ЎзА Ўзбек

24.09.2019 Чоп этиш версияси

Ишсиз ёшлар учун бепул ўқув курслари

Ишсиз ёшлар учун бепул ўқув курслари

Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги транспорт касб-хунар коллежи негизида Қашқадарё вилояти “Yuksalish” ахборот-маслаҳат ресурс маркази томонидан ишсиз ёшларга касб-ҳунар ўргатиш ва уларни ижтимоий фаолликка йўналтиришга қаратилган бепул ўқув курслари очилди.

Қисқа муддатли (2-3 ойлик) бу ўқув курслари “Ёшларни тадбиркорлик соҳасига кенг жалб қилиш – ёшлар бандлигини таъминлашда муҳим омилдир” деб номланган лойиҳа доирасида ташкил қилинган. Бу ерда чироқчилик ёшлар металлга ишлов бериш, мебель жиҳозларини таъмирлаш, ясаш ҳамда сантехника ишлари каби йўналишлар бўйича касб-ҳунар ўрганади.

Муҳим ижтимоий аҳамиятга молик мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг молиявий кўмаги билан Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг давлат ижтимоий буюртмаси асосида амалга оширилмоқда.

– Бепул ўқув курсларида ишсиз ёшлар меҳнат бозорида талаб анча юқори бўлган металл пайвандчи, мебелсоз ва сантехник ҳунарини ўзлаштириш баробарида бизнес юритиш кўникмаларига ҳам эга бўлади, – дейди “Yuksalish” ахборот-маслаҳат ресурс маркази директори Зулфия Ҳайдарова. – Шунингдек, уларга ўз ишини бошлаш учун амалий ёрдам кўрсатилади. Лойиҳа доирасида биргина Чироқчи туманидан 120 нафар (ҳар бир йўналиш бўйича 40 нафардан) ишсиз ёшларни ўқитиш ва барчасига тегишли сертификатлар бериш назарда тутилган. Ишончимиз комилки, яқин вақт ичида ўқув курсларимиз битирувчилари малакали ишчилар ва ёш тадбиркорлар сифатида меҳнат бозорида ўз ўрнини эгаллаб, доимий даромад манбаига эга бўлади.

Бепул ўқув курсларини ташкил этиш учун лойиҳа доирасида Чироқчи транспорт касб-ҳунар коллежи биносидан хоналар ажратилган. Ишсиз ёшлар – мақсадли гуруҳлар аъзоларини ўқитишга малакали амалиётчи-мутахассислар, тренерлар, тажрибали тадбиркорлар жалб қилинган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ажратилган маблағ ҳисобидан ўқув-ишлаб чиқариш хоналари ускуналар ва материаллар билан таъминланди.

Лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш жараёнида мазкур ўқув курслари негизида экспериментал маҳаллий ривожланиш маркази ташкил этилиб, унда ишсиз ёшларга меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларни ўргатиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, бизнесни юритишга доир билим ва кўникмаларини юксалтириш бўйича доимий фаолият олиб бориш назарда тутилган.

Аҳамиятли томони, мазкур лойиҳа Қашқадарёдаги ННТ томонидан давлат ижтимоий буюртмаси асосида амалга оширилаётган дастлабки ташаббусдир. Уни рўёбга чиқаришда вилоят ва туман ҳокимликлари, хотин-қизлар қўмиталари, вилоят бандлик бош бошқармаси, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамда яна кўплаб ҳамкор ташкилотлар иштирок этмоқда.

Ўқув курсларининг тантанали очилиш маросимида ташкилот вакиллари иштирокида лойиҳани ижтимоий шериклик тамойиллари асосида ҳаётга татбиқ этиш борасида давра суҳбати ўтказилди.

2.jpg

3.jpg

4 648
Ў.БАРОТОВ, ЎзА