Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.08.2017 17:30 Чоп этиш версияси

Ишончдан юксак мартаба бўлмас

Тўғриси, ҳар қандай раҳбар учун халқнинг ишончини қозонишдан ортиқ мартаба йўқ. Унинг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди. Бироқ ишончни йўқотиш жуда осон. Агар буни давлат раҳбари мисолида оладиган бўлсак, халқаро ҳаётда бунга мисоллар жуда кўп. Айрим давлатлардаги нотинчликларга халқнинг ишончини йўқотиш сабаб бўлмоқда.

Кейинги бир йилда Ўзбекистонда асосий эътибор халқнинг ишончини қозонишга қаратилди. Бунга сабаб шуки, охирги пайтда бизда бюрократлик (сансалорлик) чирмовиқдек илдиз отиб, жамиятни бўғиб, бошқарув механизмларини ишдан чиқариб, одамларда норозилик кайфиятини кучайтириб бораётган эди. Шу кетишда халқнинг сабр тоқати тугаши аниқ эди. Катта-кичик раҳбарлар эса бу вазиятга кўникиб қолишганди. Биласиз, сансалорлик ҳукм сурган жамиятда ноҳақликлар авж олиб, порахўрлик учун кенг йўл очилади. Порахўрликнинг илдиз отиши давлат ва жамиятни ҳалокат сари етаклайди.

Шавкат Мирзиёев Президент этиб сайлангач, халқнинг ишончини қозониб, ана шу хавф-хатарнинг олдини олиш учун сўзда эмас, амалда астойдил кураш бошлади. Бундай ҳаракат жанг майдонидаги курашга нисбатан ҳам хавфлироқ эди. Чунки жанг майдонида душман кимлигини ва қаёққа қараб отишни биласиз. Бюрократик жамиятни тозалаш учун кураш эса кимнинг қўли баланд келса, шу томонга оғиб кетадиган мунофиқлар қуршовидан ёриб чиқишдай мураккаб ҳолат эди. Мана, бир йилдирки, Шавкат Мирзиёев мунофиқликни ниқоб қилиб олган бюрократлар, қонунбузарлар ва такаббурларга қарши қатъиятлик билан курашиб келяпти. Энг муҳими, ўтган даврда у халқда ҳақиқатга ишонч туғдира олди.

Биринчидан, халқда шикоят қилсак, арз-додимизни айтсак, тинглайдиган жой ва одам бор экан, деган ишонч пайдо бўлди. Бунга осонликча эришилмади, албатта. Бунинг учун юзлаб, минглаб катта-кичик бюрократ тўраларнинг жилови тортилди, паттаси қўлига тегди. Илгари улар қуллуқ қилмасангиз ва чойчақа бермасангиз, ҳақоратлаб қувиб солишарди. Ўзимдан мисол: қаерга нима иш билан бормайин, неварам тенги йигитчалар ва қизчаларнинг "эй, чол", "нега қаққайиб турибсиз", "справка керак бўлса беш кун эмас, ўн кун қатнайсиз" деган муомалаларини кўп марта эшитганман. Худога шукур, бугунги кунда "амаки", "отахон", "мана, маълумотнома тайёр" деган сўзларни эшитаётганимиз ёқимли. Менимча, биз одамларни сарсон-саргардон қилишда нафақат қонун, ҳақ-ҳуқуқ ва тартиб-қоида доирасидан, балки оддий одамгарчилик ва ахлоқ-одоб доирасидан ҳам чиқиб кетгандик. Сабаби – бунинг тагида таъмагирлик ётибди.

Албатта, бюрократликни бутунлай енгдик, деб айтолмаймиз. Бу иллат тешикларнинг орасида яшириниб ётган суваракка ўхшайди. Агар ҳушёр бўлмасак, у яна бош кўтариб, ҳалол луқмамизга чанг солади. Энг муҳими, бизни тинглайдиган жой ва одам борлигига ишончимизни мустаҳкамлаб борайлик.

Иккинчидан, Президентнинг талабчанлиги ва қаттиққўллиги коммунал хизматдек ўта мураккаб соҳада тартиб ўрнатиш имконини берди. Халқдан тушаётган ариза ва шикоятлар бўйича бу соҳа биринчи ўринда туради. Коммунал хизматнинг турли тармоқларида қонунчилик ва тартиб-интизом шу даражада издан чиққанки, кейинги йилларда нима қилишни билмай халқнинг боши қотиб қолган эди. Бунга сабаб шуки, газ, электр энергияси, иссиқ сув, иситиш тармоғи, турар жой ширкати ва бошқа хизматлар бўйича кўчама-кўча, уйма-уй текшириб юрадиган инспекторлар чойчақа берганларга ҳамда уйларига қонунсиз йўл билан газ ва электр ўтказиб олганларга нақд пул эвазига "имтиёз" бериб, улар сарфлаган газ ва электр энергиясини қарзи йўқ одамларга қўшиб ёзиш билан кўзбўямачиликни авж олдириб, ҳалол-пок одамларда норозилик кайфиятини кучайтириб юборишганди. Бундан ташқари, улар қинғир йўллар билан ҳаром пул топишнинг турли ҳийлаларини ўйлаб топишди.

Албатта, инспекторлар бундай қинғирликни туманлардаги ўз раҳбарларининг рухсати ҳамда ҳамтовоқлигида амалга оширишди.

Мен кейинги 15 йилда коммунал хизмат тармоқларидаги бундай аҳвол ва халқнинг асабини эговлаш ҳолатлари ҳақида дахлдор вазирликларга кўп марта мурожаат қилдим, бир неча бор газеталарда жиддий чиқишлар қилдим. Бироқ мени тинглашмади, фақат инспекторлар бироз вақт ўзимни тинч қўйишди, холос. Прокурорлар ва судьялар билан учрашиб, аниқ маълумотлар асосида улар билан гаплашганимдан кейин бу соҳадаги аҳволни тартибга солишга уларнинг ҳам кучлари етмаслигига ишонч ҳосил қилдим.

Ана шундай ўта мураккаб ва чалкаш бир вазиятда Президент Шавкат Мирзиёев бу соҳани ўз назорати остига олди. Алоҳида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ташкил этилди. Эндиликда ҳалол-пок одамларга сохта қарзлар ёзганларнинг, нақд пулга газ ва электр энергияси сотганларнинг, мижозларни чалғитиб довдиратганларнинг, қариялар қарғишига учраганларнинг, шаҳар ва туманлар миқёсида коммунал хизмат тармоқлари бошқарувини қўлга олиб, уларни ҳаром луқма ишлаб чиқарадиган цехларга айлантириб олганларнинг чуви чиқяпти.

Президент коммунал хизмат соҳасини ҳамон ўз назорати остида ушлаб турар экан, демак, бу соҳадаги аҳволни яхшилаш борасида ҳали кўп ишлар қилинади. Аввало, бу соҳага инсоф-диёнатли одамлар зарур.

Учинчидан, Президент ўтган даврда қариялар ва ногиронлар уйларида, руҳий касалликлар шифохонасида, ёлғиз ва ёрдамга муҳтожлар ҳузурида, ишсизлар ва уй-жойга муҳтожлар билан суҳбатда, ташландиқ қишлоқлар ва маҳаллалар ҳудудида бўлиб, ички изтироб ва дард-аламдан, кўнгил чўкканлиги ва эътиборнинг сустлигидан қийналаётганлар руҳиятига мадад берганидан сўнг унга нисбатан халқнинг ишончи янада ортди. Давлат раҳбарига бундан ортиқ мартаба керакмас. Қуруқ раҳматдан савоб яхшироқ. Сохта ҳамду санодан чин кўз ёши афзалроқ. Айниқса, қувонч кўз ёшларини кўриш қалбда бир умр муҳрланиб қолади.

Ўйлаб кўрсам, Тошкентда яшаб, биз кўп нарсани билмас эканмиз. Шавкат Мирзиёев қаерга борса, ўша ердаги аҳволни телеэкранда кўриб ҳайратланяпмиз. Олмалиқда ичимлик суви тугул, техник сув ҳам йўқ экан. Оҳангаронда ювиндисифат сассиқ сув тўрт қават докадан ўтказилиб, сўнг қайнатиб ичилар экан. Мен йигирма йил олдин Ўрта Чирчиқ туманидаги Чиғириқ қишлоғида яшардим. Ўшанда барча кўча ва хонадонларда тоза водопровод суви оқиб турарди. Яқинда борсам, қишлоқдагилар "қаровсизликдан водопровод сувига ҳожатхона оқовалари қўшилиб кетиб, сувсиз қолганимизга ўн йилдан ошди" дейишди. Аслида қишлоқларимизда ва шаҳарларимизда бундай жинояткорона ҳолатлар сон-саноқсиз. Президентнинг бундай ҳолатларга қарши астойдил кураш олиб бораётганлиги халқимизнинг унга бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди.

Тўртинчидан, чамамда илгари баъзан сезилиб-сезилмаган ҳолда қўшниларимиз билан ўртамизда бўлиб турадиган гинахонлик ҳолатлари кейинги бир йилда бутунлай барҳам топди ва ишонч ўзаро муносабатларда мустаҳкам таянч бўлиб қолди. Менимча, Ислом Каримов асос солган яхши қўшничилик ва қардошлик алоқалари бутунлай янги мазмун билан бойиб, дўстона ва очиқ-ойдин тус олди. Бундай ҳолат ҳатто собиқ империяни қўмсайдиган бузғунчи кучларни ҳам лол қолдирди. Бироқ улар пайт пойлашади. Жаҳон сиёсатини кузатиб бораётган шарҳловчи сифатида шуни айтмоқчиманки, нафақат қўшнилар билан муносабатда, балки умуман ташқи сиёсатда Ўзбекистон танлаган йўл оқиллиги ва одиллиги жиҳатидан халқимизнинг истак-хоҳишига ҳамда ишончига мос энг тўғри йўлдир. Чунки ташқи сиёсатда адашиш ёки кимнингдир йўриғига йўрғалаш собиқ иттифоқ таркибидан ажраб чиққан бугунги айрим мустақил давлатлардаги каби нохуш вазиятларни ҳамда ечим топмайдиган муаммоларни келтириб чиқаради.

Бешинчидан, бугунги мураккаб замонда эркинлик ва ошкораликсиз жаҳон ҳамжамиятининг ишончини қозониб бўлмайди. Шавкат Мирзиёев МДҲга аъзо давлатлар раҳбарлари орасида буни биринчилардан бўлиб англаб етган Президент. Албатта, хорижда Ўзбекистон раҳбарининг бундай қадамини ҳайратланиб кутиб олганлар ҳам бўлди.

Марҳамат, юртимиз энди ошкоралик учун очиқ. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти дейсизми, Хьюман Райтс Вотч дейсизми, бошқа халқаро ташкилотлар дейсизми, "Озодлик", "Америка овози", "Би-би-си" радиолари дейсизми, хорижнинг йирик ахборот агентликлари ва бошқа оммавий ахборот воситалари дейсизми, қайсиниси келиб, бизнинг Ташқи ишлар вазирлигимиздан рўйхатдан ўтса, Ўзбекистонда эркин фаолият юритаверади. Яхши томони шундаки, биз, ўзбек журналистлари хорижлик ҳамкасблар билан энди телефонда эмас, юзма-юз ўтириб мулоқот қилаверамиз. Айниқса, менинг қувончим чексиз. Чунки улар билан ким ҳақ, ким ноҳақлиги ҳақида мунозара қилишни яхши кўраман. Ана шунда ҳақиқат ойдинлашади.

Назаримда яқин орада Ўзбекистонда ёпиқ нарсанинг ўзи бўлмайди. Ҳозирнинг ўзида йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни, ноҳақликларни Президентнинг ўзи айтаётган бўлса, нима, биз қараб турамизми?.. Хуллас, Ўзбекистон энди очиқ демократик давлат. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари масаласида йўл очиқ. Бироқ турмуш тарзимизда, диний ақида ва миллий маънавиятда, турли анъана ва урф-одатларга амал қилишда ҳеч қачон миллий қадриятларимиздан чекинмаймиз. Сунъий равишда ўйлаб топилган стандартлар асосида яшашни халқимиз рад этади.

Президент Шавкат Мирзиёев юртимизда тинчликни, хавфсизликни ва миллий тотувликни таъминлашда устози Ислом Каримов бошлаб берган ишни давом эттириб, катта мақсадлар ҳамда улуғвор ишларни халқнинг ишончини қозонишдек юксак мартабага эришиш орқалигина уддалаш мумкинлигини англаган ҳолда ўзгача куч-ғайрат, талабчанлик ва қатъиятлик билан янги-янги имкониятлардан, бошқаришнинг демократик ва халқчил усул-услубларидан самарали фойдаланаётган экан, халқимизнинг унга бўлган ишончи ортиб бораверади.

Иброҳим Норматов,
Ўзбекистон Республикасида хизмат 
кўрсатган журналист.

ЎзА
2 263






Все о погоде - Pogoda.uz