Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.05.2018 13:04 Чоп этиш версияси

Истеъдодли ёшлар фестивали

Истеъдодли ёшлар фестивали Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида ўтказилган "Ўзбекистон баҳори” ижодиёт фестивалида юртимизнинг барча ҳудудларидан келган 120 дан зиёд ёш ижодкорлар шеърият, наср, драматургия, публицистика, бадиий таржима ва тасвирий санъат йўналишларида ўз истеъдодини намойиш этди.

5-FAQAT SAYTGA.jpg– Фестивалда биринчи марта қатнашяпман, – дейди сирдарёлик Нодира Худойназарова. – Турли йўналишларда қалам тебратаётган тенгдошларимиз ижоди, бугунги кунда улар эришаётган ютуқлар билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдик. Бунинг учун тадбир ташкилотчиларидан миннатдормиз. Танлов шартларига кўра, ёзган шеърларимни ҳакамларга тақдим қилдим. Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф, Зулфия шеърларини севиб ўқийман. Мамлакатимизда ёш ижодкорларга яратилаётган имкониятлардан фойдаланиб, илк шеърий тўпламимни чиқаришга эришдим.

Фестиваль иштирокчилари гуруҳларга бўлинган ҳолда алоҳида-алоҳида синовлардан ўтди. Ижодларидан намуналар ўқиб берди. Ҳар бир чиқиш ҳакамлар томонидан баҳолаб борилди.

– Журналистикага болалигимдан қизиқаман, – дейди навоийлик Сурайё Равшанова. – Ҳозир Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультети биринчи босқич талабасиман. Фестиваль ҳақида эшитдиму, ўзимни синаб кўришга қарор қилдим. Газета-журналларда эълон қилинган мақолаларимни тақдим этдим. Бундай тадбирлар, энг аввало, ёшларга тажриба оширишга ёрдам беради. Бугун ҳаммамизга мавзулар берилди. Менга “XXI асрда ташқи меҳнат миграцияси – муаммонинг туб илдизи қаерда?” номли мавзу тушди. Мақолада хорижга ишлашга кетиб, ёт ғоялар таъсирига тушиб қолаётган ёшлар тақдирини ёритишга ҳаракат қилдим. Муаммонинг келиб чиқиш сабаблари, оқибатлари хусусида имкон қадар муносабат билдирдим.

Фестиваль доирасида ёш ижодкорлар учун кўҳна Шаҳрисабзнинг диққатга сазовор жойларига саёҳат уюштирилди.

– Мен эркин ижодкорман. Бўш вақтимда шеърлар машқ қилиб тураман, – дейди қашқадарёлик Бахтинисо Маҳмудова. – Давлатимиз томонидан ёшларга яратиб берилаётган имкониятлар таҳсинга лойиқ. Анча пайт ногиронлик аравачасига ўтириб қолганимдан тушкунликка тушдим, сиқилдим, лекин иродамни синдирмадим. Дардларимни шеърга тўкиб солдим. Бу орада иккита китобим чоп этилди. Ёшлар иттифоқи мукофоти совриндори бўлдим. Ҳаётимдан нолимайман. Шеърларим менинг энг яқин сирдошим. Бугунги шодумон кунларда яшаётганимдан бахтиёрман.

Фестиваль якунида ғолиблар ва фаол иштирокчилар ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА
5 614