Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.09.2018 08:14 Чоп этиш версияси

Ишсизлик – барча иллатлар ўчоғи

Ишсизлик – барча иллатлар ўчоғи Жиззах вилояти Фориш туманида хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида 120 хотин-қизга тижорат банкларидан 1 миллиард сўмдан зиёд кредит маблағи ажратилди.

Хотин-қизларнинг ижтимоий мавқеини янада юксалтиришнинг самарали йўли уларни иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳисобланади. Туман хотин-қизлар қўмитаси, ички ишлар бўлими “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлими томонидан ишлаб чиқилган ҳамкорлик режасига мувофиқ, ушбу йўналишга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Ҳамкорлик режаси асосида ташкил этилган ишчи гуруҳ уйма-уй юриб, хотин-қизлар муаммоларини ўрганмоқда. Ҳозиргача тумандаги 25 фуқаролар йиғинидаги барча оилалар тўлиқ ўрганиб чиқилди.

Биргаликда амалга оширилган тадбирлар туфайли жорий йилнинг ўтган даврида 212 аёл иш билан таъминланди, 65 нафарига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун кўмаклашилди, 7 нафар хотин-қиз ҳунармандчилик соҳасига йўналтирилди.

– Кўплаб иллатларнинг келиб чиқишига ишсизлик, оиладаги моддий етишмовчилик сабаб бўлади, – дейди туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулнора Исмоилова. – Шунинг учун уйма-уй юриб аёлларнинг ижтимоий аҳволини ўрганишда уларнинг лаёқатига, имкониятига яраша иш топишида кўмаклашиш устувор вазифа этиб белгиланган. Шу мақсадда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун бино, ер-жой ажратилиши, кредит олиши ҳамда бошқа ижтимоий-ҳуқуқий масалаларда амалий ёрдам кўрсатилаётир.

Ишчи гуруҳ уйма-уй юриб оилаларни ўрганиш давомида хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, жиноятга мойиллиги бор, нотинч оилаларда истиқомат қилувчи аёллар ва қизлар муаммоларини ўрганиш ва уларга ечим топишга жиддий эътибор қаратмоқда. Шунингдек, оилаларда эрта никоҳнинг оғир оқибатлари, қизларни турмушга тайёрлаш борасида суҳбат ва тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
2 357