ЎзА Ўзбек

26.07.2018 15:04 Чоп этиш версияси

Исломободдан Бобурга тегишли қўлёзма топилди

Исломободдан Бобурга тегишли қўлёзма топилди

Исломобод Миллий кутубхонасида сақланаётган ушбу қўлёзма шу пайтга қадар илмий жамоатчиликка маълум эмас эди.

Тошкентда 7-8 август кунлари “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзуида халқаро конференция ташкил этилади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизматининг маълумотларига кўра, конференцияда Туркманистон Фанлар академияси, Махтумқули номидаги Тил ва адабиёт институти етакчи илмий ходими, филология фанлари номзоди Раҳиммамед Куренов ва яна 30га яқин давлатлардан вакиллар ташриф буюради. 

Мазкур конференция Туркманистон Фанлар академияси Махтумқули номидаги Тил ва адабиёт институти мутахассисларининг Покистон Ислом Республикасига илмий сафари пайтида Исломобод Миллий кутубхонаси фондидан топилган Бобур девонининг қўлёзмасига бағишланади. 

– Мен Тошкентда 7-8 август кунлари бўлиб ўтадиган халқаро конференцияга мана шу қўлёзманинг топилиши билан боғлиқ маъруза билан қатнашмоқдаман, – дейди Раҳиммамед Куренов. Маълумотларга кўра, бу қўлёзма 3-сон билан рақамланган папкада бўлиб, жуда ачинарли аҳволда эди. Унинг биринчи варағида настаълиқ хатида битилган “Девони Бобур туркий” деган ёзув бор. Қўлёзманинг боши, ўртаси ва охиридаги саҳифаларга анчагина зиён етган.
Қўлёзма қоғози ва хаттотнинг услуби китоб Бобур яшаган даврда ёки ундан сал кейинроқ битилганидан дарак беради. Яқиндан танишиб чиқилганда аён бўлганки, китоб учта асарни ўз ичига олган. У “Мубаййин”дан бошланади, кейин “Девон”, охирида эса Бобурнинг “Аруз рисоласи” ёки “Мухтасар” асари билан якунланади. 

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Бобурнинг Исломобод Миллий кутубхонасида сақланаётган ушбу қўлёзмаси шу пайтга қадар илмий жамоатчиликка маълум эмас эди.

ЎзА
7 055