Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.04.2018 15:40 Чоп этиш версияси

Искандар Маҳмудов: Сўнгги айтган фикрим энг фойдалиси...

Искандар Маҳмудов: Сўнгги айтган фикрим энг фойдалиси...
Жаҳонга машҳур бизнесмен юртдошларимиз

"Хорижий давлатларда муваффақиятли ишлаб юрган юқори малакали олим, врачлар, салоҳиятли инвесторларни юртимизга таклиф этиб, ўз билим ва тажрибасини ватанимиз равнақи йўлида ишлатиши учун барча шароитларни яратиб бермоқдамиз".
Шавкат Мирзиёев

Соҳибқирон Амир Темур шундай деган эди: "Ишбилармон, мардлик ва шижоат соҳиби, азми қатъий, тадбиркор ва ҳушёр бир киши минг-минглаб тадбирсиз, лоқайд кишилардан ортиқроқдур". 

Искандар Маҳмудов бухоролик жаҳонга машҳур ўзбек ишбилармони, йирик тадбиркор. Россиядаги энг йирик Ўрол тоғ-металлургия компанияси президенти. “Форбс” журнали маълумотларига кўра, ҳозирда унинг 6 миллиард 500 миллион долларлик мол-мулки бўлиб, Россиядаги энг йирик 20 миллиардер қаторидан ўрин олган.

Беихтиёр савол туғилади, қандай қобилияти ва истеъдоди эвазига Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг шарқшунослик факультетини битириб, 1984 йили араб тилини ўрганган таржимон бугун Россиядаги таркибида ўнлаб йирик корхоналари бўлган Ўрол тоғ-металлургия компаниясига эгалик қилмоқда? Айни пайтда у Россияда ишлаб чиқарилаётган мис (рангли металл)нинг тенг ярмини назорат қилади, вагон ва тепловоз ишлаб чиқариш бўйича эса қисқа муддатда Россияни жаҳондаги 8-ўринга олиб чиқди. Россия фуқаролиги гувоҳномасини унинг қўлига шахсан Президент Владимир Путиннинг ўзи топширган.

Бир қараганда ақл бовар қилмайдиган, тасаввур қилиш ҳам қийин бўлган ютуқ, натижа ва муваффақият. Аслида чуқурроқ ўйлаб қарайдиган бўлсак, бу муваффақиятлар асл сабабини тушуниш ҳам, тушунтириш ҳам мумкин экан.

Дунёдаги бир ҳовуч миллиардерлардан ташқари барчани, айниқса, ёш тадбиркорларни "Бирни бирга қўшиш орқали икки эмас, ўн ҳам эмас, юз, ҳатто минг қилиш мумкинми?" деган савол қизиқтириши табиий. Осон жавоб топиш мушкул. Лекин жадал тараққиёт замонида бу саволга жавоб топиш мақсадида бизга маълум бўлган воқеа, тадбирлар, муайян инсон тақдири ва тарихини таҳлил қилишга уриниб кўрамиз.

Касб танлашда қаҳрамонимиз Искандар Маҳмудовга шарқшунослик факультетига ўқишга киришни маслаҳат берган, хорижий тилларни ўрганишга чорлаган, бунда ўғлининг яқин ёрдамчиси бўлган онаси ҳам зиёли инсон эди. 

Гарвард, Кембриж, Сорбонна ёки Москвадаги МДУ, МВТУ (Н.Э.Бауман номидаги Москва давлат техника университети)да ўқиш, муваффақиятли тамомлаш инсон тақдирига, унинг амал пиллапоялари сари кўтарилишига, бизнесига бевосита таъсир қилармикан?

Маълумотларга кўра, АҚШнинг Гарвард университетини битирганлардан 8 нафари Америка Президенти, 75 нафари Нобель мукофоти совриндори бўлган. Тан олиш керак, мазкур университет бераётган билимлар савияси экспертизадан ўтиб, дунёда якдиллик билан эътироф этилган. Лекин Искандар Маҳмудов ўз ҳаётий тажрибаси билан бу тушунчаларни бутунлай ўзгартириб юборди, дейиш мумкин. У Ўзбекистонда таҳсил олди. Дастлаб мактаб, сўнгра олий ўқув юртида аъло баҳоларга ўқиди. Шарқшунослик факультети профессор-ўқитувчилари берган билимлар савияси жаҳонга машҳур хорижий олий ўқув юртларидан сира қолишмаслигини исботлади. Искандар Маҳмудов тадбиркорлик ишига жиддий киришди ва жаҳондаги 10 нафар энг бой ўзбек миллиардери сафидан жой олди.

Юртдошимизнинг аждодлари кимлар эканини билмаймиз-у, лекин айтиш жоиз, тақир ерда гиёҳ ўсмайди. Искандар Маҳмудовнинг онаси рус тили ўқитувчиси, отаси эса қурувчи-муҳандис бўлган. Республикадаги йирик завод-фабрика ва корхоналар қурилишида қатнашган. Шу ерда жумбоқнинг калитини топаётгандек бўлаяпмиз. Балки бунга қўшимча, шу авлодга хос бўлган ва наслдан-наслга ўтаётган истеъдод, қобилият ҳам қудратини кўрсатган бўлса, ажабмас. Аммо, энг муҳими, ва авваламбор, уқув, истеъдод, қобилият инсоннинг ўзида бўлиши даркор, уни инсон ўзида ўзи тарбиялаши лозим. Лекин, истеъдод келгуси авлодда дам олади деган гап ҳам бор-ку, ҳаётда. Бу махсус ва жуда нозик масала бўлгани учун ва у генетик олимларнинг, шу мавзу билан шуғулланаётган тиббиёт соҳаси мутахассисларининг иши бўлгани сабабли шу ерда тўхтаймиз.

Қайд этиш керак, ҳар бир инсондаги каби бухоролик ёш Искандарда ҳам, аввало, умид, орзу ва унга қараб қаттиқ интилиш, ҳаракат бор эди. Кейин фарзандга йўл-йўриқ кўрсатадиган ота-онаси келажакни кўра биладиган инсонлар бўлган, албатта. Бизни ёшлигимизда: “мол-мулк, пул, бойлик ҳақида ўйлама. Улар ўқишдан, илмдан, билим олишдан чалғитади, ёмон йўлга бошлайди”, деб ўзлари ҳам билиб-билмай тўғрими-нотўғрими, тарбиялашган эмасми, ахир!

Олий ўқув юртини битиргандан кейин Искандар Маҳмудов бир неча йил давлат хизматида ишлади. Араб тилини пухта билгани сабабли 1984-1986 йилларда собиқ СССР Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг Ливиядаги совет ҳарбий маслаҳатчилари гуруҳида таржимонлик қилди. Шу йиллари собиқ иттифоқдан араб мамлакатларига борган рус ҳарбий мутахассислари ўзлари билан ишлайдиган маҳаллий халқ тилини, урф-одатини билмас, араб халқининг феъл-атворини тушунмас эди. 1986-1988 йиллар Ироқдаги ҳарбий объектларни қуриш бошқармасида бу масалада айни таржимон Искандар Маҳмудов уларнинг жонига оро кирди.

Искандарнинг таржимонлик фаолияти тўғрисида ўзининг алоҳида нуқтаи назари, фалсафий қарашлари мавжуд.

– Хорижлик мутахассислар ишлаётган давлатларда таржимон ўта муҳим роль ўйнайди, – дейди Искандар Маҳмудов. – У мулоқотларда савол-жавобни сўзма-сўз таржима қилиб берадиган тилмочгина эмас, балки ҳамма масалаларда, айниқса, кутилмаган пайтда пайдо бўладиган қалтис вазиятларда масаланинг асл моҳиятини тушунтириб бера оладиган яқин ҳамкор, дўст, ҳожатбардордир. Маҳаллий халқнинг тили, феъл-атвори, маданияти нуқтаи назаридан қараганда, таржимон муаммоларнинг томонларга маъқул бўлган ечимини топиб, муросага келтиради. Одатда иш жараёнида таржимон қисқа муддатда иккала томонга ҳам бирдек яқин одам бўлиб қолади.

Таржимон холис хизмат қилиши керак, ана шунда ҳурматга, обрў-эътиборга сазовор бўлади, буюртмачилар ҳам унга ўзига ишонгандек ишонади. Яхши, адолатли, беғараз одам бўлсангиз, боз устига уларнинг тилини, дилини билсангиз, улар сизни яқин одами сифатида қабул қилади. Ҳатто ишига, бизнесига шерик бўлишни ҳам таклиф эта бошлайди.

Шу гаплардан сўнг хорижий тилларни яхши билувчи ўзбек бизнесменлари Алишер Усмонов, Фаттоҳ Шодиев, Алижон Иброҳимов каби ишбилармон тадбиркорлар ёдимга тушди. Уларнинг бизнес сирини оз бўлса-да, англагандек бўлдим.

1988 йили хориждаги хизмат сафаридан қайтгандан кейин Искандар Маҳмудовни Ўзбекистон Республикаси эҳтиёжи учун товар сотиб оладиган ва ўзбек пахтаси, урани билан савдо қиладиган “Ўзбекинторг” ташкилотига ишга таклиф қилишди. Ҳақиқий коммерция, хорижий давлатлар билан дастлабки савдо қилиш тажрибасини Искандар Маҳмудов шу ерда ўрганди. Тажриба тўплади. Лекин Тошкентда узоқ ушланиб қолгани йўқ. Ўзбекистоннинг эҳтиёж ва имкониятларини яхши биладиган, рус, араб тилларини пухта ўзлаштирган уддабурон тадбиркор, ташқи савдо соҳасидаги мутахассис даражасига етган таржимон кимга керак бўлмайди, дейсиз.

Тан олиш керак, эзгу ниятлар билан қилинган инқилоблар (ҳарҳолда инқилобчи-революционерлар шундай дейишган), ижтимоий ҳимоя қилиш сиёсатини амалга оширишга ҳаракат қилган Совет тузуми мақсадига эриша олмай тарқаб кетди, капитал, капиталист, капитализм (меҳнатда юксак самарага эришиш, пул топиш, капитал тўплаш)га қурилган жамиятлар (Ғарб дунёси) гуркираб ривожланди.

Искандар Маҳмудов олти тилни билади, иккинчи турмуш ўртоғи билан еттинчи – татар тилида бемалол сўзлаша олади. У киши билан суҳбатлашганда ҳайрон бўласан, ҳайратга тушасан, дейди ҳамкасблари. Ҳозиргина бир-бирига қарама-қарши бўлган фикрларни айтиб туриб, шу заҳоти ана шу фикрини ўзи инкор қилиши ҳам мумкин. Унга жавобан, “Ие, ҳа, ахир ҳозиргина бошқа фикрни айтган эдингиз-ку, буёғи қандай бўлди”, деганингизда: “Шошилманг, масалани тўғри ҳал қилишнинг бир нечта варианти мавжуд. Сўнгги айтган фикрим энг фойдалиси, энг безаволи”, деб жавоб қилади ва уни сизнинг олдингизда асослаб ҳам беради. Бу ёндашувда иккиланиш, шубҳа қилиш, беқарорлик эмас, ишонарли, муҳим ва фойдали мантиқ, тинмай ишлаб турган уйғоқ ақл ётганини сезасиз. Яна бир гап, у киши тарихни фан сифатида тан олмайди. "Тарихни фақат ўзларини мақтайдиган ғолибларгина ёзади, шунинг учун у объектив эмас", дейди Искандар Маҳмудов. Бутун тарихни инкор этмаган ҳолда, бу фикрда ҳам жон борлигини тан олишга мажбур бўласиз. Тарихдаги барча воқеа-ҳодисаларда мағлуб бўлган – телба, аҳмоқ қилиб кўрсатилса, ғолиб – ақлли, донишманд қилиб тасвирланади. Шу сабабли Искандар тарихни илм-фан сифатида тан олмайди. Айни пайтда истаган тарихий воқеа ёки фактни ўзининг ҳақиқатан ҳам энциклопедик билимига асосланиб, жуда аниқлик билан айтиб беради. Тарихий мавзуда у киши билан яхшиси баҳслашмаган маъқул, барибир ютқазасиз. У ҳамма нарсадан, нафақат ўзининг бизнес салтанати, балки рақибларининг ҳам муаммолари-ю ютуқ ва камчиликларининг ипидан-игнасигача хабардор. Ҳақиқатдан ҳам “огоҳсен – шоҳсен”, деган хулосага келасан, киши.

Бир қизиқ одати бор. Ишлаб чиқариш жараёнига катта раҳбар сифатида кўп ҳам аралашавермайди. "Ишни яхшилайман, деб билиб-билмай мутлақо тескари натижага эришишингиз мумкин, мутахассисларга ишониш керак", дейди тадбиркор. Қўл остида ишлаётганларга эркинлик, мустақиллик берган, айни пайтда масъулиятдан қочмаслик, уни бўйнига олиш ҳам юклатилган. Лекин маҳсулотларининг сифатини, режадаги ҳажмини, ишлаб чиқариш рентабеллигини диққат билан кузатиб боради. Вазиятга қараб зудлик билан чора-тадбирлар ҳам кўради.

Хорижга кетган қанчадан-қанча ватандошларимиз бор? Уларнинг айримлари, яхши иш, фаровон ҳаёт қидириб кетишган. Четда ишлаб пул топиб, бола-чақасини боқаётган, уйлар солиб, машиналар харид қилаётганлар қанча. Айтиш жоиз, ана шундай муҳожирлар бир пайтлар борган жойида яшаб қолиб, Америка Қўшма Штатлари каби катта бир давлатга, салтанатга асос солган эди. Гап шундаки, хорижга у ерда бирон-бир иш қилишга ишонган, ақли расо, жисмонан соғлом, уддабурон инсонлар кетади. Айримлари эса ноиложликдан, мажбур бўлганидан кетишган. Лекин бир нарса аён, бундай истеъдодли, ташаббускор шахсларга диққат-эътибор, ёрдам ва келажагига озми-кўпми ишонч билдирилса борми, улар шу ернинг ўзида қолишар эди. Россиядан кетиб Нобель, Оскар ва бошқа нуфузли халқаро мукофотларга сазовор бўлганлар қанча?!

Ҳозирги кунда Қозоғистонда, Бельгияда ва бошқа давлатларда минг-минглаб ишчиларга иш бераётган, уларни хорижий давлатлар қонун-қоидалари даражасида маош билан таъминлаб, ижтимоий ҳимоя чораларини кўраётган Искандар Маҳмудов ҳам чет элга якка ўзи кетгани йўқ. У киши билан бирга тоғаси Олим Маҳмудов (ҳозир “Уралэлектромедь” корхонасида бош мутахассис), акасининг бир ўғли, Искандарнинг тенгдош оғайниси (ҳозир УГМК директорлар кенгашининг аъзоси, рангли металлга ишлов бериш бўйича бошқарма бошлиғи) Шуҳрат Маҳмудов ва бошқа ака-ука, тоға, амаки, қариндош-уруғлар бирга кетишган. Ноёб истеъдодга эга бўлган тадбиркор хорижда Жаҳонгир исмли ўғил кўрди. Ҳозир у 32 ёшда. Меросхўр. Жаҳонгир Буюк Британияда Халқаро бизнес мактабини битирди. 2009 йилдан “Аэрокосмос” компанияси Бош директорининг маслаҳатчиси. 2010 йилдан “Голдман Сакс групп” товарлар департаментида даромадларни рўйхатга олиш, валюта бозори ва хомашё товарлар бўйича маслаҳатчи лавозимида, 2012-2015 йиллар “УГМК-холдинг”да тоғ ишлари бўйича директор маслаҳатчиси, Челябинск рух заводи (ЧПЗ) бош директорининг коммерция ва молиявий масалалар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқда.

Илм тили билан айтганда, бу “интеллектуал миграция” – ақллиларни қўлдан бой бериш “утечка мозгов” дейилади. Адолат юзасидан эътироф этиш лозим, бунда биз ёлғиз эмасмиз. Бир пайтлар бутун Европанинг машҳур олий ўқув юртларини Америка Қўшма Штатларига кадрлар тайёрлаб берувчи кенг тармоқли инкубатор цехи дейишар эди. Кейинроқ кадрлар тайёрлаш конвейерига собиқ иттифоқ, социалистик давлатлар ҳам қўшилди. Бу демак, бир (ёки бир нечта) мамлакат бутун илмий-педагогик салоҳиятини ишга солиб, бюджетдан катта маблағ сарфлаб олий маълумотли мутахассис тайёрлайди, диплом беради. Ноёб истеъдодга эга бўлган ана шундай юзлаб, минглаб кадрлар эса бошқа давлатга кетиб қолишади. Пировардида имконияти бор, бой, ривожланган давлатларда истеъдодлар йиғила бошлайди. Улар ҳисобига давлат ҳам қудратли бўлиб боради. Камбағал давлатлар эса нафақат товар хомашёси (пахта, ипак, нефть, газ) базаси, балки интеллектуал кадрлар инкубатори ҳам бўлиб қолади. Бу иш ҳамон давом этмоқда. Инсон ҳуқуқлари халқаро миқёсда ҳимоя қилинаётган бугунги кунда ишчи кучи эркин бўлиб, ким кўпроқ ҳақ тўласа, ижтимоий ҳимоя қилса, моддий рағбатлантирса, ноёб ҳунарга эга олий маълумотли ишчи-мутахассислар давлат, сиёсий тузум, мамлакатидан қатъи назар, шу давлатга ўтиб кетаверади. Бундай вазиятда ўзлари мутахассис кадрлар тайёрлаб, энди оёққа тураётган ривожланаётган мамлакатларга қийин. Ва бундай ҳолатга бефарқ қараб туриб ҳам бўлмайди. Шу ерда бир фикр келади хаёлга, юртимиздан иш қидириб четга чиқиб кетаётганларни “ай-кю” (ХVII аср француз тилло тангаси) “олтинга тенг ақлга эга” бўлганларни суҳбатдан ўтказиб саралаб, уларнинг истеъдоди, қобилиятига яраша шу ернинг ўзида иш топиб, маош тайинласа, шу йўл билан Ўзбекистондан четга чиқиб кетаётган келажакда машҳур олим, ноёб мутахассис, йирик тадбиркор, бизнесмен бўладиганларни ватанида олиб қолиб, ўзимизни ўзимиз ҳимоя қилмасак, ким ўзбек халқининг асл фарзандларини сақлаб қолади ва мамлакатимизнинг келажаги ҳақида қайғуради?!

Шукрки, сўнгги пайтларда ўзимизда, ўзимизнинг диёримиздаги ишларнинг кўлами ҳам, чеки-чегараси ҳам кўринмайди. Ўзбекистон ҳукумати ва Ўрол тоғ-металлургия компанияси билан Қорақалпоғистоннинг Қораўзак туманида таркибида нодир ванадий ҳамда титаномагнетит каби қимматбаҳо металлари бўлган Тебинбулоқ темир конини ҳамкорликда ўзлаштириш юзасидан меморандум (2017 йил 3 апрель куни) имзоланди. Бу ерда, шунингдек, Ўзбекистонда биринчи бор бевосита тоғ рудасидан металл олинадиган пўлат эритиш печлари қад кўтаради. Киритилаётган инвестициянинг ҳажми, кон ва корхоналарда ишлайдиган ишчиларнинг сони биринчи босқичда 2 минг кишини ташкил қилади. Сармоя ҳажми 1,5 миллиард АҚШ доллари. Янги тоғ-кон саноати корхоналарида юзлаб ишчилар, кончилар, пўлат эритувчилар, муҳандис-техник ходимлар, хизматчилар меҳнат қилишади. Кондаги битта карьернинг ўзидан йилига 22 миллион тонна руда қазиб олинади. Таркибида 65 фоиз темир бўлган улкан руда бойитиш комбинати барпо этилади. Йилига бир ярим миллион тонна чўян қуядиган металлургия комплекси қад ростлайди. Ўрганишлар шуни кўрсатдики, кон қаърида таркибида ноёб металлар бўлган бир неча миллиард тонна руда ётибди.

Яна шуни қайд этиш керакки, Тебинбулоқ кони Ўзбекистон геологлари томонидан бундан 80 йил муқаддам очилган. Лекин бундай йирик конни ўзлаштириш фавқулодда катта маблағ талаб қиларди.

Таъкидлаш лозим, 2017 йили 4-5 апрель кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига давлат ташрифи чоғида янги конни ўзлаштириш бўйича бир қарорга келинган эди. Искандар Маҳмудов бошлиқ Россиядаги йирик тоғ-металлургия компанияси билан шартнома имзоланди. Айни пайтда Ўрол кон-металлургия компанияси Тебинбулоқ конида карьер қазиш ишларини бошлаб юборган. 

Ирисмат Абдухолиқов, ЎзА
17 926