ЎзА Ўзбек

04.08.2018 12:32 Чоп этиш версияси

Қисматига ёввойилик битилган одам болалари

Қисматига ёввойилик битилган одам болалари
“Қуш уясида кўрганини қилади” деган мақол барчамизга маълум. Аммо қушнинг уяси бўлмаса-чи? Ёки бошқа уя ва ёт шароитда улғайсачи? Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, инсонлар парваришида бўлган уй ҳайвонлари неча йиллар ўтса-да, инсон меҳрига ўрганади, аммо муҳим инсоний хислатларни ўзлаштирганлиги мавҳумлигича қолаверади. 

Воқеалар тўқимадек туюлар...

Бугунги кунда “Тарзан” фильмини томоша қилмаган ёхуд Тарзан ва унинг севгилиси ҳақидаги мультфильм ва компьютер ўйинларини билмаган кўрмаган киши бўлмаса керак?.. Тарзан фильми 1912 йил чикаголик ёзувчи Эдгар Райс Берроуз (1875-1950) томонидан ўйлаб топилган ва 1914 йил чоп этилган асар қаҳрамони. 1934 йил асар АҚШ “Metro-Goldwen-Mayer студияси томонидан фильм сифатида суратга олинган.

826ef36f-e07a-4492-a645-71c3dfe73a5c.jpg

Фильм бюджети ўз даврида 1 279 142 млн. долларни ташкил этган. Тарзан образини актёр Жонни Вайсмюллер яратган. Фильмда инсонлардан узоқда, яъни ўрмонда ҳайвонлар орасида яшаган боланинг кечмишлари ва онгидаги ўзгаришлари талқин қилиниб, бола ҳайвонларга хос жиҳатларни ўзлаштиргани улар билан тил топиша олгани намойиш этилган. 

Хўш, инсон болалигидан ҳайвонлар орасида улғайса, унинг ҳайвон даражасига келиб қолиши ҳақиқатми?

Ҳайвонликдан кечолмас бола... 

1980 йил Франциянинг жанубидаги Сен-Серин қишлоғида ўрмондан ғалати махлуқ чиқди. У тик туриб ҳаракатланганида 11-12 ёшли бола экани аниқланган бўлса-да, кўпроқ ҳайвонга ўхшаш ҳолатлар кузатилган.

Бола ғалати чинқириққа ўхшаш овоз чиқарарди. Шахсий гигиена тўғрисида ҳеч қандай тасаввурга ҳам эга бўлмай, қаерда хоҳласа, ўша ерда бўшаниб кетаверарди. Ёввойи болани маҳаллий полицияга топшириб, етимхонага жойлаштиришади. 

Дастлабки пайтларда бола у ердан бир неча бор қочишга уринган. Кийим кийишни хоҳламай, ечиб улоқтирарди. Берилган эълонлар бўйча ҳам ҳеч ким уни излаб келмаган. Тиббий текширувлар болани соғлом деб топган. Унга кўзгуни кўрсатишганида у ўзини танимаган.

Бир куни ёввойи бола кўзгудан кўринган картошкани оламан деб роса уринган (аслида картошка унинг орқасида эди). Кўп уринишлардан сўнг ахири қўлини орқага узатиб, картошкани олишга мувофиқ бўлди. Буни кузатиб турган тадқиқотчининг айтишича, бу каби ҳолатлар боланинг мутлақо ақл ва фикр юритишга қодир эмаслигини тасдиқлайди. Болада сезги бўлса-да, уни ўринли ишлата олмайди. 

Кейинчалик бола Парижга олиб келиниб, “ҳайвондан одамга айлантириш”га мунтазам ҳаракат қилинди ва бунга қисман эришилди. Гигиена қоидалари ва кийим кийиш бўйича кўникма ҳосил қилинди. Лекин уни ҳеч бир ўйинчоқни ўйнашга қизиқиши уйғонмаган. Шунингдек, инсон нутқини ўрганишни сира истамасди. Кейинги ҳаёти давомида ҳам бола ҳеч бир натижага эриша олмади. 

Қамал Женини ақлдан оздирганми? 

Калифорниялик Жени отаси томонидан ақлий ожиз деган фикр билан бир ярим ёшдан ўн уч ёшгача атроф-муҳитдан одамлардан ажратилиб қулфланган хонада оёқ-қўли боғлиқ ҳолда яшаган. Шунингдек, бешафқат ота кўзи ожизлашиб бораётган хотинини ҳам сира ташқарига чиқармас, оиланинг ташқи дунё билан алоқаси, бозор-ўчарлар биргина мактабга қатнайдиган ўсмир бола орқали амалга оширилган.

b8a4a25b-8aac-4100-9674-d521c6a2f560.jpg

Женининг тизза суяги чиқиб-кириб тургани учун у юришга ўргана олмаган. У агар шовқин солса ва бақирса, калтакланар, ҳатто уни ҳожатга боришга ҳам ўргатишмаганди. Фақат тундагина унинг арқондан бўшатиб, уйқуга ётқизишган. Жени одамлар нутқини бутунлай кам эшитган. Бир куни онаси Женини уйдан олиб қочиб кетади. Жени тез орада даволанишга ётқизилди. Дастлаб у чўлоқланганга ўхшаб ҳаракатланишни ўрганди. 

Психологлар қизга ташқи таъсирлар оқибатида жамият ва ҳаётга мослаша олмаган, одамга ўхшаш ибтидоий мавжудот дея ташхис қўйишган. Жени ҳаётга қисман мослаштирилди, кийиниш, овқатланиш каби ҳолатлар ўргатилди. Қиз деярли жим юрар ва баъзан куларди. Овози чинқириққа ўхшаш ғалати чиқарди. Кейинчалик уни касалхона шифокорларидан бири қиз қилиб олди ва кўплаб сўзларни ўргатди. Шунга қарамай, Жени сўзларни ва фикрларини гўё 2-3 ёшли бола каби содда ифодалай олган, холос. 

Қалб шаклланмаса... 

Инсон боласи улғаяр экан, унинг ҳаётида атроф-муҳит таъсирнинг нақадар муҳимлиги барчамизга маълум. Балки юқоридаги воқеалари тўқимадек туюлар, аммо катталарнинг ҳеч қандай таъсирисиз бола нимага ўхшаб қолади? Тил ва ифодаларни ўрганишда шундай бир “чегара” борки, айни ўша даврда орттирилган жиҳат инсон келажагига қаттиқ таъсир этар экан.

Айниқса бу жараён ота-оналар таъсирида тез ва шиддатли тус олади. Инсонда аввало фикр, тақлид ва ўзлаштириш каби олий қобилиятлар бор, демак, уни ёшлигидан эзгу амалларга меҳр ва эътибор билан йўналтириш лозим.

bbc_loneliness_experiment_1400x400.jpg

Қалб масаласига келганда сал бошқачароқ фикрлашимиз ҳам мумкин, одам боласи инсонлардан йироқ, ҳайвонларга яқин жамоада улғайган бўлса ҳам, ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб туради. 

Демак, яна бир тушунча борки, инсон қандай муҳит ва шароитда яшамасин, агар унда қалб туйғулари шаклланмаса, ҳеч қачон инсон сифатига қўшила олмайди. Бу айнан ўша — биз севиб томоша қиладиган Тарзан образи орқали ҳам эътироф этилган десак, адашмаган бўламиз.

Абдулазиз Рустамов, ЎзА
9 077