ЎзА Ўзбек

09.08.2018 12:23 Чоп этиш версияси

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан фуқаронинг ҳуқуқи судда ҳимоя қилинди

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан фуқаронинг ҳуқуқи судда ҳимоя қилинди

Навоий шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига жорий йил 16 апрелда Навбаҳор тумани “Арабхона” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ҳусниддин Қурбонов ариза билан мурожаат қилди. Мурожаатда якка тартибдаги тадбиркор Ўткир Ҳайитовдан Навоий шаҳрида фаолият юритаётган “Munjal shifer” масъулияти чекланган жамияти ишлаб чиқарган шифер маҳсулотидан 230 тасини 9 миллион 200 минг сўмга сотиб олгани, шифер фойдаланилгандан сўнг яроқсиз ҳолга келиб ёрилиб тушаётганлиги, бу борада сотувчи ва ишлаб чиқарувчиларга мурожаат қилганлиги, аммо муаммо бартараф этилмаганлигини билдирган.

Мурожаат асосида мутахассислар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди ва истеъмолчи ҳуқуқини тиклаш, унга етказилган моддий ва маънавий зарарни ундиришни сўраб Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро судига даъво аризаси киритилди.

Суд томонидан даъво аризаси кўриб чиқилди ва истеъмолчи Ҳусниддин Қурбоновга етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш юзасидан жамият томонидан киритилган даъво аризаси рад этилди.

Навоий шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан тўпланган ҳужжатлар билан Фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилояти судига апелляция тартибда кўриб чиқишни сўраб мурожаат қилинди.

Фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилояти суди тақдим этилган ҳужжатлар асосида иш кўриб чиқиш жараёнида мавжуд ҳолатларга аниқлик киритиш мақсадида ишга тегишли малакали соҳа вакилларини жалб этиб, уларга зарур кўрсатмалар берди.

Жамият ва соҳа вакиллари иштирокида шифер маҳсулотининг сифати лабораториядан ўтказилди, сарфланган харажатларга аниқлик киритилди.

2018 йил 7 август куни бўлиб ўтган Фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилояти судида истеъмолчи Ҳусниддин Қурбоновга етказилган моддий ва маънавий зарарлар қўшимча равишда соҳа мутахассислари томонидан тақдим этилган ҳужжатлар билан бирга кўриб чиқилди. Моддий зарар 10 миллион 85 минг сўм, маънавий зарар 500 минг сўм ҳамда Навоий шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан қилинган 461 минг сўм миқдордаги харажатларни ундириб бериш юзасидан суд қарори қабул қилинди.

ЎзА
7 126