ЎзА Ўзбек

11.07.2020 Чоп этиш версияси

ИСЛОҲОТ САМАРАСИ: қишлоқдаги клиника Россиянинг жарроҳлик маркази билан ҳамкорлик қилмоқда

ИСЛОҲОТ САМАРАСИ: қишлоқдаги клиника Россиянинг жарроҳлик маркази билан ҳамкорлик қилмоқда

Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманининг «Гулзор» маҳалла фуқаролар йиғинида хорижий инвестиция иштирокида “Aвто мед центр ҳаёт” масъулияти чекланган жамияти иш бошлади.

Лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллиард 352 миллион сўмга тенг бўлиб, корхонада аҳолига тиббий, маиший ва автомобилларга хизмат кўрсатиш турлари йўлга қўйилган. Айниқса, жамият қошидаги «Ҳаёт» кўп тармоқли хусусий клиникаси фаолиятидан аҳоли мамнун. Эндиликда фуқаролар дардига малҳам излаб туман маркази ёки пойтахтга бормайди. Тиббиёт муассасаси бир кунда 60 кишини қабул қилишга мўлжалланган.

Бу ерда педиатр, терапевт, невролог, отоларинголог, гинеколог, физиатерапевт ва травматолог-вертебролог каби шифокорлар беморларнинг мушкулини осон қилишга ёрдам беряпти.

photo_2020-07-11_17-33-10.jpg

Хусусий клиника Россиянинг Новосибирск шаҳридаги умуртқа поғонадаги жарроҳлик маркази билан ҳамкорликда ишламоқда. Яқинда клиника раҳбарияти савобли ишга қўл уриб, туманидаги «Гулзор», «Янги турмуш», «Саидовул-Бахт» ва «Ўчоқли» маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолиси учун бепул тиббий кўриклар ташкил этди. Шифокорлар пандемия даври бўлгани боис болалар ва ёши кекса фуқаролар саломатлигига алоҳида эътибор қаратди. 

Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, шифохонада хориждан олиб келинган эхокардиография, доплерография каби энг замонавий тиббиёт ускуналари ёрдамида беморларга касалликлари бўйича аниқ ташхислар қўйилмоқда.

3 243
А.Мусаев, ЎзА