Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

25.07.2018 18:15 Чоп этиш версияси

Ишсиз, уйсиз, умидсиз Умиджоннинг шодлиги боиси нима?

2007 йил, 11 февраль. Олмалиқлик Шодибековлар оиласи бошига оғир мусибат тушди. Ёш оила соҳиби Саидвали автоҳалокат туфайли тўшакка михланиб қолди.

– Ижарага уй олиб, алоҳида рўзғор сифатида катта ҳовлидан ажраб чиққан пайтларимиз эди, – деб эслайди хонадон соҳибаси Барно Шодибекова. – Не-не орзу-умидларимиз бор эди! Уйлар қуриб, тўйлар қилмоқчи эдик. Ўша мудҳиш воқеа сабаб барчаси саробга айланганди гўё. Ахир, турмуш ўртоғим I гуруҳ ногирони, алоҳида парваришга муҳтож бўлиб қолган эди-да. Энди тақдирнинг бу оғир синови, яна рўзғор ташвишларидан ортиб уй қуриш – бу ширин туш, ушалмас орзудек туюларди.

11 йил. Баъзан ҳаётнинг оғир синовли кунлари қаршисида бир соат ҳам кўпдек туюлади. Аммо Барно Шодибекова мана шу узоқ вақт мобайнида метин иродаси билан тақдирнинг аччиқ синовларини енга олди. Рўзғор ташвишларидан ортиб, турмуш ўртоғига қаради, икки фарзандини оқ ювиб, оқ таради.

– Қизимиз Дилнурахон 3 ёшда, ўғлимиз Умиджон эса 8 ёшда, – дейди Б.Шодибекова. – Умиджоннинг кўп нарсага ақли етиб қолган. Баъзан унинг саволлари қаршисида шу қадар ожиз қолардимки, ўзим ишонмай қўйган орзуларимга уни ишонтириб, юпатар эдим.

Бир сафар телевизорда аллақандай хориж фильми намойиш қилинди. Умиджон уйсиз, кўчада яшайдиганлар ҳаёти акс этган саҳнани томоша қилар экан, сўради:

– Ойи, улар кимлар?
– Уй-жойи йўқлар.
– Нима, ишлаб пул топиб, уй олса бўлмайдими?
– Уларнинг на уй-жойи, на бир тайинли иши бор.
– Бизга ўхшаб-а?
– Йўқ, биз уларга ўхшамаймиз. Устимиз бут, қорнимиз тўқ, кўчада ҳам қолганимиз йўқ.
– Барибир, уйимиз ҳам, сизнинг тайинли бир ишингиз ҳам йўқ-ку?
– ... .

Айни пайтда Б.Шодибекова ва оиласи учун буларнинг барчаси тарихга, шукроналик келтирувчи хотираларга айланди. Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда Шодибековлар сингари оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хусусан, уй-жой билан таъминлаш борасида бошланган олижаноб ҳаракатлардан мазкур оила ҳам баҳраманд бўлди. Ўтган ой Тошкент вилоятидаги 53 оила қаторида Шодибековлар оиласига ҳам Олмалиқ шаҳридан барча қулайликларга эга бўлган уйлардан бири топширилди.

– Бир пайтлар уйсиз, тайинли бир ишсиз ноилож аҳволда қолган эдик, – дейди Б.Шодибекова. – Буниси ҳам камдек, 2 йил бурун турмуш ўртоғимнинг кўзи кўрмай қолди. Шукрки, аввалига яхшилар кўмагида хўжайинимнинг кўзларини операция қилдирдик. Кўзлари яна кўра бошлади. Ўз уйимда бошимиздан ўтганларни бир-бир хаёлдан ўтказар эканман, Президентимизга кўзларимда ёш билан миннатдорлик билдираман. Юқорида айтганим кинони бир эсланг. У кино, бу эса менинг, оиламнинг ҳаёти. Давлат раҳбари юртда шундай инсонлар бўлиши мумкинлигини билиб, уларни излаб топтириб, уй берса замонавий шароитлари билан! Ахир, бунақаси қайси хориж фильмида бор? Ҳеч қайсида йўқ. Бўлмайди ҳам. Уйимизнинг ёнгинасидан тикувчилик цехи ташкил этилиб, у ерга мени ҳам ишга қабул қилишди. Энди доимий ишим бор. Умиджоннинг хурсандчилигини бир кўрсангиз эди...

Ҳа, айтгандек, Олмалиқ шаҳри қувонч кўз ёшларига чўмган ўша кун Саидвали ва Барно Шодибековлар пойтахтда бўлгани сабабли 2 хонали уй калити Умиджонга топширилди.

Вилоят хотин-қизлар қўмитасидан маълум қилишларича, жорий йил оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган, ногиронлиги, уй-жойга муҳтож бўлган 225 оилага уй бериш режалаштирилган, айни пайтга қадар ана шундай тоифадаги 67 оила уй-жой билан таъминланган. Ушбу тоифадаги аҳолининг қарийб 2 минг нафарига вилоят ва республика тиббий муассасаларида даволаниш учун йўлланмалар тақдим этилган. Шунингдек, 127 ногиронлик аравачаси, 88 тикув машинаси, 1043 телевизор ва бошқа тиббий ҳамда маиший техника берилган.

Тарих гувоҳ, қанча-қанча ташаббусларни ташаббускорларидан бошқа ҳеч ким билмайди. Бугун улар архивларни тўлдириб, чанг босиб ётгани ҳам айни ҳақиқат. Аммо шундай ташаббуслар борки, минглаб, миллионлаб инсонлар тақдирини ўзгартириб юборади, уларни ҳамма қатори ҳаёт қувончларидан баҳраманд этади. Бундай ташаббуслар унутилмайди, унутиб-да бўлмайди.

Президентимизнинг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳам Шодибековлар каби минглаб оилаларга қувонч олиб киргани, уларнинг ушалмасдек туюлган орзуларини ҳақиқатга айлантиргани, Умиджон сингари мурғак қалблар ярасини бутлай олгани билан олис келажакда ҳам аҳамиятини асло йўқотмайди.

Авазбек Худойқулов, ЎзА
3 735