ЎзА Ўзбек

10.09.2019 Чоп этиш версияси

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси раиси: “Бош мақсадимиз – инсонларда истеъмолчи сифатида ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш”

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси раиси: “Бош мақсадимиз – инсонларда истеъмолчи сифатида ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш”

ЎзА муҳбири Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов билан Федерацияда амалга ошираётган ишлар юзасидан суҳбат қурди.

- Айтингчи, бугун Ўзбекистонда истеъмолчилар қайси соҳалардан кўпроқ норози бўлиб, мурожаатлар қилишмоқда?

- Ўрганишларимиз шуни кўрсатмоқдаки, 2019 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида Федерацияга ва унинг ҳудудий бўлинмаларига фуқаролар томонидан қилинган мурожаатлар сони жами 6014 та бўлиб, ушбу мурожаатларнинг 3 103 таси оғзаки, 2 221 таси ёзма, 690 таси эса электрон шаклда юборилган.

Соҳалар кесимида таҳлил қилинганда, истеъмолчилардан келиб тушган мурожаатларнинг 2165 таси (36,0%) савдо соҳасига, 
732 таси (12,2%) газ таъминоти соҳасига, 918 таси (15,3%) электр таъминоти соҳасига, 353 таси (5,9%) сув таъминоти соҳасига, 240 таси (4,0%) коммунал хизмат соҳасига, 103 таси (1,7%) соғлиқни сақлаш соҳасига, 400 таси (6,7%) хизмат кўрсатиш (сервис) соҳасига, 167 таси (2,8%) транспорт соҳасига, 208 таси (3,5%) алоқа (ва интернет) соҳасига, 728 таси (12,1%) эса бошқа соҳаларга тўғри келмоқда. Федерацияга қилинган ҳар бир истеъмолчининг мурожаати эътиборимиздан четда қолмайди. Йил бошидан келиб тушган аризаларнинг 5 579 таси яъни, 92,8 % ижобий ҳал этилиши натижасида истеъмолчилар фойдасига жами 6 947 247 006 (олти миллиард тўққиз юз қирқ етти миллион икки юз қирқ етти минг олти) сўм етказилган зарар қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди. (Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3 376 580 006 (уч миллиард уч юз етмиш олти миллион беш юз саксон минг олти) сўмдан ортиқ маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинишига эришдик).

- Биз интернет сайтларида федерация томонидан 45 та туманда барпо қилинаётган “Истеъмолчи кутубхонаси” ҳақида хабардор бўлиб турибмиз. Табиийки, шу ўринда бизда бир савол туғилмоқда, кутубхона барпо этиш учун масъул ташкилотлар бўлса, давлат бюджетидан маълум маблағлар ажратилса, жамоат ташкилоти сифатида федерацияга ушбу бунёдкорлик ишларидан нима наф?

- Бизнинг бош мақсадимиз инсонларда истеъмолчи сифатида ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қолаверса мажбуриятларини ҳам англаш кўникмаларини шакллантиришдир. Яна бир муҳим ҳақиқат шуки инсонларга қорнини тўйдириш учун балиқ бериш эмас, аксинча балиқ тутиш учун қармоқ бериш лозим. Барпо этаётган кутубхоналаримизда истеъмолчиларнинг ўз ҳуқуқларини тўла англашлари учун барча уқув-услубий, амалий қўлланмалар мавжуд бўлади. Ёшларимиз қунт билан ўқиб ўрганишса, эртага ҳуқуқи поймол бўладиган инсонлар жамиятимизда камаяди. Кўп кўнгилсизликлар, ҳаётда йўлини топа олмаслик илмсизликдан келиб чиқади. Шу маънода кутубхоналар халқимизнинг ёш-у, қариси қалбига зиё, билим манбаи бўлиб хизмат қилишини истаймиз. Ёшлар келажаги, халқни фаровон ҳаёт кечиришига ҳисса қўшишга барчамиз жавобгармиз. Чунки юкни фақат давлат зиммасига ташлаб қўйилса, ёки бу фақат бюджетнинг иши, деб қаралса жуда хато бўларди ва истаган ниятимиз рўёби узоқлашиб кетади.

- Бугун федерацияга ишониб, мурожаат қилаётган фуқароларнинг ҳуқуқлари қай даражада кафолатланмоқда?

- Бугунги кунда фуқароларимизга янада қулайлик яратиш мақсадида уларнинг тегишли мурожаатлари Федерация тизимида ташкил қилинган 1091 қисқа рақамли ягона ишонч телефони, Федерациянинг виртуал қабулхонаси, Бош прокуратуранинг электрон дастури (crm.trask.uz) ҳамда Президентга мурожаат портали орқали қабул қилиб келинмоқда. Бунда фуқаро (истеъмолчи)лар реал вақт режимида мурожаатларини қолдиришлари мумкин.

Фуқаро ўзининг бузилган истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқларини тиклаш мақсадида мурожаат қилиши учун Федерацияга шахсан келиши талаб этилмайди. 1091 қисқа рақамли ягона ишонч телефонига фуқаролар томонидан жами 1424 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб ушбу мурожаатларнинг қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилиши натижасида 1277 таси ижобий ҳал этилишига эришилди.

Мазкур ижобий ҳал қилинган мурожаатлар натижасида 1 881 341 313 (бир миллиард саккиз юз саксон бир миллион уч юз қирқ бир минг уч юз ўн уч) сўм маблағ истеъмолчилар фойдасига ундирилди. Умуман олганда қилаётган ҳар бир саъй ҳаракатимиз истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини тиклашга қаратилган.

- Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси бир қанча халқаро ташкилотлар, қўшни мамлакатлар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлик ва иттифоқликлари билан ҳамкорликни йўлга қўймоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад нима, ҳамкорлик доирасида эришилаётган натижаларга ҳам тўхталиб ўтсангиз.

- Биз халқаро ҳамкорликни ривожлантириш орқали Ўзбекистон фуқароларини хорижда, чет-эликларни эса ўзимизда истеъмолчи сифатида ҳуқуқларини ҳимоя қилишни истаймиз. Яна бир муҳим масала шуки, тажриба алмашиш. “Юрган дарё...” деб бежизга айтишмаган. Хорижга қилган ҳар бир сафаримиздан бир олам янгилик, ғоялар олиб келамиз. Бугунги давр бир маромда, ўзгаришларга интилмай яшашни кўтармайди. Ҳар бир раҳбар, ҳар бир ходим ўз устида ишлаши, тажриба ошириши ва ўқиб-ўрганиши лозим. Президентимиз айтганларидек, “Ўқиб-ўрганмаган раҳбарни бугун халқ қабул қилмайди...” Шу аснода жаҳон тажрибасини ўрганиш ва қадриятларимиз билан боғлаб уларни ривожлантириш ниҳоятда долзарб вазифамиздир. Бугунги кунга қадар Федерация Халқаро истеъмолчилар конфедерациясига аъзо бўлди. бундан ташқари Жанубий Корея истеъмолчилар агентлиги, Ҳиндистон истеъмолчилар ассоциацияси, Озарбайжон озод истеъмолчилар иттифоқи, Туркия истеъмолчилар ҳуқуқлари ассоциацияси, Қозоғистон истеъмолчилар ташкилоти, Тожикистон истеъмолчилар иттифоқи билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Бундан ташқари халқаро грантлар устида ҳам изланишлар олиб бормоқдамиз. Буларнинг барчасидан мақсад ривожланиш, ўсиш, тараққий этишдир.


5 950
Шоҳрух НЎЪМОНОВ суҳбатлашди, ЎзА