Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.02.2018 20:10 Чоп этиш версияси

Истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди

Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасининг 2017 йилдаги фаолияти ва истиқболдаги режаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Ўтган йили қўмитада “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида"ги, “Истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунларнинг ижроси таҳлил қилинди. Ўрганиш натижаларига кўра, тегишли вазирлик ва идораларга қўмита қарорлари юборилди, соҳани янада ривожлантириш бўйича тавсиялар берилди.

Қўмитада Иқтисодиёт вазирлигининг маҳаллийлаштиришнинг истиқболли лойиҳаларини амалга ошириш масалалари бўйича ҳамда “Ўзқурилишматериаллари” АЖ раисининг «Қурилиш материаллари, маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг ҳолати ва истиқболлари тўғрисида»ги ахборотлари эшитилди. Қўмита аъзолари томонидан давлат бошқаруви ва хўжалик органлари мансабдор шахсларига 59 та депутатлик сўрови юборилди.

Қўмита аъзоларининг ҳудудларга чиқиб ўрганишлари натижасида Хоразм вилояти Хива туманида кўп хонадонли уй-жойлар учун 5 та ширкат ташкил этилди. Улар банкдан кредит олиб, кўп хонадонли уй-жойларни таъмирлаш ишларини амалга оширди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот туманида канализация тизимини ишга туширишга амалий кўмак берилди.

Саноат ва ишлаб чиқариш корхоналарига бориб, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларнинг ечими юзасидан қонунчиликка тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш амалиёти йўлга қўйилди. Ҳисобот даврида 38 та саноат ва ишлаб чиқариш корхонасига ташриф уюштирилди.

2018 йилга мўлжалланган асосий вазифалар ҳамда режадаги ишлар кўриб чиқилди. Жумладан, 2018 йилда 11 қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Қўмита аъзолари 2018 йилда 6 саноат ва ишлаб чиқариш корхонасида бўлиб, мавжуд муаммоларни ўрганиши белгиланган.

Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

Нурилло Насриев, ЎзА
11 072