швейцария федерал иқтисодиёт, таълим ва илмий тадқиқотлар вазири Йоҳанн Шнайдер-Амман бошчилигидаги делегация Самарқандда бўлди.

Дастлаб, “Grand Samarqand” меҳмонхонасида ўтказилган семинарда таълим, коммунал соҳа бўйича қатор лойиҳалар муҳокама қилинди. Шундан сўнг, швейцарияликлар Самарқанд компьютер технологиялари ва гидромелиорация касб-ҳунар коллежига ташриф буюрди. Мазкур коллежда Ўзбекистон-Швейцария “Ўзбекистонда касбий кўникмаларни ривожлантириш” IV фаза лойиҳаси доирасида ташкил қилинган минтақавий касбий тайёргарлик маркази фаолияти билан танишди.

7.JPG

Ушбу ўқув марказда ташкил этилган компьютер, экскаватор-симулятор, насос станциялари автоматикаси хоналари замонавий жиҳозланган. Лойиҳада сув хўжалиги ва сув таъминоти соҳасида “Гидротехника иншоотлари ва насос стнацияларидан фойдаланиш техниги”, “Коммунал хўжалиги объектларидан фойдаланиш бўйича техник-технолог” касблари бўйича кадрлаш тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда ўрта-махсус касб-ҳунар таълими ва катта ёшдагилар учун кейинги таълим тизими доирасида мутахассисларни ўқитишни йўлга қўйиш асосий мақсад қилиб олинган.

Ташриф давомида делегация аъзолари ўқув марказда олиб борилаётган таълим жараёнини бевосита кузатиб, мутахассислар билан мулоқот қилди.

11.JPG

Шундан сўнг делегация аъзолари Самарқанд туманидаги “Samfruit” масъулияти чекланган жамият шаклидаги Ўзбекистон – Швейцария қўшма корхонаси фаолияти билан танишди. 2002 йилдан фаолият бошлаган корхонада 50 га яқин турдаги мева-сабзавот қайта ишланиб, қуритилган ҳолда Европа давлатларига экспорт қилинади.

—Ўзбекистонда ўтказилган бизнес-форум самарали бўлди, - дейди Швейцария федерал иқтисодиёт, таълим ва илмий тадқиқотлар вазири Йоҳанн Шнайдер-Амман. — Форум доирасида ҳар икки томондан ишбилармонлар бизнес имкониятлар билан танишиб, ўзларининг истиқболдаги фаолияти ҳақида тушунчага эга бўлди. Бугун Самарқандда ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган ишларни кўриб, Ўзбекистонда бизнес юритиш учун имкониятлар кенглигига яна бир бор амин бўлдик. Бу швейцариялик бизнесменларга янги лойиҳалар бўйича ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга туртки беради.

13.jpg

Меҳмонлар ташриф давомида Самарқанднинг диққат сазовор жойларини томоша қилди, халқимиз маданияти, тарихи билан яқиндан танишди.

Алишер Исроилов (сурат) ЎзА
5 986