ЎзА Ўзбек

25.09.2019 Чоп этиш версияси

Истеъмолчига миллионлаб асоссиз қарздорлик қаердан ёзилди?

Истеъмолчига миллионлаб асоссиз қарздорлик қаердан ёзилди?

Мажбурий ижро бюроси Фарғона вилояти бошқармаси томонидан фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган тадбирлар олиб борилмоқда.

Хусусан, Мажбурий ижро бюроси Бешариқ туман бўлими томонидан 2018 йил ва жорий йилнинг ўтган даврида энергия ресурсларидан 2 минг 221 нафар аҳоли истеъмолчилари ҳисобварақларига нотўғри киритилган қарздорликлар тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосан “Электрҳисоб” ва “Биллинггаз” дастурларидан ҳисобдан чиқарилгани ҳолда уларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Хусусан, Бешкапа қишлоғида яшовчи фуқаро Н.Саматов электр энергиясидан 10 миллион 481 минг сўм асоссиз ҳисобланган қарздорликдан норози бўлиб мурожаат қилган. Бўлим томонидан ушбу ҳолат бўйича мутахассисларни жалб қилган ҳолда тўлиқ ўрганиш олиб борилиб, Бешариқ тумани электр таъминоти корхонаси “Электрҳисоб” дастурига муқаддам асоссиз равишда қарздорлик киритиб қўйилгани аниқланган. Мазкур қарздорлик асоссиз деб топилиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирган ҳолда дастурдан чиқарилди.

Шунингдек, Қорақўйли қишлоғида яшовчи фуқаро А.Ҳамидовга ёзилган 9 миллион 772 минг сўм қарздорликни Бюронинг Бешариқ туман бўлими давлат инспектори унинг яшаш манзилида ўрганганида электрни ҳисобга олиш прибори бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги аниқланган. Мутахассислар иштирокида ўтказилган текширишда қарздорлик асоссиз эканлиги маълум бўлган ва истеъмолчининг электр таъминот корхонасидаги шахсий ҳисобварағидан ҳисобдан чиқарилган. Фуқаро Э.Жўраевга 9 миллион 757 минг сўм, М.Исмоиловга 9 миллион 281 минг сўм, А.Убайдуллаевга 9 миллион 261 минг сўм, А.Ғофуровга 7 миллион 588 минг сўм асоссиз ҳисобланган қарздорликлар ҳам ҳисобдан чиқарилди.

Ҳозирда Мажбурий ижро бюроси ходимлари истеъмолчиларга асоссиз қарздорликларини бартараф этиш чораларини кўриб, бузилган ҳуқуқларни тикламоқда.

5 301
М.СУЛАЙМОНОВ, ЎзА