ЎзА Ўзбек

28.08.2018 16:36 Чоп этиш версияси

“Исломхўжа” фильми катта экранларда

Пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги кино саройида “Ўзбеккино” миллий агентлиги буюртмасига асосан ишланган “Исломхўжа” бадиий-публицистик фильмининг премьераси бўлиб ўтди.

Премьера олдидан Исломхўжа шахсияти, орзу-ўйлари, ҳаёти, мақсади қандай бўлгани ҳақида маълумот берилди. Фильм ишланиш жараёни, ижодкорлар гуруҳи ҳақида сўз борди.

Исломхўжа XIX аср охири XX аср бошларида Хива хонлигида, аввал Муҳаммад Раҳимхон II (Феруз), сўнгра эса унинг ўғли Асфандиёрхонга (Фаррух) хизмат қилган бош вазирдир. 17 ёшида ҳокимлик лавозимига ўтирган ушбу шахс билими, кенг дунёқараши, халқпарварлиги билан аҳоли қалбидан жой олади. Солиқ, савдо-сотиқ, бунёдкорлик, маданият соҳаларида ислоҳотлар қилиш таклифи билан чиққан Исломхўжа аҳолини талайдиган, мол-мулкини талон-торож қилиб, бойлик орттирадиган амалдорларни кескин танқид қилади. Халқ фаровонлиги учун амалий чоралар кўради.

Шундай ташаббускор, билимли, юксак салоҳиятли инсон сирли равишда ўлдирилади. Ҳужжатларда тергов жараёнлари олиб борилганлиги ҳақида маълумотлар бор. Аммо асл айбдорлар топилмасдан иш ёпилади. Унинг сирли ўлими тафсилотларини ўрганишга бел боғлаган тадқиқотчи-тарихчи олим орадан бир аср ўтганига қарамай, мавжуд ҳужжатларга асосланиб, асл айбдорлар қиёфасини очишга ҳаракат қилади. Фильмда шу кабилар баён этилган.

Фильм воқеалари тадқиқотчининг изланишлари асосида гавдалантирилади. Тадқиқотчи ҳужжатлар асосида мозийга қайтади. Хаёлан ўтган аср бошларига саёҳат қилиб, воқеаларни ўрганишга, таҳлил қилишга, Исломхўжа билан суҳбатлашишга уринади. Хива музофотидаги турмуш тарзини гўё кузатиб тургандек сўзлаб боради.

– Фильмни тушуниш бироз қийинроқ экан, – деди томошабин Зилола Арзиева. – Кино давомида Исломхўжа ҳақида гапириб берилди, дейиш мумкин. Воқеий саҳналар кам. Одам кўрган нарсасини яхшироқ эслаб қолишини ҳисобга олсак, воқеаларни айтиб беришган бўлса ҳам бош вазир ҳаёти, унинг ишларини болаларимизга маълумот сифатида беришимиз мумкин бўлган фильм ишланибди.

Сценарий муаллифи Жўрабек Рўзметов, постановкачи режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов. Фильмда Исломхўжа ролини Улуғбек Қодиров талқин этган.

Барно Мелиқулова, ЎзА
6 111