Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.08.2017 19:47 Чоп этиш версияси

Истеъмолчилар ҳуқуқи ишончли ҳимояда

Қорақалпоғистон Республикаси Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси кенгаши мажлисида федерация ва унинг шаҳар, туман жамиятлари томонидан савдо ва маиший хизмат шохобчалари, бозорларда олиб борилган мониторинг натижалари муҳокама қилинди.

Соҳа мутахассислари, кенг жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Нукус шаҳри, Чимбой, Шуманай, Тахтакўпир, Хўжайли, Қўнғирот, Кегейли ва Қанликўл туманлари тиббиёт бирлашмалари фаолияти, истеъмолчиларга яратилган шароит ва қулайликлар ўрганилди. Тоза ичимлик суви тақчиллиги, айрим дори воситалари етишмаслиги, айрим ҳолларда беморларга яроқлилик муддати ўтиб кетган дори воситалари тарқатилаётгани, баъзи шифокорларнинг муомаласи, шифохоналарда тайёрланаётган овқатлар сифати талабга жавоб бермаслиги каби камчиликлар аниқланган.

– Аслида, ҳар биримиз истеъмолчимиз, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси мутахассиси Қумар Бекниязова. – Харид қилинаётган махсулотнинг, фойдаланилаётган хизматнинг сифат кафолати, яроқлилик муддати, истеъмолга рухсати бор-йўқлиги ҳақида аниқ маълумотга эга бўлишимиз керак. Шу мақсадда федерациямиз томонидан истеъмолчилар, айниқса, ёшлар ўртасида тарғибот ишлари кучайтирилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига жорий йил биринчи ярмида келиб тушган 518 мурожаатнинг 499 таси истеъмолчилар фойдасига ҳал этилиб, тегишли тартибда истеъмолчиларга 129 миллион сўмга яқин миқдордаги маблағ ундириб берилган. Уларнинг аксарияти савдо, электр энергияси ва газ истеъмоли тўловларидир.

Тадбирда мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, бозорни одамлар ҳаёти, саломатлигига хавф туғдирувчи яроқсиз маҳсулотлар сотилишидан муҳофаза қилишда жамоатчилик назоратини кучайтириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, аҳолининг истеъмол маданиятини янада юксалтириш юзасидан фикр алмашилди.

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА
4 863






Все о погоде - Pogoda.uz