ЎзА Ўзбек

27.02.2020 Чоп этиш версияси

Ҳисоб палатаси вакилларининг сиёсий партияларга аъзолиги чекланади

Ҳисоб палатаси вакилларининг сиёсий партияларга аъзолиги чекланади

Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг мажлисида таъкидланди.

Мажлисда Сенатнинг иккинчи ялпи мажлиси доирасида кўриб чиқиш назарда тутилган масалалар муҳокама этилди. Хусусан, қўмита аъзолари “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини дастлабки тарзда кўриб чиқди.

Таъкидланганидек, Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг суд ҳокимияти фаолиятини янада такомиллаштириш, банк хизматлари оммабоплигини оширишга қаратилган қарорлари ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган. Қонунга кўра, бир қатор қонун ҳужжатларига жарима ихтиёрий тўлаш муддатини 30 кун этиб (амалдаги таҳрирда 15 кун) белгилашни, шунингдек жарима солиш тўғрисидаги қарорни ижро этишнинг соддалаштирилган тартибини назарда тутадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Бундан ташқари, Ҳисоб палатаси аъзоларининг сиёсий партияларга аъзолигини чеклаш ҳам назарда тутилган. Бу эса, ўз навбатида, ушбу нуфузли назорат тузилмаси аъзоларининг ўз ишига холис ёндашувини таъминлайди.

Шунингдек, қонунчиликда Ҳисоб палатаси раисини Конституциявий судда кўриб чиқиш учун масалалар киритиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар доирасига киритиш бўйича нормалар ҳам белгиланмоқда.

1 306
ЎзА