ЎзА Ўзбек

06.08.2018 19:06 Чоп этиш версияси

Ишонч ва масъулият янада самарали меҳнат қилишга ундайди

Ишонч ва масъулият янада самарали меҳнат қилишга ундайди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев, Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов Сурхондарё вилоятида илғор фермерлар, тўрт сектор ва қишлоқ хўжалиги ташкилотлари раҳбарлари, соҳа мутахассислари билан учрашувлар ўтказди.

Музработ туманида бўлиб ўтган тадбирда сенаторлар, Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари, қишлоқ хўжалиги ташкилотлари, Ангор, Термиз ва Музработ туманлари секторлари раҳбарлари, илғор фермерлар, нуронийлар иштирок этди.

Учрашувда Президентимиз раислигида 31 июль куни ғўза ривожини жадаллаштириш, ғалла ўримидан бўшаган майдонларга такрорий экин экиш, аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар учун яратилаётган шароитлар, ғўза ривожи ва уни парваришлашда йўл қўйилаётган камчиликлар хусусида атрофлича сўз юритилди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда бой тажрибага эга воҳанинг иқтисодий салоҳияти таҳлил қилинди.

Йилнинг ўтган даврида воҳа саноатида 37, қишлоқ хўжалигида 30, хизмат кўрсатиш тармоқларида 77 янги лойиҳа ўзлаштирилди. 81 миллион доллар қийматидаги маҳсулот ва хизматлар экспорти амалга оширилди.

6 (1).jpg

Айни пайтда вилоятда мавжуд тўртта йирик енгил саноат корхонаси етиштирилаётган хомашёнинг 20 фоизини қайта ишламоқда. Жорий йилда яна тўртта замонавий енгил саноат ва тўқимачилик корхонасини фойдаланишга топшириш мўлжалланмоқда. Бу борадаги дастурда белгиланган лойиҳаларнинг амалга оширилиши келгусида етиштирилаётган хомашёнинг 81 фоизини ҳудуднинг ўзида қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот сифатида хорижга чиқариш имкониятини кенгайтиради.

Жорий йилда вилоятда пилла ва дон етиштириш режаси ортиғи билан бажарилди. Мева-сабзавот, полиз ва бошқа озиқ-овқат экинларидан салмоқли ҳосил териб-йиғиб олинаётир. Ғалладан бўшаган майдонларнинг бир қисмида такрорий экин парваришланмоқда.

Вилоятда 3 минг 48 фермер хўжалиги 78 минг 500 гектардан ортиқ майдонда маҳаллий иқлимга мос, тезпишар ва серҳосил ғўза навларини парваришламоқда. Бу йил қиш ва баҳор фаслининг мўътадил, ёзнинг меъёридан ортиқ иссиқ келгани воҳа деҳқонларидан тажрибали пахтакорлар маслаҳати асосида иш юритишни, сувни тежаб, оқилона сарфлашни талаб этмоқда. Барча дала юмушлари шу асосда ташкил этилиб, ғўза ниҳоллари бир текис ундириб олинди. Тажрибали деҳқонлар ва мутахассислар тавсияси асосида ниҳоллар парваришига эътибор кучайтирилиб, чопиқ, ягана, культивация, шарбат усулида суғориш ва бошқа агротехник тадбирлар уюшқоқлик билан амалга оширилди.

Мамлакатимиз аграр тармоғини янги босқичда юксалтиришга қаратилаётган эътибор соҳада туб ўзгаришларга сабаб бўлмоқда. Бундай янгиланишлар самараси Сурхондарё вилоятида ҳам кенг намоён бўлаётир. Жумладан, сув тақчиллиги сезилган йилнинг ўтган даврида ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув иншоотларини тозалаш, таъмирлаш ва бошқа ишлар учун 178 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Бу йил илк марта сув насосларидан фойдаланган ҳолда экин майдонларини суғорадиган фермерларнинг электр энергияси харажатларини қоплаб бериш тартиби жорий этилди. Минерал ўғит ва ёқилғи-мойлаш материаллари учун йил бошида белгиланган нархларни барқарор ушлаб туриш йўлга қўйилди. Дон ва пахта харид нархининг кескин оширилгани ҳам фермерларнинг янада кўпроқ меҳнат қилишга қизиқиш ва рағбатини оширди.

Бироқ, учрашувда таъкидландики, айрим ҳудудларда шароит ва имтиёзлардан самарали фойдаланилмаётгани, баъзи мутасаддилар ва фермерлар масъулиятни сезмаётгани сув тақчил йилда пахта ҳосилдорлигини пасайтириш хавфини юзага келтирмоқда. Таҳлилларга кўра, фермер хўжаликлари бир қатор қулайликларга эга 141 комплект эгилувчан пластмасса қувурлардан тўғри фойдаланмаган. Оқибатда сувни зовурларга ташлаб қўйиш, кўллатиб суғориш каби нохуш ҳолатларга дуч келинмоқда. Масалан, жойларда 49 та кўллатиб суғориш, 101 та сувни зовурларга ташлаб, исрофгарчиликка йўл қўйиш, 64 та сувни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолати аниқланган. Шеробод, Қумқўрғон, Термиз, Сариосиё, Шўрчи
туманларида тунги ва шарбат усулида суғориш талаб даражасида ташкил этилмаган. Баъзи ҳудудларда ниҳолларни чанқатиб суғориш ёки ғовлатиб юбориш ўн фоизгача ҳосилнинг нобуд бўлишига олиб келган. Зараркунандаларга қарши курашишда сусткашлик мавжуд.

Тадбирда фермерлар, қишлоқ хўжалиги мутасаддилари ва секторлар раҳбарлари эътибори ҳосилга ҳосил қўшиш ойида йўл қўйилган шу ва бошқа камчиликларни зудлик билан бартараф этишга қаратилди. Сектор раҳбарлари ва илғор фермерларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди.

– Мамлакатимизда фермерларга барча шароит яратилган, – дейди Ангор туманидаги “Раҳима Ангор” фермер хўжалиги раҳбари Х.Бобомуродов. – Масалан, пахтадан мўл ҳосил етиштиришда бир қатор имтиёзлар берилиб, давлат томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Об-ҳаво инжиқ келган бу йилги мавсумда ҳам ҳосилдорликни пасайтирмаслик учун катта ишонч билдирилаётгани зиммамиздаги масъулиятни янада оширади. 330 гектар пахта майдонимиз 10 мартадан зиёд культивация қилинди. Ниҳолларни чилпишга алоҳида эътибор қаратилиб, шарбат усулида тунда суғормоқдамиз. Шу кунларда 16 нафар сувчи тўртинчи сувни бермоқда. Ҳар туп ниҳолда 5-21 тадан кўсак бор. Мазкур учрашувда ютуқ ва йўл қўйилган камчиликларнинг рўй-рост таҳлил қилиниб, ҳосилдорликни ошириш бўйича қимматли тавсиялар берилгани, Президентимиз номидан совғалар улашилгани бизни янада руҳлантирди.

Шеробод туманида Қизириқ ва Шеробод туманлари, Деновда Узун, Олтинсой, Сариосиё ва Денов туманлари, Жарқўрғонда Шўрчи, Жарқўрғон, Қумқўрғон туманлари фермерлари, секторлар ва қишлоқ хўжалиги корхоналари раҳбарлари, нуронийлар билан ҳам ана шундай тадбирлар ташкил этилиб, ютуқ ва муаммолар, ғўза парваришида эълон қилинган зарбдор қирқ кунликни юқори савияда ўтказиш юзасидан белгилаб берилган вазифалар ижроси чуқур таҳлил қилинди. Секторлар раҳбарларининг ҳисоботи эшитилиб, зарур чора-тадбирлар белгиланди. Агротехник тадбирларни сусайтирмаслик ва ҳосилга ҳосил қўшиш бўйича муҳим тавсиялар берилди.

Тадбирларда 150 дан ортиқ илғор фермер ва қишлоқ хўжалиги ходимларига Президентимиз номидан совғалар топширилди.

Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат) ЎзА
6 093