Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.03.2017 18:13 Чоп этиш версияси

Истеъмолчилар ҳуқуқи қонун ҳимоясида

Андижонда Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси вилоят ҳудудий бирлашмаси томонидан “Истеъмолчи қонун ҳимоясида” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Соҳа мутахассислари, кенг жамоатчилик вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий билим ва маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 28 ноябрдаги “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

– Бирлашма тасарруфида 16 туман ва шаҳар жамияти фаолият кўрсатмоқда, – дейди Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси вилоят ҳудудий бирлашмаси раиси Эргашбой Қурбонов. – 2016 йил хўжалик субъектлари ва фуқаролардан турли соҳалар бўйича 690 ариза ва шикоят келиб тушди. Барча мурожаатлар пухта ўрганиб чиқилди. Уларнинг аксариятида истеъмолчилар ҳуқуқи бузилгани аниқланиб, тегишли тартиб ва амалдаги қонунлар доирасида истеъмолчиларга 319 миллион 388 минг сўм миқдоридаги маблағ ундириб берилди.

Тадбирда мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, бозорни одамлар ҳаёти, саломатлигига хавф туғдирувчи яроқсиз маҳсулотлар сотилишидан муҳофаза қилишда жамоатчилик назоратини кучайтириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, аҳолининг истеъмол маданияти ва билимини янада юксалтириш юзасидан фикр алмашилди.

Журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
2 644






Все о погоде - Pogoda.uz