ЎзА Ўзбек

30.06.2020 Чоп этиш версияси

Ислоҳотлар тўлқинини сезиб...

Ислоҳотлар тўлқинини сезиб...

Мамлакатимиз сиёсий-ижтимоий ҳаётида рўй бераётган кўплаб муҳим жараёнларда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирилиги фаолиятининг ҳам ўрни бор.

Ушбу вазирлик ўз фаолияти, жараённинг мазмун-моҳиятига кўра, аввало мамлакатимиз сиёсатининг бош мезонларидан бири саналган инсонпарварлик ғоясига асосланган. Бунга мисол тариқасида сурхондарёлик бир муаллимнинг, ҳаваскор деҳқон ва чорвадорнинг турмушини кўримишмиз мумкин.

* * *

Абдушукур акага отадан мерос томорқаси атиги 20 сотихдан кўпроқ ер эди. Атиги деётганимизнинг боиси воҳада нисбатан ер майдони кенг бўлгани ҳолда, аҳоли сийраклиги учун ҳам 20 сотихлик томорқа аксарият сурхондарёликлар учун жуда кам ҳисобланади. Мактабда география ўқитувчиси бўлган Абдушукур ака ана шу томорқасида дастлаб ғалла, изидан маккажўхори экар, уй олдида ковшаниб турган тўрт-беш қорамолнинг ташвиши шу билан битарди. 

Аёли шу бир парча ердан ажратиб олган қисмга эса тарвуз, помидор-бодринг экарди. Ҳарнечук, аёл кишининг бўлгани шу-да: эл тарвуз-қовун еганда, муаллимнинг болалари ҳам бировларга қараб ўтирмас эди. Боз устига бу оила муаллимнинг мактабдан тегадиган маошига ҳам кўз тиккан эдики, шуни ҳам орқа қилишар эди. Шу зайлда кунлар ўтаверди. Муаллимнинг уч нафар фарзанди аста-секин камолга етаверди. Вақт тўхтаб турмайди.

Муаллимнинг икки ўғли бор, шу боис у яна битта томорқа олиш истагига тушди. Бироқ замон мутлақо ўзгача: илгари колхоз замонида раисга қуюқроқ салом берсанг, қартанинг бир четидан ер ажратиб берар, ва умрбод раисни дуо қилиб кунингни кўриб кетаверардинг. Аммо ҳозир бошқа давр. Ер дегани асл баҳосини ола бошлади. Қолаверса, давлатнинг ери ҳам ҳисобли. Томорқа ажратилганда ҳам 6 сотихдан зиёд ер йўқ.

Хуллас, катта ўғли коллежни битирар йили муаллимнинг бошини қотирган нарса шу бўлди. У ерни қайси пулга олиш ҳақида ўйлай бошлади.

Ҳаётнинг қаттиққўл ва адолатли қўли кишиларни шу тарзда кўзини очади. Яшаш сирларидан воқиф этади. Муаллим замон билан ҳамқадам бўлиш кераклигини, унга мувофиқ йўл тортиши лозимлигини тушунди. Ва туман марказига йўл олди. Муддаоси ­– кредит олиш ва унга иссиқхона қуриш. Бу режани у хотинига ҳам айтмай, ўзича пишитиб сўнг йўлга тушди. Хотин кишига пишмаган ишни айтиб бўладими – нима бўлди, банк пул берармикан, деб сўраб безор қилади. Ҳали бу унадиган пулми, унмайдиганми – Худо билади. Қолаверса, одамларнинг айтишича, банкдан кредит чиқариш ҳар кимга ҳам эмас, унга ҳам “танка” керак.

Аммо муаллимнинг таваккал қилиб кириб келгани тижорат банкида уни банкнинг икки нафар масъул ходимлари очиқ чеҳра билан қаршилади. Уларнинг хушмуомаласи Абдушукур акани алланечук илҳомлантириб юборди. Муаллим қимтинибгина ўз муддаосини айтди: кредит олиб иссиқхона қурмоқчи эдим.

– Марҳамат, бизга ҳам сиздай ҳалол, меҳнатдан қочмайдиган мижозлар керак. Ер ўз номингиздами, домла.

– Албатта, ўз номимда.

Таваккалчининг олди йўл, деганларидек, муаллимга узоғи беш иш кунида кредит ажратиб берадиган бўлишди. Унга зарур ҳужжатларни, жумладан, иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномани ҳам тақдим этиш кераклигини уқтиришди. Ишнинг бундай ўнғай битганидан қувонган Абдушукур ака шу куннинг ўзидаёқ ҳужжатларни қарийб битирди. Ва кун асрга қиялаб қолганида худди тилло топгандай бўлиб аёлининг қошига қайтди.

Алқисса, Абдушкур муаллим орадан икки ой ўтганида, февралнинг охирги кунларида томорқасининг 7 сотих жойида рисоладагидай, худди телевизорда кўрсатадиган миришкор деҳқонларникидек иссиқхонасига лимон кўчатларини қадай бошлади. Банк берган кредитнинг бир қисмига қурилиш дўконидан зарур молларни олган бўлса, қолганига қўшни тумандаги Лимонария хўжалигидан сара ниҳоллар келтирди.

Шу воқеага ҳам мана уч йилдан ошди. Бу орада лимондан икки бор ҳосил терган бўлса, помидор-бодринг, булғор каби маҳсулотлардан лимондан ҳам кўпроқ даромад олди. Муаллимнинг шогирдлари фан олимпиадаларида фахрли ўринларни олиб келган пайтида – бундай қувончли паллалар кўп бўлган – муаллим қанчалар хурсанд бўлиб, ўзидан, касбидан кўнгли тўлган, фахрланган бўлса, иссиқхонада ҳали тоғлардан қор кетмай рўмол ёйгандек қип-қизил бўлиб пишган помидорларга ҳам шундай қониш билан қарайди. Ҳа, ҳар бир ишни уқувли, қунтли одам бажаради.

Пешона тери билан қўлга киритилган маблағ кишига нафақат рағбат беради, балки ақлини пешлаб қўяр экан. Абдушукур ака дастлабки даромадига тоғдан қўй отарлари қайтган пайтда бешта кичкина қўзичоқ олди. Ва кичик қизчаси номлагандек, уларни “лимон қўзилар”, деб атай бошлади. Иссиқхона ва томорқадан чиққан ўт-ўлан билан кундан кун ўйноқлаб катта бўлаётган қўзичоқлар уч-тўрт ойда бўладиган қўчқорчаларга айланди...

Битта ўғлига томорқани ўйлаб, ўйчан юрган муаллим бугунга келиб кичик бўлса-да мулкдорга айланди. Икки ой бурун ҳамқишлоғи Соатмуроднинг минилган, аммо ҳали оҳорлигина “Дамас”ини сотиб олди. Бу каби ютуқлар эндиликда Термиз давлат университетида талаба бўлган катта ўғилга ҳам, мактабда ўқиётган кичик фарзандларга ҳам ўзгача кайфият улашади. Албатта, бу натижаларга осонгина эришилгани йўқ. 

Иссиқхонани қуриш, бировни ака, бировни ука деб, билмаганини ўзи ўқитган болалардан сўраб, ҳаво совиб кетган кезларда лойга оралаб иссиқхонага кўмир ташиб, 70 туп ниҳол асраб қолинди. Уларга зарур бўлган нарсаларни пулга топиш мумкиндир, аммо билим ва кўникмани, сабр ва умидни пулга топиб бўлмайди-да. Муаллим чидади, сабр қилиб ниятига ета бошлади.

– Илгари 20 сотих ер кўзимга бир парча бўлиб туюларди. Тавба, одам ишлайман деса, ер ҳам, имконият ҳам топса бўларкан. – дейди муаллим. – 7 сотих ердан шундай даромад қилиш мумкин, деб сира ўйламасдим. Ўйлашга имкон ҳам йўқ эди. Мактабдаги қоғозбозлик, буёғи уч-тўрт йил олдингача ўқитувчиларнинг гарданига тушган пахта йиғим-терими каби ташвишлар одамни гангитиб қўйган эди. Қолаверса, кредит деган нарсани бизнинг маҳаллада нари борса бир-икки киши олар эди. Биздай оддий бир ўқитувчига йўл бўлсин.

Муаллимдан ўсмоқчилаб сўраймиз:

– Домла, деҳқончилик, чорвачиликка берилиб, асл касбингизни унутиб қўймадингизми?


– Э, ука, билсангиз бу ютуқларимнинг ҳаммасининг ортида муаллимликдан келадиган ҳалол маблағим турибди. Машойихлар айтган экан: ҳалол одам ўстирмоқчи бўлсанг, ҳалол нон едир деб. Шундай бўлгач, ўқитувчиликка иштиёқимиз янада ортди. Шу маош билан иссиқхонанинг кредитиниям тўладик. Чорвага ҳам зарур ем-хашак ҳам шу пулга келган. Худонинг қарашганини қарангки, ўтган икки йилда икки ўқувчим вилоят олимпиадасига чиқди. Биттаси ҳозир талаба. Хуллас дарс кўнгилдагидай. Сабаби, дарс пайтидаям уйдаги муаммоларни ўйлаб ўтирмайсан, одам. Кўнгил тўқ-да...

Бу бизга таниш бир зиёлининг, бир фуқаронинг, ўрта ҳол бир тадбирли кишининг кундалик ҳаёти манзаралари. Қўрасида ўн беш-йигирма қўй-қўзи, тўрт бош қора мол, уй олдида машинаси бор, томорқаси яшнаб турибди.

Адолат ҳоким бўлса, одамлар ўз турмушларини шу тарзда тиклаб кетаверади. Битта оиланинг фаровонлиги, дегани бутун жамиятга кичик бир улушдир, аммо бугун мамлакатимизда минглаб бу каби оилалар бор. Улар ўз ободлигини шу зайлда амалга оширмоқда. Ва улар бу катта-кичик ютуқлар замирида ҳукуматимизнинг оқилона ислоҳотлари тўлқинини сезиб, ҳис этиб яшамоқда.

1 382
Собир ЖУМАЕВ, ЎзА