Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.01.2017 17:34 Чоп этиш версияси

Пойтахтимизда аскарлар ва уларнинг ота-оналари учун видеомулоқот ташкил этилди

Пойтахтимизда аскарлар ва уларнинг ота-оналари учун видеомулоқот ташкил этилди Тошкент шаҳар ҳокимлигида Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан “Менинг ўғлим – Ватан ҳимоячиси” мавзуида “Тошкент – Нукус” видеомулоқоти ва “Аскар оналарини шарафлаймиз” деб номланган маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

“Ўзбекистон – мустақил Ватанимиз, миллий армиямиз фахру ғуруримиз!” шиори остида ташкил этилган тадбирларда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида йигитлик бурчини ўтаётган тошкентлик аскарларнинг ота-оналари, пойтахтимиздаги ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган қорақалпоғистонлик аскарлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этди.

Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф.Абдураҳимова ва бошқалар хонадонларимиздаги осудалик, осмонимиз мусаффолиги, бугунги озод ва обод ҳаётимиз, шубҳасиз, миллий армиямизни ислоҳ этиш борасида изчил амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар самараси эканини таъкидлади. Бугун Ватанимизни ҳимоя қилиш ҳар бир йигит учун нафақат конституциявий бурч, балки юксак шон-шараф ишига айланган.

Онлайн мулоқотда аскарлар ота-оналарига барча замонавий шароитларга эга бўлган ҳарбий қисмларда ўз муқаддас бурчини шараф билан ўтаётгани ҳақида сўзлади. Мамлакатимиз мудофаа қудратини янада мустаҳкамлаш, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашга ҳисса қўшаётганидан ғурурланишини таъкидлади.

– Ҳарбий хизматда нафақат жисмоний, балки ақлан, маънан ва руҳан ҳам чиниқдим, – деди қорақалпоғистонлик оддий аскар Серик Мамутов. – Ҳарбий билим ва кўникмаларни пухта ўзлаштиришга, сафдошларимга ҳар томонлама ўрнак бўлишга ҳаракат қиляпман. Экран орқали онам билан суҳбатлашиб, ўзимни янада кучга тўлгандек ҳис қилдим. Бизга бу шароитларни яратиб бергани учун ташкилотчилардан миннатдормиз.

Тадбирда “Ўзбеккино” миллий агентлиги ва “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳамкорлигида тасвирга олинган аскарларнинг оила аъзолари билан суҳбати, уларнинг тиббий кўриги ҳақида видеолавҳа намойиш этилди. Мулоқот давомида ота-оналарнинг ўз жигаргўшаси ҳарбий ҳаёти, уларга яратиб берилган шароитлардан боши кўкка етди.

– Мамлакатимизда ёш авлод мард, жасур, матонатли, мустаҳкам иродали ва Ватанга садоқатли, ўз ҳаётини эл-юрт манфаати учун бахшида қилишга қодир ўғлонлар бўлиб тарбияланаётганига яна бир бор амин бўлдим, – дейди пойтахтлик Гавҳар Муродова. – Ўғлим Элдор ҳарбий хизматда янада улғайибди. У ўз ҳаётини, келажагини мана шу буюк ва муқаддас Ватанимиз равнақи, эл-юртимиз тараққиёти ва фаровонлиги билан уйғун кўришини ишонч ва қатъият билан сўзлаганида қувончдан кўзларимга ёш келди. Эл-юрт ор-номуси ва ғурурини асраш ва юксалтиришни ўз умрининг мазмуни деб билган фарзандлар барпо этган ҳаёт қўрғони доимо мустаҳкам бўлади.

Тадбирда ҳарбий хизмат давомида сафдошларига ўрнак бўлаётган аскарлар, уларнинг ота-оналарига ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди. Халқимиз ардоғидаги шоир ва санъаткорларнинг Ватан, она, тинчлик, мардлик ва жасоратни мадҳ этувчи шеърлари, куй-қўшиқлари йиғилганларга байрамона кайфият улашди.

Дилшод Каримов, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА
2 129






Все о погоде - Pogoda.uz